2017-2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул масалаларига оид ахборот берилди.
Бу ҳақда олий Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.
Тадбирда вазирликнинг кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Ражабов олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ҳамда 2017-2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул масалаларига оид ахборот берди.
36 олий таълим муассасасида бакалавр йўналиши бўйича 114, 42 ўқув юртида магистратура йўналиши бўйича 104 янги мутахассислик жорий этилмоқда. Тошкент давлат техника ва Тошкент давлат аграр университетларининг Термиз филиаллари учун қабул квоталари, шунингдек, юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун тиббиёт олий таълим муассасаларига мақсадли қабул квоталари ҳам тасдиқланган.
Олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест марказининг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.