Эндигина хонандалик остонасига қадам қўйган Наргиз Латипованинг “Энг буюк ошиқ” номли қўшиғи турк эстрадасидан кўчирилгани фош бўлди.
Гап шундаки, Наргиз Латипованинг куни кеча тингловчилар эътиборига ҳавола этган “Энг буюк ошиқ” номли қўшиғи минглаб мухлислар томонидан илиқ кутиб олинаётган эди. Янги овоз, янгича йўналиш, ёқимли қўшиқ, ёдда қоладиган оҳанг... Минг афсуски, буларнинг ҳаммаси бировнинг меҳнати бўлиб чиқди. Қўшиқни тинлаганимиз заҳоти у икки томчи сувдек турк хонандаси Айла Челикнинг “Бағдод” номли қўшиғига ўхшашини пайқадик. Қўшиқ ўзбек тилида куйланганини айтмаса, мусиқасидан тортиб, ҳатто, сўзларида ҳам катта ўзгаришга қўл урилмаган. Латипова унга қайтадан шеър битишни маъқул кўрмай, қўшиқ сўзларини ўзбек тилига таржима қилган. Бунинг натижасида айрим сўзлар тушунарсиз ҳолатга келган, қофия бузилган. Биз хонанда қўшиқни рухсат сўраб куйлагандир, деган ўйда у билан боғланишга ҳаракат қилдик. Боиси бу қўшиқни бундан аввал бошқа миллат хонандалари ҳам куйлаб чиқишган. Бироқ улар муаллифлик ҳуқуқига нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда қўшиқни қандай бўлса, шундайлигича, турк тилида куйлашган.
Наргиз Латипова, хонанда:
— Бу қўшиқ ўзимга ёқар эди, шунинг учун куйлаб чиқдим. Ҳеч кимдан рухсат сўраганим йўқ. Нима, Бахром Назаров “Пари-пари”ни эгасидан сўраб куйлаганмиди? Агар қўшиқнинг муаллифи даъво қилгудек бўлса, ўзим жавоб бераман.
Қизиқ, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бундай ҳолатларга нисбатан қачонгача панжа ортидан қарайди? Бирлашма раҳбарияти бир вақтлар ўғирланган қўшиқлар энди радио ва ТВ эфирлларида берилмаслигини бот-бот такрорлаб, бонг урганди. Бироқ айтилган гап амалдаги ифодасини топгани йўқ. Бугун хориж эстрадасидан ўғирланган қўшиқлар нафақат ТВ ва радиоларда, балки катта концерт дастурларида ҳам жаранг сочмоқда.
“Биз эстрада санъатининг бугунги ва эртанги ривожи ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор “миллий эстрада” деган иборанинг маъно-мазмунига алоҳида эътибор беришимиз, уни ҳар қандай бегона таъсирдан, айниқса, “оммавий маданият” руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, бир ҳолатни афсус билан айтишга тўғри келади. Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган “асар”лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш, “юлдузлик” касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта”.
Биз бежиз мақола сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан олинган фикрларни бермадик. “Санъаткорман”, деб кўксига ураётган, жонли айтиш тугул, фонограммага ҳам зўрға оғиз қимирлатадиган, биров қилган меҳнатдан ўғринча фойдаланаётганлар бир ишга қўл уришдан аввал, яхшилаб ўйлаб кўрса, маданият вакили деган номга лойиқ иш қилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биргина хонанданинг кўчикмакашлиги йиллар давомида ўзбек санъатини дунёга олиб чиқаман деб тер тўкиб келаётганларнинг меҳнатларини ҳам йўққа чиқармаслиги керак.