...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ё чакка, ё пукка: Машҳурлар билан боғлиқ омадли ва омадсиз пластик операциялар


12:29, 25.06.2016 Саломатлик
 15 404

Бугунги кунда пластик жарроҳларнинг жабрдийдасига айланган кўплаб юлдузлар ўз кўринишларидан норози эканликларини айтишмоқда.

Бугунги кунда пластик жарроҳлик амалиёти кун сайин ривожланиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Охирги 10 йил ичида дунё миқиёсида пластик операциялар сони кескин ошиб кетди. Бу борада аниқ рақамларга эга бўлган статистик маълумотларни келтириш жуда қийин. Чунки, бугунги кунда оилали аёллар ҳам турмуш ўртоғидан танасида пластик жарроҳлик столига ётганини сир тутади. Бунинг асосий сабаби, биз билган ва таниган машҳур инсонларнинг уларга ўрнак бўлаётганидадир. Ахир глянц журналларида, турли реклама роликларида пайдо бўладиган чеҳранинг кўриниши,уйда ёки ишда,оила ташвишлари билан юрадиган аёлларникидан мутлақо фарқ қилади, шундай эмасми? Бизку айни вақтда оилали аёллар ҳақида гапираяпмиз, аммо бугун нафақат оила қурган, балки ҳали ҳаёт остонасига қадам қўймаган, турмуш кўрмаган қизлар ҳам ўз қомати ёки кўринишидан қониқмагани учун тиғ тагига ётаётганини нима деб изоҳлаш мумкин?
 
Ривожланиш, тараққиёт мамлакатдаги кўплаб соҳалардаги ютуқларга  сабаб бўлади. Бироқ, юқорида айтиб ўтганимиздек, оддий одамлар ва машҳурлар орасида пластик жарроҳликка бўлган талаб ҳам тобора кучайиб бормоқда. Эътибор қилинг, оддий одамлар орасида бунга талаб кучли, эҳтиёж эмас. Талаб эса қизиқиш ва мухлисликнинг ортидан келиб чиқяпти.
 
Одатда қайсидир сабаб билан жароҳат олган, куйган, касалликдан сўнг танаси ёки юзида доғ қолган,кўкрак саратонига чалиниб, бир кўкрагидан айрилган аёллар пластик жарроҳларга мурожаат қилишарди. Ҳозирги кунда эса кўриниши, қоматидан қониқмаган ҳар қандай инсон, гарчи бунга эҳтиёж бўлмасада, пластик операция қилдириши мумкин бўлиб қолди. Ташқаридан бу худди китобий гапдек туюлиши мумкин, аммо биз айтаётган пластик жарроҳлик оламининг ичига кирсангиз, у ерда қандай даҳшатли ҳодисалар рўй бераётганини кўрасиз.
 
Пластик жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишга қарор қилар экан у хоҳ оддий одам бўлсин, хоҳ машҳур инсон бўлсин операция юқори савияда, профессионал жарроҳ томонидан амалга оширилишини истайди. Чунки бунга кишида аввало катта маблағ, истак, куч ва сабр бўлиши керак. Агар операция учун катта миқдордаги тўловни тўласангизу, “Ўз кўринишим ҳозиргидан яхши анча эди”, деган фикрга келсангиз, бундан ёмони бўлмаса керак. Бироқ машҳурлар орасида профессионал шифокорлар томонидан бир неча марта муваффақиятли пластик операциялар амалга оширилганидан кейин ҳам, ўз кўринишидан қониқмай, такрор ва такрор тиғ тагига ётадиганлари жуда кўп учрайди. Уларнинг операциядан олдинги кўриниши билан ҳозиргисини солиштириш жуда қийин. Ҳозир уларнинг кўринишини шунчаки ёқимсиз дейишнинг ўзи етмайди, улар даҳшатли кўринишга келиб қолишган.
 
Эътиборингизга сиз билган машҳур инсонлар билан боғлиқ пластик жарроҳлик амалиётлари ҳақида маълумотларни тақдим этамиз. Б таниқли кишиларнинг аксарияти ҳозирги вақтда ўз кўринишидан норози. Улар орасида ташқи кўринишидан қониқмай, қайта ва қайта операция столига ётганлар, нопрофессионал пластик жарроҳларнинг хатолари, нотўғри муолажаларидан жабр кўрганлар талайгина.
 
