GM Uzbekistan компанияси Chevrolet Malibu бизнес-класс тоифасидаги седаннинг янги авлодини ишлаб чиқара бошлайди.
Компаниянинг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинишича, янги Chevrolet Malibu Тошкентдаги заводда йиғилади.
Янги Chevrolet Malibu аввалгисидан мутлақо бошқача жиҳозланиши, янада тежамкор бўлиши, замонавий техник ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши таъкидланмоқда.
Автомобиль 186 от кучига эга 2,5 литрли двигатель ва 6 босқичли автомат трансмиссия, 8 та ҳимоя ёстиғи билан таъминланади. Янги машина 100 километрга 10,8 литр бензин сарфлайди.
Ўзбекистон бозорида машина тўрт рангда тақдим этилади: марваридли оқ, тутунли оқ, тўқ кулранг ва қора.
Автомобиль 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда етказиб берилади (сабаби бу модель олдиндан берилган буюртма асосида тайёрланади ва бошқа русумлардан фарқли ўлароқ катта ҳажмли режимда, йирик узелли йиғиш методи билан ишлаб чиқарилади).