...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сиз борсиз ҳаётбахш, ҳаловатли тонглар отади!


08:50, 14.01.2017 Жамият
 2 424

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан барча оталарни, ака ва укаларни, забардаст ўғлонларни, шунингдек, ҳамкасбларимизни биз – “Qalampir.uz” сайти аёл ижодкорлари муборакбод этамиз.

 
Болалигимдаги бир воқеа мен учун энг азиз хотира бўлиб сақланиб қолган.
 
Дадам ҳарбий учувчи. Хизмат сафарларига тез-тез кетар эдилар. Шунинг учун туғилган кун, ҳатто, байрамларни ҳам баъзида дадамсиз нишонлар эдик. Биринчи мучал куним якшанбага тўғри келди. Дадам бир ҳафта олдин менга: “Қизим, туғилган кунингда сен билан бирга дўконга бориб, энг яхши тортни танлаб оламиз”, деб ваъда бердилар.
 
Жуда хурсанд бўлдим. Лекин туғилган кунимга икки кун қолганида дадамни зудлик билан ўн кунлик хизмат сафарига жўнатишди. Албатта, бу орада мен кутган кун ҳам дадамсиз ўтиши аниқ эди.
 
Туғилган куним якшанба бўлгани учун эрталабгача йиғлайвериб чарчаганимдан ухлаб қолибман. Бир пайт хона эшиги очилиб, у ердан дадам мўралаб турибди: “Турмайсанми, дўконга бориш эсингдан чиқдими?”.
 
Ўшандаги ҳолатимни таърифлашга сўз топиш мушкул. Мен фақат лол эдим. Ахир, қандай қилиб, узоқ давлатга хизмат сафарига кетиб, яна шунча масофани босиб, қисқа вақт ичида қайтиб келиш мумкин?!
 
Ўшанда қанақа торт харид қилганимизу, қандай совғлар олганим сира ёдимда йўқ. Аммо бир нарсани сира унутмайман: январь, қор, йўллар яхмалак. Этигимнинг таг чарми сирпанчиқ учаверганимдан едирилиб кетган эканми, ҳар қадамда сирпаниб, юзтубан тушишимга оз қоларди. Лекин сира йиқилмадим. Чунки бир қўлида торт кўтарган дадам иккинчи қўли билан менинг қўлимдан маҳкам ушлаб олган. Ўша дамда мендан-да бахтиёр одам йўқ эди.
 
Орадан жуда кўп йиллар ўтди. Ҳар туғилган кунимда ўша воқеани эслайман. Турмуш қурдим, она бўлдим лекин ҳамон дадамнинг илиқ кафтини ҳис этаман. Бу узундан узоқ умр йўлларида туртиниб, адашмаслигим, сирпаниб йиқилмаслигим учун дадам доим қўлларимдан тутиб тургандек, гўё. 
 
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан барча оталарни, ака ва укаларни, забардаст ўғлонларни, шунингдек, ҳамкасбларимизни биз – “Qalampir.uz” сайти аёл ижодкорлари муборакбод этамиз.
 
Сиз борсиз биз аёллар, фарзандлар, кексалар ўзимизни бехавотир ҳис этамиз. Сиз борсиз ҳаётбахш ҳаловатли тонглар отади! Сиз борсиз турмушимиз фаровон ва тинч! Сиз борсиз Ватанимиз сарҳадлари мустаҳкам!
Муҳайё Саидова

Теглар:Ҳарбийлар Ватан ҳимоячилари куни Байрам табриги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар