Пиёзнинг “Кулиб турувчи шар” номини олган янги нави баҳоси тахминан 4,3 АҚШ долларига тенг.
Оддий пиёзни тўғраганда, унинг баъзи ҳужайраларида бутунлик йўқолади, оқибатида пиёздан олтигугурт диоксиди гази ажралиб чиқади. Бу газ кўзнинг юмшоқ тўқималарига тушиб, кўз ёшини чақиради. Япониялик олимлар 20 йил мобайнида пиёз ҳужайралари устидан ўтказган тажрибаларидан шундай ўсимликни, деярли ўша газни ажратмайдиган турини яратишга муваффақ бўлдилар.
Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишларича, “Кулиб турувчи шар” номи берилган пиёзнинг янги нави кўриниши жиҳатидан ҳозирги пиёзларидан деярли фарқ қилмайди. Аммо унинг ҳиди йўқ ва мазаси нисбатан ширинроқ ҳамда олма ёки нокни мазасига яқинроқ экан. Шунинг учун уни салатларда ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бир ўрамининг нархи тахминан 450 йен (4,3 АҚШ доллари), яъни оддий пиёздан икки баравар қимматроқ. Режа бўйича бу йилда 10 тонна атрофидаги “кўзни ёшлантирмас” пиёзлар сотилиши кутилмоқда. 2019 йилга бориб сотиш ҳажми 1000 тоннагача етиши кўзда тутилган.
Кўзни ёшлантирувчи оддий пиёзлар билан курашишда эса анъанавий усуллар мавжуд. Масалан, пиёзни тўғрашдан аввал уни музлатгичда маълум муддат ушлаб туриш мумкин. Бундан ташқари пиёзни сувнинг ичида тўғраш мумкин, бу орқали ҳавога олтигугурт диоксиди гази тушишининг олди олинади. Шу билан бирга пиёзни илдизига тақаб кесиш тавсия қилинмайди, чунки худди шу қисмида кўзни ёшлантирувчи модданинг асосий қисми жамланган.