...
МЕНЮ
ONLINE TV

Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда


09:58, 12.12.2018 Жамият
 5 408

Аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда, ўртада трамвай изи бўлмаса йўлнинг чап томонида ҳам тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидагича:
 
1. 6-бандга қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши қўшилади:
 
“Майсазор (яшил ҳудуд) – қатнов қисми ёки тротуарга туташган дарахт ёки бошқа ўсимликлар экилган ёҳуд сунъий яшил қоплама билан қопланган ҳудуд.”;
 
41-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“Светофор (реверсивдан ташқари)нинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида (бунда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кемаслиги керак), бундай чизиқ бўлмаганда эса:”;
 
78-банднинг иккинчи хатбошисида “тезлигини оширишга” деган сўзлардан кейин “ва пасайтиришга” деган сўзлар қўшилади;
 
88-бандда биринчи ва иккинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“Транспорт воситаларига йўлнинг ўнг томонидаги йўл ёқасининг имкон қадар четида, у бўлмаганда эса қатнов қисмининг имкон қадар четида ва ушбу Қоидаларнинг 89-бандида кўрсатилган ҳолларда тротуарда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.
 
Аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда, ўртада трамвай изи бўлмаса йўлнинг чап томонида ҳам тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади.”;
 
89-банд биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“Транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисми четига параллел ҳолда бир қатор қилиб, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.”;
 
91-бандга қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши қўшилади:
 
“майсазор (яшил ҳудуд) билан банд қилинган ҳудудларда.”;
 
98-бандга қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилади:
 
“Айланма ҳаракатланиш жойида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан имтиёзга эга.”;
 
138-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт.”;
 
162-бандга қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилади:
 
“қурилиш материалларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни очиқ автотранспорт воситаларида ташишда юкни мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан қопласа;”;
 
164-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“Ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юкларни ташишда габарит ўлчамлари юкли ёки юксиз ҳолда эни бўйича 2,55 (рефрижераторлар ва изотермик кузовлар учун 2,6) метрдан ва баландлиги бўйича йўл сатҳидан 4 метрдан, узунлиги бўйича якка автотранспорт воситаси 12 метрдан, тиркама 12 метрдан, яримтиркамали автопоезд 20 метрдан, тиркамали автопоезд 20 метрдан ортиқ бўлган ёхуд юки транспорт воситасининг олди ва орқа нуқтасидан 2 метрдан ортиқ чиқиб турган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши белгиланган тартибда ДЙҲХХ билан келишилган бўлиши керак.”;
 
168-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“рулни ушламасдан ва бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно).”;
 
2. Йўл ҳаракати қоидаларининг 1-иловасида:
 
“Огоҳлантирувчи белгилар” 1-бўлимига:
 
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
 
“1.3. «Диққат, темир йўл кесишмасини тўсувчи қурилма». Ушбу йўл белги тўсувчи қурилма билан жиҳозланган темир йўл кесишмаларига етмасдан ўрнатилади. Олдинда тўсувчи қурилма борлиги ҳақида транспорт воситалари ҳайдовчиларини огоҳлантиради”;
 
тўртинчи – ўттиз тўртинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи – ўттиз бешинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
қуйидаги мазмундаги ўттиз олтинчи хатбоши қўшилади:
 
“1.31. “Сунъий йўл нотекислиги”. Йўлнинг сунъий нотекислик ўрнатилган қисмига яқинлашаётганлигини билдиради, транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлигини мажбурий тарзда камайтириш учун қўлланилади.”;
 
ўттиз бешинчи – ўттиз олтинчи хатбошилар тегишли равишда ўттиз еттинчи – ўттиз саккизинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
қуйидаги мазмундаги ўттиз тўққизинчи хатбоши қўшилади:
 
“1.32. “Тирбандлик”. Ушбу йўл белгиси вақтинчалик ёки тасвири ўзгарадиган ҳолатда тирбандлик ҳосил бўлган йўл ёки чорраҳага кириш олдидан йўлни ёки чорраҳани айланиб ўтиш имконияти бўлган жойга  ўрнатилади.”;   
 
ўттиз еттинчи – қирқ биринчи хатбошилар тегишли равишда қирқинчи – қирқ тўртинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
қирқинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“1.1, 1.2, 1.5 - 1.32 огоҳлантирувчи белгилари аҳоли пунктларида хавфли жойдан 50 - 100 метр, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 - 300 метр олдин ўрнатилади. Зарурият бўлганда бу белгилар 7.1.1 қўшимча-ахборот белгисида кўрсатилган бошқа масофада ҳам ўрнатилиши мумкин.”;
 
қирқ учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
“1.3, 1.3.1 ва 1.3.2 белгилари бевосита темир йўл кесишмасининг олдига ўрнатилади.”;
 
“Тақиқловчи белгилар” 3-бўлимига:
 
қуйидаги мазмундаги ўттиз олтинчи – ўттиз саккизинчи хатбошилари қўшилади:
 
“3.32. “Хавфли юк ташиётган транспорт воситасининг ҳаракати тақиқланган”.
 
3.33. “Портловчи ва тез алангаланувчи юкни ташиётган транспорт воситасининг ҳаракати тақиқланган”.
 
3.27 белгисининг енгил йўналишсиз такси транспорт воситалари ҳайдовчиларига йўловчи ва юкларни тушуриш ва чиқариш пайтида дахли йўқ.”;
 
ўттиз олтинчи – қирқ саккизинчи хатбошилар тегишли равишда ўттиз саккизинчи – эллигинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
“Буюрувчи белгилар” 4-бўлимига:
 
қуйидаги мазмундаги ўн саккизинчи – йигирма учинчи хатбошилар қўшилсин:
 
“4.6.1. «Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлак”.
 
4.6.2. “Пиёдалар ва велосипедчиларнинг биргаликдаги ҳаракати ташкил этилган йўлакнинг охири”.
 
4.6.3. “Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак”. 1.1, 1.25 ва 1.26 йўл ётиқ чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.
 
4.6.4. “Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири”.
 
4.6.5. “Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлак”. 1.1, 1.25 ва 1.26 йўл ётиқ чизиғи ёрдамида, конструктив тарзда ёхуд бошқа усулда пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати ажратилган пиёдалар ва велосипедчилар йўлаги.
 
4.6.6. “Пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаракати алоҳида ташкил этилган йўлакнинг охири.”;
 
ўн саккизинчи – ўн тўққизинчи хатбошилар тегишли равишда йигирма тўртинчи – йигирма бешинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
қуйидаги мазмундаги йигирма олтинчи хатбоши қўшилади:
 
“4.9.1, 4.9.2 ва 4.9.3 “Хавфли юк ташиётган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши”. Хавфли юк таниқли белгиси билан жиҳозланган транспорт воситаларининг ҳаракатига йўл белгисида кўрсатилган йўналишларда рухсат берилади: 4.9.1 - тўғрига, 4.9.2 - чапга, 4.9.3 - ўнгга.”;
 
“Ахборот-кўрсатгич белгилари” 5-бўлимига:
 
қуйидаги мазмундаги олтмишинчи – олтмиш учинчи хатбошилари қўшилади:
 
“5.42.”Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш”. Транспорт светофори қизил чироғининг ўнг ёнига 5.42 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, транспорт воситаларининг ҳайдовчилари светофорнинг тақиқловчи ишораси ёниб турганида барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўнгга бурилишлари мумкин. Бунда улар ҳаракат йўналиши бўйича ва бурилаётган кўчани кесиб ўтаётган пиёдаларга ҳамда бошқа транспорт воситаларига йўл беришлари шарт;
 