Микки Рурк


 
Машҳур актёрлар орасида омадсиз пластик жарроҳлик туфайли кўриниши буткул ўзгариб кетган Микки Рурк бугун ўз кўринишидан норози бўлса ажаб эмас. Бир вақтлар у аёлларнинг  охириги йўқ муҳаббат изҳорларига кўмилиб кетган кўркам йигит эди. Актёр бокс билан шуғулланган. Унинг сўзларига кўра, бокс тушиш вақтида олган жароҳатларини бироз бўлсада яшириш мақсадида у жарроҳлик столига ётган. 2012 йили Микки Руркнинг юз қисми устида пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шундан кейин у жуда-жуда озиб кетди.
 
Донателла Версаче


 
Ўз даврининг ёш, гўзал ва бадавлат аёлларидан бўлган Донателла Версаче саноқсиз пластик операцияларини бошдан кечирган. Кўкракни катталаштириш борасидаги пластик жарроҳлик амалиётлари омадли бўлмаган бўлса, бурни ва лаблари устида ўтказилган операцияларнинг сонини санаб адоғига етиб бўлмайди. Унинг аввалги кўриниши, бугунгидан мутлақо фарқ қилади. Хорижий ОАВлар ўртасида “Донателла Версаче дизайн соҳасида жуда катта билимга эга экану, пластик жарроҳлик борасида ҳеч нарсага ақли етмас экан” қабилидаги гаплар ҳам тарқалган. Юзини силлиқлаштиргани эса, уни кўпроқ инсон эмас, қўрқинчли қўғирчоққа ўхшаб қолишига олиб келган.
 
Мег Райан


 
Машҳурлар орасида кимнингдир эътиборини тортиш учун бундай жиддий қадамни қўядиганлар кўп. Аммо айнан Мег Райан бунга эҳтиёжманд эмасди. Кўплаб мухлислари, севимли инсони ёнида бўлган актрисанинг ўзига ёқмай қолгани тушунарсиз. Гарчи пластик жарроҳликдан сўнг мухлисларнинг аксарияти унинг кўриниши мутлақо ўзгарганини таъкидалаётган бўлсада, Мегнинг ўзига амалиётдан кейинги кўриниши маъқул келган.
 
Жоселин Вильденштейн
 


Жоселин Вильденштейн турмуш ўртоғи билан келиб чиққан муаммолардан кейин, уни қайтариш учун кўплаб пластик жарроҳлик амалиётларини бошдан ўтказди. Маълумотларга кўра, у ўзи ҳам сонидан адашиб кетган операциялари учун 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни сарф этган. Жоселин Вильденштейнга ОАВ вакиллари “Мушук аёл” дея ном бериши ҳам бежиз эмас.
 
Майкл Жексон


 
Афсонавий Майкл Жексон онадан қора танли бўлиб туғилганини ҳаммамиз биламиз. У вафот этганида Майклнинг танасини ёриб кўрган энг профессионал патологоанатомлар ҳам ҳайратда қолишди. Хонанда энг камида 13та турли пластик жарроҳлик амалиётларини бошдан ўтказган. Унинг баданида ушбу операцияларнинг чандиқлари бор эди. Бир неча йил давомида ҳар куни 3 марта Майклга махсус инъекция қилинган. У кам овқат истеъмол қиларди. Шу сабабли сочлари тўкилиб кетганди. Сиз ва биз кўрган силлиқ ва майин соч парик эди. Ўлимидан бир неча йил олдин бурнининг бир қисми тўкилиб тушди. Шифокорларнинг таъкидлашларига Майкл ўзидан қониқмаслик билан боғлиқ бўлган руҳий хасталикка чалинган эди.
 
Рене Зельвегер



Рене бошдан ўтказган пластик жарроҳликлардан сўнг, 2014 йил қизил гиламга чиққан актрисани мухлислари танимади. Рене пластик жарроҳлик амалиётидан фойдаланганини тан олмади. У ўз кўринишини озиши ва ёшининг кичик эмаслиги билан изоҳлайди.
 
Мадонна

 
Мадонна миллионлаб мухлислар эътиборида бўлиб келган. Очиқ-сочиқ либосларни кийишда ҳам унга тенг келадигани топилмаса керак. Унинг йиллар давомида тушган суратлари орқали хонанданинг ташқи кўриниши ўзгармаётганини кўриш мумкин. Ўзингиз сезиб турганингиздек, бу пластик жарроҳликнинг “каромат”и. У ҳам кўплаб Голливуд юлдузлари қаторида пластик жарроҳликка мурожаат қилганини тан олмайди.
 
