Шоиранинг вафоти кўплаб мухлислари қаторида, адабиёт аҳлини ҳам қайғуга солди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида Турсуной Содиқова ҳақида ёзган бадиасини жойлаштирди.
Турсуной Содиқова ўхшаши йўқ, сўзни топиб айтадиган, кишининг виждонини уйғотадиган, ориятли, мард, андоза қилиб кўрсатса, арзигулик шоира эди. Уни Андижоннинг виждони дейишлари ҳам, бор гап.
Шоиранинг вафоти кўплаб мухлислари қаторида, адабиёт аҳлини ҳам қайғуга солди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида Турсуной Содиқова ҳақида ёзган бадиасини жойлаштирди.
Бирор киши билан дўстлашсангиз, юрагингизда бу дўстликнинг тарихи, албатта, бўлади. Унинг қачон ва қандай бошлангани хотирангизда ҳамиша сақланиб туради. Дўстни кўз эмас қалб кўзи топади. Ҳеч бир таассурот уйғотмаган кишини эса ўзингиз сезмаган ҳолда унутиб юборасиз. Кўнгил салтанатининг бешавқат қонуни – бу!
Турсуной опани илк бора бундан ўттиз йиллар муқаддам телевизорда кўргандим. — Ҳашаматини келтириб гапиришини қара деганди ўшанда онам. “Бундай туваси (туғма талантли демоқчилар) одамлар, гана-ганада(гоҳо-гоҳо) учрайди!
Турсуной опа ҳар сўзни зийнатлаб, маржондай ярақлатиб, ҳар ҳарфни жаранглатиб, ўзи эркаланиб, тингловчиларни эркалатиб, баҳри дилни яйратиб гапиради. Тўғриси биз чўлликларга хос нарса эмас – бу. Биз, гапни аниқ ва дангал айтиб қўя қоламиз. Лекин Турсуной опа фақат чиройли сўзларни гапирмаганди ўшанда, у Қурбонжон додҳонинг мардлиги, жасорати ҳақида гапираётганди, сўзлари исёнкорона руҳи билан қалбимизга сингганди. Мана шу исёнкор руҳ кейинчалик, Турсуной Содиқова ижодининг гултожига айланди. Бу руҳ, гоҳ яширин, гоҳ беркитилган, гоҳ манаман дея, барча асарлари пойдеворидан жой олди. Бу исён, ҳоҳ каттадир – ҳоҳ кичикдир барчани ўзига оҳанграбодек тортди.
Онам бу аёлга нисбатан юрагимда муҳаббат уйғотган, дастлаб онам яхши кўргани учун яхши кўрган, онам муҳаббат уйғотгани учун орадан йиллар ўтиб, ажойиб кунларнинг бирида тақдир тақазоси билан Турсуной опани интервъю олиш учун телевиденияга чорладим. Ўша куни рўй берган воқеа шуни исботлаб бердики, опа фақат минбарда эмас, ҳаётда ҳам жўмард ва жасур инсон экан, бунга ўзим гувоҳ бўлдим ва мен ҳаётда учратган улуғ ниятли мард инсон сифатида опани бир умрга яхши кўриб қолдим.
Опа студияда интервью бераётганда, телевидение раҳбарларидан бири, фалончи бўйи узун шоирни озгина “ёмон”лаб гапириши кераклиги, бу қатъий топшириқлиги, шундай қилинмаса бўлмаслигини айтиб, опанинг рўпарасига ўтириб олди. Опа гапга уста эди. Истаган шоирдан истаганича хато топиши, бўйи узунни узун деб кулиши, калтани калта деб масхаралаши мумкин эди. Айтинг, кимда хато йўқ. Лекин опа гапирмайман деб туриб олди. Шунда, раҳбар опани қулоғига таҳдид билан ниманидир тажоввузкорона пичирлади. Афтидан, “Сиз ҳам қўшилиб йўқ бўлиб кетасиз”, деди. Шунда опа ўрнидан даст туриб, “Йўқ, мен ёлғон гапиролмайман, бировга туҳмат қилолмайман, кўрмаган нарсамга гувоҳлик беролмайман, у шоир билан ҳамкасб бўлсам, эртага кўз – кўзга тушганда, кўзига қандай қарайман, одамлар олдида нима деган одам бўламан, ёлғон сўзлаб мукофот олгандан, шу мукофотни олмаганим бўлсин!”, деди. Раҳбар, студиядан чиқиб кетинг, ишорасини қилди. Ярмигача ёзилган кўрсатув, чалалигича қолиб кетди.
