...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана”сига ишланган клип ўғирланган бўлиб чиқди


16:14, 16.04.2016 Шоу-бизнес
 8 064

Хонанда Ҳожиакбар Ҳайдаров “Дўлана” номли қўшиғига нисбатан танқидларга жавоб берди.

Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаровнинг ўғли Ҳожиакбар Ҳайдаров отасининг “Дўлана” номли қўшиғини қайта куйлаб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур қўшиқ кўплаб тингловчилар, хусусан, “Дўлана”нинг асл мухлислари танқидига учради. Унга ишланган видеоклип ва роль ижро этган актёрларнинг, айниқса, устоз санъаткорларнинг хатти-ҳаракатлари тинимсиз қораланди.

Қўшиққа ишланган бачкана ва мазмунсиз бу клипни режиссёр Шуҳрат Мавлонов суратга олган. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга билдирилаётган фикрларга қараганда, мазкур клип ғояси Тимати, L’One ва Сергей Мазаев томонидан 2013 йилда куйланган “GQ” қўшиғи видеоклипидан ўғирланган.

Клипларни томоша қилиб, бир-бирига солиштириб кўрдик. Уларда деярли катта фарқ йўқдек. Икки клипда ҳам ёши катта актёрлар, учта раққоса қиз иштирок этган. “GQ”да детал сифатида автомобиль, футбол тўпи ва ва граммафондан фойдаланилган бўлса, “Дўлана”да баскетбол тўпи, граммафон карнайи ва гольф таёқчасидан ишлатилган. Демак, режиссёр Шуҳрат Мавлонов бу клип ғояси хориждан ўғирланганини рад этишига етарли асос йўқ.

Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида хонанда Ҳожиакбар Ҳайдаров билан боғландик.

“Ҳақиқатан ҳам клип ғояси “GQ” қўшиғига ишланган видеоклипдан олинган бўлиб чиқди, лекин мен буни билмаган эдим. Шу пайтгача суратга олинган клипларимнинг ғоясини доим режиссёрлар билан бамаслаҳат тайёрлардик. Бу гал продюсерим ва клипмейкернинг ўзига қўйиб бергандим”, дейди хонанда.
 
Ҳожиакбар Ҳайдаровнинг “Дўлана” қўшиғини бу алфозда куйлаши жуда кўп танқидларга учраганди. Таниқли санъаткорлар, журналистлар қўшиқни бир неча бор танқид қилиб чиқишди. Нуриддин Ҳайдаров ижросидаги “Дўлана” йиллар ўтиб диско қўшиққа айлантирилгани мухлисларнинг таъбини хира қилди. Ҳожиакбар Ҳайдаров эса бу танқидларга ҳам жавоб берди:
 
“Қўшиқни бундан анча аввал, худди отам ижро этганларидек куйлаб чиққандим. Лекин кўп санъаткорлар, бастакорлар эшитгач, эски қўшиқларга ўхшаб қолибди, бироз замонавийлаштириш керак, дейишганди. Шунинг учун қўшиқ аранжировкасига ўзгартиришлар киритгандик”.
 
Биз эндигина ижодини бошлаб, тетапоя қилаётган Ҳожиакбарнинг йўлига ғов бўлиш фикридан йироқмиз. Аксинча, танқид – келажак меваси дейишади. Ҳожиакбар кечаги қилинган хатолар ва йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Теглар:Дўлана Ҳожиакбар Ҳайдаров Шуҳрат Мавлонов Нуриддин Ҳайдаров Плагиат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!