Мелани Гриффит


 
2014 йил Мелани Гриффит турмуш ўртоғи, маҳоратли актёр Антонио Бандерас билан ажрашди. Айтишларига қараганда, Мелани Антониони қизиқтирмай қўйгани учун ҳам улар ўртасидаги ришталар узилган. Шу билан бирга, актёр Меланига пластик жарроҳлардан нарироқда юришни талаб қилган. Бироқ турмуш ўртоғининг сўзларига қулоқ солмай, бир неча бор пластик операцияларни бошдан кечирган Меланининг кўриниши бутунлай ўзгариб кетди ва унинг аввалги чиройидан асар ҳам қолмади. Бошқача қилиб айтганда, унинг лаблари, ҳатто, гапирганида ҳам базўр қимирлайдиган ҳолатга келиб қолди.
 
Жоан Риверз


 
Бугун бу аёлни кўрган киши, унинг қачонлардир гўзал, мафтункор аёл бўлганига ишонгиси келмайди. Унинг юз ва тана қисмида амалга оширилган кўплаб пластик операциялар нафақат уни ёш кўрсата олмади, балки бор гўзаллигини ҳам йўққа чиқарди. Албатта, бу борада Жоандан ҳам кўра омадсиз инсонлар жуда кўп. Аммо Жоаннинг ҳозирги кўринишини ҳам ижобий деб бўлмайди.
 
Ума Турман



Мутахассисларнинг фикрича, Ума Турман кўзлари остидаги халтачаларни йўқ қилиш, юз терисини торттириш каби қатор пластик операцияларни бошдан ўтказган. Шу йўл билан у ёшига нисбатан ёшроқ кўринишга эришган. Бироқ орадан кўп ўтмай, йиллар барибир ўз ишини кўрсатади.
 
Сильвестр Сталлоне


 
Таниқли актёр Сильвестр Сталлоне доимий равишда пластик жарроҳларга мурожаат қилар экан. Айтишларича, актёр “шалвираб” қолган терини олдириб ташлаш жараёнини яхши кўрар экан. Шундай муолажалар бир неча марта амалга оширилгач, ботокс қилинди. Кейин эса Сталлоненинг юзи шиша бошлади ва шакли ўзгарди. Бироқ актёр бундан асло хавотирланмаяпти. У ҳамон ботокс қилишда давом этмоқда.
 
Жаклин Сталлоне


 
Сильвестр Сталлоненинг онаси Жаклин Сталлоненинг ҳолатига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Маълумотларга кўра, Жаклин ёш кўриниш истагида гўзаллигини қурбон қилган ва ўнлаб пластик жарроҳлик амалиётларини бошдан ўтказган. Бугунги кунда унинг кўриниши мульфильмлардаги қўрқинчли ялмоғиз кампирларнинг кўринишидан фарқ қилмайди. Қошлари икки тарафда, кўзлари олайган, лаблари эса балиқникидек, ташқарига чиқиб қолган ва ҳоказо.
 
Кенни Рожерс


 
Хонанда Кенни Рожерс пластик жарроҳлик билан узоқ вақт ўйин қилди, охир-оқибат мағлуб бўлди. “Мен хурсанд эмасман. Кўринишим ҳақидаги ўйлар менни жинни қилаёзди”, дейди у 2006 йили “People” журналига берган интервьюсида. Ўшанда у омадсиз кечган лифтинг пластик жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганди.
 
Барри Манилоу


 
Хонанда Барри Манилоу илк бор 2003 йили пластик жарроҳлик операциясини қилдирган. Иккинчи бор эса 2005, учинчи бор 2006 йил ботокс инъекцияси билан бирга тиғ тагига ётган. Шунингдек , яноқларига имплантант қўйдирган, бундан ташқари териси устида лазерли ва кимёвий пилингни амалга оширган.
 
Шифокорларнинг сўзларига кўра, агар пластик жарроҳлик амалиётига мурожаат қилаётган кишилар 10-15 ёшга ёшроқ кўринишни истасалар, муваффақиятли операцияни амалга ошириш мумкин. Бироқ бемор 25-30-40 ёшга ёшаришни истаса, юз териси ўзининг табиий кўринишини, шаклини йўқотади.
 
Женнифер Грей


 
Таниқли инсонлар орасида Женнифер Грей қилдирган ринопластика (бурун устида амалга ошириладиган пластик жарроҳлик) инсон кўринишини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкинлигининг яққол исботидир. Бурун соҳасидаги букричани олдириб ташлаган Грей ёш болага ўхшаб қолгани ҳақида ОАВ ҳам жар солганди. Жулия Робертс, Синди Кроуфордлар ҳам айнан шундай пластик жарроҳликни бошдан ўтказишган.
 