Вазият ташқарида зоҳиран қанчалик аянчли, мағлубиятли бўлмасин, ичкарида ботинан қувончли, зафарли эди. Мен, опани минбарда эмас, минбар ортида ҳам қўрқмас ва жасоратли эканини кўргандим. Бу гувоҳлик менда опага нисбатан катта эҳтиром уйғотди. Опа шуҳратпараст бўлганида, ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўрганида, гапиришни яхши кўрганида, ҳақиқат учун эмас, халқ учун эмас, ўзи учун яшаганида, ўз манфаатини бошқа ҳамманинг манфаатидан устун қўйганида ўша кун минбарни тарк этмаган, тайин турган мукофотдан воз кечиб кетмаган, унинг бу кетиши кейинчалик бошига жуда кўп ғавғоларни бошлаб келмаган ва бу ғавғоларга қарши курашиб, бир неча ойлар, йиллар давомида шифохонада ярим жон хаста ётмаган бўлар эди. Ўша куниёқ унинг ўрнига минбарга чиққан, уялмай-нетмай ёлғон ва туҳматларни қалаштириб, оғзини тўлдириб гапирган, ўзини эркакман деб юрган баъзи ёзувчиларни кўриб, ингроқ ва азобдан кўзига ёш келмаган бўлар эди. Лекин ёлғон гапиролмаслик, бировга туҳмат қилолмаслик опанинг энг катта ютуғи эди. Одамлар опани яхши кўришининг сабаби ҳам шу бўлса керак.
Менинг юрагимда ўша кун уйғонган эҳтиром опа билан яна бир неча бор учрашувимизга сабаб бўлди. Бу учрашувларда айтилган сўзлар баъзан дардлидир, баъзан ибратлидир, баъзан ҳазилнамодир, лекин бари юксак салоҳиятли, виждони пок, халқимизнинг азиз фарзандининг сўзлари бўлгани учун, уларни сизларга гулдаста янглиғ туҳфа этаман.
Турсуной опа онам айтганидай ҳақиқатан туғма шоира. Сўз, опанинг тилига дарёдай мавжланиб бетўхтов қуйилиб келади. Битта воқеага ўн марта изоҳ берса, берган изоҳлари ўн хил гулдастага ўхшайди. Бири-биридан гўзал ва жозибадор, ёқимли ва мафтункор. Алишер Навоий бобомизда шундай сўзлар бор: “Кимнинг миясида иллат кўп бўлса, сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса, гап сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади”.
Кўпгина нотиқлар, воизлар гапни маромига етказиб гапираоладилар-у, айтган сўзларингизни қоғозга тушириб беринг, десангиз, иккита жумлани улолмай, тўқсонта хатога йўл қўядилар. Кесим олдинда, эга ортда қолиб кетади. Не бахтки, Турсуной опанинг ёзганларида равонлик, гўзаллик, жозибадорлик ярқ этиб туради.
Воизлик ҳақида Турсуной опа шундай дегандилар: “Воизнинг юраги булбул, бўғзида оҳанг қайнайди. Воизнинг нутқи юракларни эритувчи бир қўшиқдай: Авжлари титроқли, сўзлари камалак рангли, овоз пардалари қочиримларга бой бўлиши керак. Воиз дафтарга тўпланган ҳужжатлар, китоблардан кўчирилган иқтибослар ёрдамида мавзу ёритиб борувчи нотиқ эмас, минбарда муолажа олиб бораётган табибдир”.
Ўзбекистонда воизлар кўп. Лекин биринчи рақамли воиз, албатта, Турсуной опадир! Бугунги кунда китоби энг кўп чоп этилаётган ва энг кўп ўқилаётган маърифатпарвар аёлларимизнинг биринчи рақамлиси ҳам, албатта, Турсуной опадир!
Опанинг ҳаётимизни ҳар бир жабҳасига нисбатан ўз дунёқараши, ўз фикри, нуқтаи назари бор.
Ҳатто бир кун енгилроқ тамадди қилиб, озгина суҳбатлашиб ўтирамиз деб, ошхонага кирганимизда, ошхона хизматчисини чақириб, чой иссиқ туриши учун чойнаклар устига чиройли қалпоқлар тиктиришни маслаҳат бердилар. “Бу ҳам миллатимизни бир кўрки, миллатимизни бир анъанаси! Миллат мана шундай кичкинагина урф-одатларни аста-секин тиклаб боришдан юксалади”, дедилар. Аминманки, бу ошхонага юзлаб зиёлилар, олимлар кирган, ҳаммаси ҳам шундай қилинса, яхшилигини билади, лекин бирортаси бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмаган, бепарво, лоқайд қараб ўтган, гапирсам бирор нарса ўзгарармайди қабилида иш тутган. Лекин Турсуной опа индамай кетолмас, бунга виждони йўл қўймасди. Кейин бир воқеани гапириб бердилар:
“Яқинда Андижонга Кореядан бир гуруҳ тадбиркорлар келди. Танишим ширкат бошлиғи эди, меҳмонларни кутиб олиш учун чақирди. Кутиб олдик, қуюқ зиёфат бердик. Меҳмонлар, бизга қалампир етказиб берасизлар, сизга ойлик қилиб берамиз, машина берамиз, истаган нарсангизни муҳайё қиламиз, фақат бир шартимиз бор. Шартимиз шуки, қалампир ўн йилдан буён селитра сепилмаган, бутифос сочилмаган жойда экилиши ва униб чиқиши жараёнида бирор химикат ишлатилмаслиги керак, дейишди. Бу тадбиркорларнинг миллатпарварлигини қаранг. Бир қалампирга пахтадан қолган бутифос, селитра аралашмасин деб шунча заҳмат чекишаяпти, бизда ҳозир қовунга селитра солиб, памидорга укол қилиб, бозорда сотаётганлар қанча. Бундай разилликнинг ҳам гуноҳи бор. Қовунни сотиб пулини олсанг-гу, бу пул ҳалол йўл билан топилмаган бўлса, сотган қовунинг пул берган одамларнинг жигарини иширса, ошқозонини касал қилса, албатта, бу пул, селитра солиб, қовунни катта қилган деҳқонга ҳалол эмас. Бу пул билан бола-чақасини боқса, отанинг болага, боланинг отага қилган дуоси ижобат бўлмайди.
Бунинг учун одамда ички виждон, ички руҳий таҳорат бўлиши керак. Жисмоний таҳорат одамнинг фикрини, қалбини тозалай олмайди. Одам ўзи тоза юрса-ю, қилган ишлари тоза бўлмаса, бундан элга нима наф. Бундан у одамнинг ўзига нима наф? Ким Худони алдай олади? Худо ҳар бир ишни кўриб турибди. Гоҳида одамлар ўйлашади, ўз ақлим билан фалон мартабага эришдим. Йўқ, бу мартабага эришиш учун, ўзингизнинг хиссангиз ўн фоиз бўлса, ўтиб кетган ота уруғ, она уруғ авлоднинг Худодан сени омадингни сўраб қилган дуоси тўқсон фоизни ташкил қилади. Дуо – ибодатнинг илигидир. Дуо – одамни Худо билан боғловчи арқондир!”
Турсуной опанинг сўзларини эшитганимда ҳар доим завққа тўламан. Ҳузур қиламан. Опа сўзларини тингловчи қалбига муҳрлайди. Бирор марта бекорчи, кераксиз гапни гапириб эзмалик қилмайди.
Ҳатто бир куни тегажоғлик қилиб, Ҳалима (Худойбердиева) опани кулдиришга уринганларининг тагида ҳам катта ҳикмат ётганини кўрдим. “Истана” машинасида “Бекажон” газетасининг даъвати билан Самарқандга кетаётгандик ўшанда.
– Бунча тиззанг билан туртасан, оёғим узун деб керилаяпсанми? – деди Турсупой опа, Ҳалима опани қитиқ – патига тегиб. – Сал йиғиштириб ўтир мановунингни, нақ биқинимга санчилаяпти.
Ҳалима опа менинг хокисор онамга ўхшарди. Бундай турткилашларга маъсумгина кулиб қараб турар, “Ҳай, индамай ўтирибман-ку, нима қилдим сенга?”, демасди. Аксинча, Турсуной опанинг шўхлигидан, даврани тўлдириб гапиришидан завқи келарди. – Мановини қўлидаги узугини қаранглар, каттакон кемани ўзи, тескари қилиб Сирдарёга туширсак, ҳаммамиз сиғамиз!
Опанинг сўзларидан ҳамма гур-гур куларди. Бу ажойиб, унутилмас лаҳзалар эди. Мен ҳам ҳаётдаги бундай ноёб дақиқаларни абадий янграб туришини истардим.
Ёнимдан фотоаппаратни олиб, даврани суратга ола бошладим. Бироз тўзғиган сочларини йиғишга улгуролмаган Ҳалима опани, кулганда кўзлари қисилиб қоладиган Турсуной опани, юрак-юрагидан ҳузурланиб, яйраб келаётган меҳридарё Меҳринисо Қурбоновани, кулаверганидан кўзлари ёшланган Наргиза Розиқовани, ҳайрат ва муҳаббат билан Турсуной опага қараб турган Ирода Умаровани суратга тушириб қўйдим. Жуда яхши қилган эканман. Кейинчалик чиққан суратларини Турсуной опага бераётганимда, опа жуда мамнун бўлди:
“Раҳмат! Мени Ҳалима билан бирга расмга тушириб, бир умрга бирлаштириб қўйдинг-да, ҳеч бирга тушган томошабоп расмимиз йўқ эди. Биласанми, Ҳалима, Худонинг бизга берган инояти! Юртимизга Сирдарёдай дарёни бизга бериб қандай иноят кўргазган бўлса, адабиётимизга Ҳалимадай шоирани бериб, шундай иноят кўргазди. Ҳалима шеър ёзмайди. Ҳалима қўлига қалам олиб столга ўтирганда, унинг ичидан бошқа Ҳалима пайдо бўлиб, шеър ёза бошлайди. Ҳалиманинг сабр-тоқати бир филнинг катталигидай бор. Юрагининг катталиги бир филнинг катталигидай бор. Уни асрашимиз керак. Ҳозирги кунда Ер юзида аёллар ичида унга тенг келадиган шоира топилмаса керак!”
Турсуной опа адабиётимизни ниҳоятда яхши кўрарди. Вужудида миллионта ҳужайра бўлса, миллионта ҳужайранинг ҳар бирида адабиётга муҳаббат ловуллаб турарди. Бу муҳаббат адабиётимизнинг ҳар бир забардаст вакилига нисбатан алангали, шиддатли, маҳобатли вулқон сингаридир.
Муҳаммад Юсуф ҳақида гапирар экан, бир кун шундай деб қолдилар:
“Муҳаммад Юсуф юрагининг кўзи бор эди, узоқни ва чор атрофни яққол кўрадиган кўзлари бор эди. У ҳамма кўрганни, ҳамма билганни ёзолмасди. Агар ёзса омон қолмаслигини биларди. Муҳаммад Юсуфнинг ичи зардоб бўлиб кетган, ичи қон бўлиб, қон қотиб қолган экан. У ортиқ яшолмай ўлди. Бу дунёга хокисор келди, хокисор кетди. Овозини бир умр бирор одамга кўтариб гапирмабди-я. Шифохонада ётганини эшитиб, кўргани бордим. Эски краватда ётибди. Бошига кир сочиқни танғиб олган. Ёпинган чойшаблари бир аҳволда. Билмадим, ўшанда ростдан шундай эдими, ё мен жигаримни фақат шоҳона матоҳларга раво кўрармидим, ҳар тугул Муҳаммаджонни бундай ночор ҳолатда ётишини истамасдим. Уни еру кўкка қўйишга жой тополмасдим. Кўзимдан дув-дув ёш тўкиларди. Ўзбекнинг бир буюк боласи, шундай ётадими, дўхтирларни чақиринглар, турғизинглар, манаман деганинг, ўзингга ишонганинг борми, бош шифокоринг ким, Соғлиқни сақлаш вазири қаерда, чақиринглар, ўзбекнинг бир буюк боласи ҳимояталаб ётибди, сизлар қаердасизлар, боламни қутқаринглар, миллатнинг боласини қутқаринглар, халқнинг тошбўронига қолмай десанглар, қарасангларчи – деб бақираверибман. Раҳматли Муҳаммаджон: – Йиғламанг опа, энди ўлмайман, энди тузукман, энди олдимдан ажал кетди, – дейди нуқул. – Вой, ажални гапирма, умринг узоқ бўлгур, халқнинг бахтига омон бўлгур! Сен шеъриятнинг бир томонини кўтариб турибсан, шеърият қулаб кетмасин, тоғлар қуласа қуласин, сен қулама, Муҳаммаджон! – деяверибман. – Кўнглим сезган экан, орадан уч-тўрт йил ўтиб, мудҳиш воқеа юз берди. Муҳаммаджон орамиздан кетди!”
Турсуной опа Андижондан Тошкентга келганида қариндош-уруғлариникига меҳмонга бормаса – бормасдики, шоир-ёзувчиларнинг даврасига қалбан интиқ эди.
Ўзи тенгиларни опа-укасидай, ўзидан катталарни ота-онасидай эъзозларди. Ҳол-аҳволини сўрашдан, уйига бориб зиёрат қилишдан завқ олар, меҳри ийиб кетарди.
Бир куни мени отахон ёзувчимиз Саид Аҳмад аканикига етаклаб қолдилар. Оқсоқол уйда эканлар. Таомил бўйича ичкарига аввал мен кирдим. Саид Аҳмад ака краватда чўзилиб ётган эканлар, мени кўрдилар-у, бир қимирлаб қўйдилар ва “кел” дея қўлларини столга ишора қилдилар. Мен, энгашиб, қучоқлашиб кўришдим, салом-алик тугаб, ташқарида Турсуной опа ҳам кирмоқчи бўлиб турибдилар дейишимга улгурмай, опа кириб келдилар. Саид Аҳмад ака ўринларидан силтаниб турмоқчи эди, бўлмади. Лекин барибир ўринларидан турдилар: – Эҳ, ёшлик қурсин-а! –дедилар. – Ҳали ёшсиз, Саид Аҳмад ака, – деди Турсуной опа. – Ёш бўлмасам, ирғишлаб турармидим, – деди Саид Аҳмад ака пинак бузмай, гўё бояги қалтироқларни биров кўрмагандай. Саид Аҳмад ака ўшанда 86 ёшда эди. – Ёзганларингизни мазза қилиб ўқийман-да, жуда зўрсиз! Ҳозир айни етилган, айни кучга тўлган, ҳаммани оғзингизга қаратиб ўтирган пайтингиз. Бугунги ёзганларингиз классикани ўзи! Кўз тегмасин, сизга, Саид Аҳмад ака!
– Мақтовинг бирам ёқаяпти, одамни эритиб юборасан. Лекин шуни айтиб қўяй, мақтовни ёқтириш ҳам, қарилик аломати. Ўзимни ёзганларим ўзимга энди-энди ёқаяпти. Кел, кеча ёзганларимни овоз чиқариб, ўқиб бер. Овозинг бирам жарангдорки, эшитган одам ҳузур қилади. Қани сени овозинг яхшимикин, мени ёзганим!
– Албатта, сизни ёзганларингиз мароқлида, Саид Аҳмад ака! – деди Турсуной опа.
Ўша куни опа алламаҳалгача Саид Аҳмад аканинг асарларини ўқиб ўтирдилар. Ва ўзларининг бу ишидан жуда мамнун бўлдилар.
Турсуной опа устоз деб, айниқса, академик Азиз Қаюмовни кўп тилга олардилар. “Шу инсон адабиётга муҳаббатимни ўн чандон ошириб юборган”, дейдилар.
“Бир куни Азиз Қаюмов дарс ўтиши керак, курсдошларим бари, байрам арафаси бўлса керак, уй-уйига кетиб, бир ўзим қолиб кетдим. Ҳайҳотдай аудиторияда бир ўзим ўтирибман, домла Азиз Қаюмов кириб келдилар. – Болалар қани деб сўрадилар. – Ҳа, ҳозир келиб қолишар, – дедим. Домла дарс бошладилар. Хонада бир ўзим. Мавзу ҳам улуғ. Алишер Навоий шеъриятида ёр ва диёр васфи! Саксон минут бир ўзимга дарс ўтдилар, худди хона лиқ тўла талаба-ю, талабалар жон қулоқларини бериб, эшитиб ўтиргандай, домла шижоат ва кўтаринки руҳ билан жону жаҳонларини бериб гапираяптилар. 80 минут ўтгандан кейин, доскадан юзларини буриб, менга қарадилар-да, бир танаффусга чиқиб, яйрашиб олмаймизми? – дедилар. Мен, хўп, – деб ўрнимдан турдим. Беш дақиқалик танаффусдан кейин, домла яна виқор билан кириб келдилар. Худди, аудитория тўла талаба-ю, худди ўттиз- қирқ чоғли талабага гапиргандай, яна бир ўзимга дарс бошладилар. 80 минут бир дақиқа тўхтамадилар. Бир дақиқага тўхтаб, – Нега курсдошларингиз келмаяпти? – демадилар. Сени бир ўзингга дарс ўтаманми, бор айланиб юравер, – демадилар. Кейин ўйлаб қарасам, домланинг дарс ўтишлари, аввало ўз фанларини севганларидан, ойликни ҳалоллаб олишидан, қолаверса домлада заррача кибр, манманлик йўқлигидан.
Мен, ўшанда бир ўзим, худди мингта одам эшитаётгандай, жон қулоғим билан эшитдим, адабиётга, улуғ олим Азиз Қаюмовга бир умрлик ихлос қолди юрагимда!”
Албатта, бу сўзларни Турсуной опанинг ўзларидан эшитганингизда, бундан ўн чандон гўзалроқ, мароқлироқ, файзлироқ қилиб гапириб берган бўлардилар. Мен эса, опадан эшитганларимни, хаёлимни қайсидир бир четида юрган хотираларни элас- элас эслаб ёзаяпман. Боя айтдим, ёзишдан мақсадим, оташин бир ўзбек фарзандининг ҳароратли сўзлари ўзимда қолиб кетмасин, халқимизнинг маънавий мулки бўлган бу сўзлар, шу пайтгача менда омонат турганди, энди бу омонатни сизга топширмоқдаман. Қолаверса, опага бўлган муҳаббатни менинг юрагимга онам ўрнатган. Опа йиллар давомида, ўнлаб, юзлаб одамлар синиб кетиши мумкин бўлган машаққатли ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. Опани ҳар эслаганимда, Америка Президенти Авраам Линколъннинг сўзлари ёдимга тушаверади. Рақиби Стивен Дуглас АҚШ Сенати учун сайловларда ғалаба қозонганида, Линколън ўз тарафдорларига: “Нафақат битта, балки юзта мағлубиятдан кейин ҳам асло таслим бўлмаслик керак”, деган экан.
Турсуной опанинг орзулари жуда катта эди. У Мустақиллигимизнинг ўз овозига эга жарчиси эди! Ва мана шу йўлда барчани ҳайратга солиб фидойиларча меҳнат қилди. Овозини ўчириб қўйишларига басма-бас, овозини пасайтириб қўйишларига басма-бас, овозини эшитмасликка олганларга басма-бас курашмоқда! Овозини эшитаётганларга, овозини интиқ бўлиб кутаётганларга, овозини тинглаб яшаётганларга дарё-дарё меҳрини улашди, ёрқин тафаккуридан олам-олам зиё тарқатди! Юраги эса ярадор булбул сингари гоҳо ғамгин нола билан, севишга даъват этувчи байтларни эса авж пардаларда тараннум этди. Унинг шиддатига, шижоатига, мардонаворлигига ҳайратда бўлганим учун ушбу бадиани ёздим ва уни бўлиб ўтган бир воқеа билан якунламоқчиман.
Турсуной опани Наманган шаҳрига ижодий учрашувга чақиришди. Беш юз ўриндиқли залга саккиз юз киши йиғилган, одам тирбанд, туришга жой йўқ. Саҳнага тахтиравон қилинган, баланд курсида опа ўтирибди. Бир пайт, учрашув бошланиши олдидан туман ҳокими катта гулдаста кўтариб саҳнага чиқа бошлади. Гулдаста одам бўйи келадиган, кўтариб олган одам олдинни кўролмасди. Хоким зинанинг энг юқорисига келганда яна битта пиллапоя бор деб ўйлади шекилли, илкис қадам ташлаб, саҳнага юз тубан йиқилди. Зал қотиб қолди. Опа шарт ўрнидан турди-да, микрафонни қўлига олиб, “Ўлибманми, Турсуной бўлиб, бир ҳокимни йиқитолмасам, – деб ҳайқирди. Одамлар дастлаб ҳайрон бўлди, кейин қийқириб юборди. Шу орада ҳоким ўзини ўнглаб, у ҳам шиддатли ва чапани йигит экан: – Шундай аёлнинг оёқлари остига йиқилмасам йигит бўлиб бу дунёда нима қилиб юрибман! – деса бўладими. Ана қийқириқ, ана қарсак, зал шодлик ва қувончдан, опанинг топқирлигидану ҳокимнинг уста ва сир бой бермаганидан завқланиб гувранарди.
Турсуной опа! Сиз ҳақиқатан ҳам оёғингизга бош қўйиб йиқилса арзигулик бой маънавий хазинага, олмос каби тоза юракка, Ҳазрат Алининг қиличи янглиғ ўткир тафаккурга эга ҳазрати аёл эдингиз! Сизнинг ёзганларингиз олдида шунинг учун йиқилишга тайёрмизки, сиз кўп йиқилганларни, ҳаёт йўлида қоқилганларни, мулкиб кетганларни, туришга мажоли йўқларни, умиди йўқларни оёққа турғиздингиз, тўғри йўл кўрсатдингиз, равон йўлда юриш илмини ўргатдингиз. Баъзиларнинг белига мадор, қўлтиғига хасса, кўзига нур, онгига тафаккур бўлдингиз. Сиздан сабоқ олиб, ўз ҳаёт йўлини топиб кетганлар, сўзларингизни дилига жо қилиб, ҳаётимизга файз киритаётганлар, маънавий дунёмизга барака олиб келаётганлар қанча... Агар улар кўп бўлмаганида минг-минглаб китобларингиз севиб ўқилармиди, панд-насиҳатларингизни одамлар ўз ҳаётларига тадбиқ этиб, янада гўзалроқ, янада яхшироқ, фазилатлироқ яшаш йўлларини кашф этишармиди... Сизни ўз сирдошларидай, ўз дардкашларидай, ўз оналаридай, ўз сингилларидай яхши кўришармиди?! Биламан, бу ҳақда қанча ёзсам кам. Сизни қанча тарифласам кам. Биламан, юксак истеъдодингизга барибир аниқ баҳо беролмайман. Чунки, Худо сизга истеъдодни одамлар ўлчайдиган ўлчовда эмас, Худо ўз ўлчовида ўлчаб берган. Унинг қанчалиги биз учун сир. Мен, фақат сизга онам берган таъриф билан, таъриф бериб, чекланаман: “Ҳашаматини келтириб гапиришини қара, бундай туваси одамлар гана-ганада учрайди!”