Божхона хизмати ходимлари томонидан 200 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди.
Ш.Маматсоева ва А.Умаров ҳам нафси йўлидан бориб, нондек азиз неъматдан қинғир мақсад йўлида фойдаланишга уринди. Бу ҳақда “Тошкент–Аэро” ИБК Ахборот хизмати хабар берди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвоз қилмоқчи бўлган шахснинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Уларнинг багажлари божхоначилар томонидан назорат-рентген аппаратидан ўтказилганида шубҳали буюмлар борлиги аниқланди ва уларнинг юклари холис гувоҳлар иштирокида очиб кўрилди.
Кўрик натижасида гумондорлар тамаки маҳсулотларини нон маҳсулотлари орасига яширишга урингани фош этилди.
Божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб ҳамда йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан Ш.Маматсаева 560 қути, А.Умаров эса 500 қути тамаки маҳсулотларини яширинча олиб чиқишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.
Бундан ташқари, “Тошкент–Истамбул” рейси бўйича парвоз қилишни режалаштирган фуқаролар И.Қўлдошева ва Х.Маноновалар божхона ходимларини чалғитишга уринган ҳолда жами, 1580 қути тамаки маҳсулотларини қуруқ чой қадоқлари ичида олиб ўтишга уринганда қўлга олинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этаётгани маълум қилинган.
Маълумот учун, “Тошкент–Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан етти ой давомида аниқланган 100 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 200 млн сўмлик 39,8 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.