Кэррот Топ


              
Кўриб турганингиздек, Кэррот Топнинг ҳам кўриниши мультфильм қаҳрамонини эслатади. Унинг йиллар давомида саноқсиз пластик операцияларни бошдан ўтказгани кўриниб турибди. Кўзлари устидаги терининг ҳам алмаштирилган ёки торттирилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
 
Присцилла Пресли


 
Машҳур поп юлдузи Элвис Преслининг собиқ ва ягона рафиқаси Присцилла Пресли ҳам пластик жарроҳларга бир неча бор мурожаат қилган юлдузлар сирасига киради. Қизиқ, агар унинг отаси Элвис, қизини шу ҳолатда кўрганида, нима деган бўларди? Маълумотларга кўра, бир неча йил аввал Присцилла яноқларига селикон инъекцияларини қилдирган. Бундан кўзланган мақсад яноқларнинг шишиб, бироз бўртиб туришига эришишдир. Табиийки, Присцилла бу билан чегараланмаган ҳолда ботоксдан ҳам “самарали” фойдаланган. Натижада унинг юзи ари чақиб, шишиб кетган инсонни эслатадиган кўринишга келиб қолган.
 
Николь Кидман


 
Николь Кидман қаришни истамайдиган Голливуд юлдузларидан. Бунинг учун у  юз пластикаси ва ботоксдан фойдаланади. Бир неча бор ўтказилган шундай операциялардан кейин мимика мушаклари деярли қимирламай қолди. Бошқача қилиб айтганда, унинг юз тузилиши ўзгариб, аста-секин шиша бошлади. Ёшартирувчи муолажалардан кўп фойдаланиши сабабли Николнинг юзи тортилиб, ялтираб кетган. У бу камчиликни қалин тональ креми билан беркитишга уринади.
 
Брэд Питт


 
Мутахассисларнинг фикрларича, Брэд Питт ҳам пластик жарроҳлар хизматидан бир неча бор фойдаланган, юз қисмида ёшартирувчи муолажаларни амалга оширган. Бироқ актёрнинг ўзи буни рад этади. Масалан, Питт кино экранларида илк бор кўринган вақтларда қулоқларининг шакли бошқача эди. Бундан ташқари, пластик жарроҳлар актёрнинг бурни устида ҳам анчагина “тер тўкишган”. Брэднинг ёшликдаги ва бугунги кундаги суратларини солиштирсангиз, гап нима ҳақида бораётганини дарров англайсиз.  Олимлар бурун ҳеч қачон ўсишдан тўхтамаслиги ҳақида гапираётган бир вақтда, Питтнинг бурни кичиклашиб кетяпти.
 
Алсу


 
Россиялик юлдузлар орасида Алсу ҳам Голливуд юлдузларидан қолишмаган ҳолда пластик жарроҳлар хизматидан фойдаланган. Маълумотларга кўра, Алсу 21 ёшида кўкракларини катталаштириш (маммопластика) бўйича пластик операцияни бошдан ўтказган. Бундан кейин эса жағининг етишмаётган қисмларини тўлдириш бўйича операция қилдирган. Бунда хонанданинг оғиз қисмига сунъий имплантантлар ўрнатилган ва шу йўл билан бир неча кичик операциялар ўтказилган. Алсу бунга “чиройли кулгу” соҳибаси бўлиш учун розилик билдирган. Бурнидаги букричани ҳам олдирган.
 
Сергей Зверев


 
Ёшлигида ёқимтойгина йигит бўлган Сергей Зверевнинг ҳозирги кўриниши кўпроқ қўғирчоқни эслатади. Эркак кишига хос бўлмаган лаблар, юз терисининг бу қадар силлиқлиги уни ўзига хос қилиб кўрсатади. “Гламур қироли” деб ном олган Сергей Зверев юз қисмини бутунлай ўзгартирган, десак муболаға бўлмайди.
 
Дима Билан


 
Дима Билан интервьюларининг бирида нафас етишмаслиги билан боғлиқ муаммо сабабли операция столига ётишига тўғри келганини айтганди. Хонанда ушбу операция нафас йўллари билан бирга унинг овозига ҳам таъсир этаётган мумаммони бартараф этиш итаганини таъкидлаганди.
 
Бу пластик жарроҳлик ҳақидаги илк мақоламиз. Унинг давоми сифатида, кейинги мақолаларимизда биз пластик жарроҳлик турлари, нархлари ва ўзбек шоу-бизнеси юлдузлари орасида кимлар пластик жарроҳ хизматидан фойдалангани ҳақида маълумот берамиз. Бизни кузатишда давом этинг!
Умида Якубова

Теглар:Пластик жарроҳлик амалиёти Машҳурлар Голливуд Россия Тиббиёт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

somebody
17:15 22.07.2016

эх табийликдан коймасин



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!