“Бироқ кейинчалик шуни тушундимки, бу каби “пиар”лар томошабинда нотўғри таассурот уйғотади”.
Лойиҳамизнинг илк меҳмони актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова.
– Бу фикрларга қўшиламан. Бироқ ушбу қарашлар менинг характеримга мос келмайди-да. Табиатан дилидаги тилида бўлган, кўнгли очиқ инсонлар қаторига кираман. Сирли, одамлардан қочадиган, таъбир жоиз бўлса, “ичимдагини топ” дейдиган инсонлар билан унчалик чиқиша олмайман. Аксинча, ҳаётим ва ижодимда рўй бераётган барча қизиқ воқеаларни тафсилотлари билан мухлисларимга етказиш менга ёқади. Ҳеч кимдан ҳеч нарсани беркитмайман.
2. “Асал ойи” фильмидаги иштирокингиз кўпгина шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳаттоки “Азамат Аҳроров билан муносабатлари яхши эмас экан, нега кинода бирга ўйнашга рози бўлди”, деганлар ҳам учради. Ўзингиз бунга нима дейсиз?
– Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов устозим бўлади. Унинг лойиҳасида, ким билан бирга ўйнашимдан қатъи назар, бажонидил иштирок этаман ва ҳеч қачон рад қилмайман. Биринчи ўринда бу менинг ишим ва касбим. Унга шахсий муносабатларимни аралаштирмайман. Ҳаётда қандай алоқада бўлмай, фильмда исталган инсон билан бирга роль ижро этишим мумкин. Айниқса, бу устозимнинг картинаси бўлса. Азамат Аҳроровми ёки Адиз Ражабов – улар билан биз суратга олиш жараёнида фақатгина ҳамкасблармиз ва дўстлармиз. Уларни ҳурмат қиламан. Бошқа нарсаларга эътибор бермайман.
3. Сизни “пиар”га ўч деб билишади. Айниқса, шахсий ҳаётингиз ҳақидаги постларингиз бунга сабаб. Жумладан, сирли ошиқ машинангизга қўйиб кетган гул ва совғалар.Умуман,“пиар”га муносабатингиз қандай?
– Йўқ ундай эмас. Тўғри, фильмлар кассабоп бўлиши учун режиссёрларнинг илтимосига кўра, турли “пиар”ларда қатнашишим мумкин. Масалан, Азамат Аҳроров ёки Отабек Муталхўжаев билан тўйим бўлаётгани ҳақидаги гаплар аслида “пиар” эди. Бу фақатгина янги кинога томошабинни қизиқтириш учун ўйлаб топилган. Бироқ кейинчалик шуни тушундимки, бу каби “пиар”лар томошабинда нотўғри таассурот уйғотади. Улар ёлғон гапларга ишониб қолишади. Аммо мени яқиндан билган инсонларнинг фикри ўзгармайди. Ижтимоий тармоқлардаги барча постларим эса фақат ҳақиқат.
4. Камералар ҳақидаги фикрингиз шов-шувларга сабаб бўлди. Постингиз сўнгида “Адолатли штраф қўйилсин аҳолига”, деб ёзгансиз. Бу билан камералар ноҳақ ишлаяпти, демоқчимисиз? Балки айнан камера қайдлари туфайли сизнинг машина бошқарувидаги камчиликларингиз кўзга ташланиб қолгандир?
– Мен бу постни ўзимни ўйлаб ёзмадим. Менимча, камераларнинг ўрнатилгани халққа қийин бўлди. Турли ҳайдовчилар бор. Мисол учун, автомобиль бошқаришни энди ўрганаётган, машинани ижарага олиб, киракашлик қилаётган ва шу орқали оиласини боқаётган одамлар ҳам кўп. Ўзингиз тассавур қилинг, агар бир ойда 4-5 бор жарима тўлашига тўғри келса, улар оиласини қандай боқади? Тўғри, хато қилгани учун камерага тушади, дейишингиз мумкин. Лекин ҳамма ҳам хато қилади, айб қилади. Менинг фикримча, камералар эмас, ЙПХ ходимларининг ўзлари хато қилган ҳайдовчиларни тўхтатиб, жарима солишса, адолатдан бўлар эди.
5. Сизни сохта дейишса, жаҳлингиз чиқиб кетади. Балки томошабинларнинг бу фикрида жон бордир.
– Нега бундай ўйлашларини тушунмайман. Агарда ташқи кўринишимни назарда тутишса, юзимни пластик операция қилдирмаганман. Кўпчилик линза тақади, деб ўйлайди. Кўзимнинг ранги оч яшил. “Тундан тонггача” фильмида қора эди-ку”, деганлар ҳам бўлган. Унда кино тунда тасвирга олинган. Кечки пайт ёки кийим рангларига қараб, кўзимнинг ранги ўзгаради, яъни тўқроқ тусга киради. Лекин линза тақмайман.
Агарда характеримни сохта дейишса, аксинча, мен ўзимда табиийлик кўп, деб ҳисоблайман. Табиатан шунақа қувноқман, баъзан эркатойман. Фильмларда ҳам ўзимдан бошқа одам ясамайман. Аслида қандай бўлсам, шундай роль ижро этаман.
Шаҳзода Муҳаммедова каби очиқкўнгил, самимий, шўх-шаддод актриса билан бўлган 5 дақиқалик суҳбат давомида уни қайтадан кашф қилгандек бўлдик. Ундаги ҳаётга ишонч, ижобий фазилатлар ва курашувчанлик тарк этмасин деймиз.
Лойиҳа ҳақидаги фикрларингизни кутиб қоламиз, унда яна кимларни кўришни истардингиз?