Таҳририятимиз ходимлари унга оиласига дарз кетиши билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилганида, Ҳилола Ҳамидова бу саволлардан қочишга ва буларни қуруқ миш-мишга йўйишга уринди.
Айни дамда ижодий фаолиятини буткул янги йўлдан олиб боришга интилаётган Ҳилола Ҳамидова бир неча ой аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилованинг “Жим-жим” номли қўшиғига даъвогарлик қилгани ҳақида ҳам айтган эдик. Қўшиқ эса Зиёдага насиб этди.
Жон-жаҳди билан ижодга киришган Ҳилола Ҳамидова айни дамда бастакор Баҳодир Низомов мусиқаларига кўп бор мурожаат қилмоқда. Асосий эътиборини шўх қўшиқларга қаратаётган хонанда сокин тароналарни ҳам буткул четга суриб қўйгани йўқ. Бир вақтлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонова томонидан куйланган “Эй, дил” ҳамда Чустий ғазали билан айтилган “Куйдирса ҳам” қўшиқларини янги кўринишда куйлаб чиқмоқчи.
“Бу қўшиқларни устозимиз Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов менга атаб ёзган эдилар. Ўша вақтларда шу қўшиқларни куйлашни роса хоҳлагандим, лекин насиб этмаган. Чунки арнжировка, қўшиқ студияларда ёзиш катта маблағ талаб этарди. Табиийки, ўша даврларда менда бундай имконият бўлмаган. Энди эса шу қўшиқларни янги аранжировка билан ижро этмоқчиман”, дейди Ҳамидова.
Хонанда тез кунларда мухлислари эътиборига учинчи мусиқий аьбомини ҳавола этиш тараддудини кўрмоқда. “Соғиндим” деб номланажак альбомдан Ҳилола Ҳамидованинг 20 га яқин қўшиқлари жой олади.
Узоқ вақт кўринмай қолган хонанда тез кунда танаффус сабабларига ҳам ойдинлик киритмоқчи.
Таҳририятимиз ходимлари унга оиласига дарз кетиши билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилганида, Ҳилола Ҳамидова бу саволлардан қочишга ва буларни қуруқ миш-мишга йўйишга уринди ва ҳозир бу ҳақда гапиролмаслигини, тез кунда ҳаммасига ойдинлик киритишини айтди.
Маълумотларга қараганда, Ҳилола Ҳамидова ҳомиласининг нобуд бўлгани сабаб ижодда танаффус қилган. Булар ҳақда тез кунда “Qalampir.uz” сайти учун бўлиб ўтадиган эксклюзив интервьюда хабардор бўласиз.
Хонанданинг куни кеча тақдим этган “Соғиндим” номли қўшиғини эса сайтимизнинг мусиқа бўлими орқали тинглаш ва кўчириб олиш имкониятига эгасиз. Шу бугунгача Ҳилола Ҳамидованинг “Яхши қол”, “Севгисини айтолмаган қиз”, “Адашдим”, “Муҳаббат бахти” номли қўшиқлари тингловчилар меҳрини қозонган эди. Кўрамиз, “Соғиндим” ҳам ўша қўшиқлар поғонасига чиқармикин...