5.43. “Радар”. Кўча ва йўлларда автомобиль ҳайдовчилари томонидан белгиланган тезликка риоя этилишини “радар”лар томонидан назорат қилинаётганлигини билдирувчи ахборот-кўрсатгич йўл белгиси. Ушбу йўл белгисини белгиланган ҳараткатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт;
 
5.44. “Велосипедчилар учун йўлак”. Йўл белгиси қайси ҳаракат бўлаги устига ўрнатилган бўлса ўша ҳаракат бўлагига таъсир қилади. Йўлнинг ўнг томонига ўрнатилган йўл белгиси ўнг бўлакка таъсир қилади;
 
5.45. “Велосипедчилар учун йўлакнинг охири”.”;
 
олтмишинчи – олтмиш иккинчи хатбошилар тегишли равишда олтмиш тўртинчи – олтмиш олтинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
“Сервис белгилари” 6-бўлимига:
 
қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи – ўн олтинчи хатбошилари қўшилади:
 
“6.13. “Халқаро автоташувчиларнинг назорат пункти”.
 
          6.14. “Хожатхона”.
 
          6.15. “Чиқинди ташлаш жойи”.”;
 
“Қўшимча ахборот белгилари” 7-бўлим:
 
ўн иккинчи хатбошисидаги “7.4.7” рақами “7.4.8” рақами билан алмаштирилади;
 
қуйидаги мазмундаги ўттиз учинчи – ўттиз бешинчи хатбошилари қўшилади:
 
“7.20 “Хавфли юк синфи”. Хавфли юк синфи (синфлари) рақамини кўрсатади.
 
7.21 “Эвакуатор ишламоқда”. 3.27-3.30 йўл белгилари таъсир оралиғида тўхтаган транспорт воситаларини мажбурий эвакуация қилинишини кўрсатади.
 
7.22.1, 7.22.2 ва 7.22.3 “Тўсиқ”. Ҳайдовчиларга тўсиқни узоқдан кўринишини таъминлаш мақсадида ўрнатилади. Тўсиқни ва уни айланиб ўтиш йўналишини билдиради. 4.2.1-4.2.3 йўл белгилари билан биргаликда қўлланилади.”;
 
ўттиз учинчи – ўттиз тўртинчи хатбошилар тегишли равишда ўттиз олтинчи – ўттиз саккизинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 
3. Йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасида:
 
“Ётиқ чизиқлар” 1-бўлимида:
 
ўн олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
“1.14.1, 1.14.2 (зебра) – тартибга солинган ва солинмаган пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди”;
 
йигирма саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
 
“1.18 - чорраҳада бўлаклар бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатади. 5.8.1, 5.8.2 белгилари билан қўлланилиши мумкин; охири берк йўл тасвирланган чизиқ, шу йўналишдаги ён томонда жойлашган қатнов қисмига бурилиш тақиқланганлигини кўрсатиш учун чизилади; четки чап бўлакдан чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич шу бўлакдан қайрилишга ҳам рухсат беради”;
 
қуйидаги мазмундаги йигирма тўққизинчи – ўттиз учинчи хатбошилари қўшилсин:
 
“1.25 “Пиёдалар йўлкасини ёки пиёдалар ва велосипедчилар биргаликда ҳаракатланиши мўлжалланган йўлканинг пиёдалар учун мўлжалланган қисмини билдиради”;
 
1.26 “Велосипед йўлкасини ёки велосипед ҳаракатланиши учун мўлжалланган тасмани билдиради”;
 
1.27 “Огоҳлантирувчи йўл белгиларини такрорловчи йўл чизиғи”;
 
1.28 “Тақиқловчи йўл белгиларини такрорловчи йўл чизиғи”;
 
1.29 “Сунъий йўл нотекислигини билдирувчи йўл чизиғи”;
 
йигирма тўққизинчи – ўттиз бешинчи  хатбошилар тегишли равишда ўттиз тўртинчи – қирқинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
 

Теглар:Йўл ҳаракати қоидалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар