Вақтида ҳаракат қилинса, уларни табиий турмуш тарзига қайтариш мумкин экан. Фақат буни чин дилдан исташ керак!
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2008 йилда 2 апрель – Халқаро аутизм муаммоси ҳақида маълумот тарқатиш куни деб қабул қилинган бўлиб, шу вақтдан бошлаб бу кун ҳар йили нишонланиб келинмоқда.
Статистик маълумотларига кўра, ҳар 88 боланинг биттаси аутизм билан дунёга келади. Бу маълумот 2012 йили Autism Speaks ташкилоти томонидан тақдим этилган.
Дунё миқёсида эса 67 миллиондан ошиқроқ инсон аутизмдан азият чекади. Ана шундай инсонлар орасида машҳур, дунё таниган инсонлар, уларнинг фарзандлари, яқинлари ҳам бор. Одатда машҳурлар томонидан оммавий ахборот воситаларига бундай маълумот ўз-ўзидан тақдим этилмайди. Аммо таниқли инсонлар ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш учун ОАВ ходимлари уларнинг кетидан тушганда улар ҳеч қачон, ҳеч ким билмайди деб ўйлаган маълумотлар ҳам “сув юзасига чиқади”.
Машҳур инсонларга аутизмга чалинган фарзандлари, яқинлари ҳақида савол берилганида, кўпчилик улардан уялмасгини айтади. Машҳурларнинг аутизмга чалинган фарзандлари ота-онаси оддий ишчи бўлган болалардан кўра ҳам ақлан, ҳам жисмонан ривожланган бўлишади. Бунга албатта моддий маблағнинг ҳам ўрни катта. Чунки аутистларнинг ақлан ривожланиши учун бир қанча мутахассислар йиллар давомида узлуксиз биргаликда ҳаракат қилишлари лозим. Бу эса катта маблағни талаб этади, шундай эмасми?
Бундан ташқари, машҳурлар эътибор ва меҳр-муҳаббат аутист болаларни бошқалар каби фикрлаш ва дунёни бошқалар каби ўз рангларида англай билиш имконини беришини айтадилар. Бу айни ҳақиқат!
Биз билган таниқли инсонлар орасида нафақат фарзандлари, балки ўзлари ҳам аутизмга чалинганлар ёки аутистик белгиларга эга бўлган шахслар бор. Улар коррекция дастури туфайли оддий одамлар ёнида ўзларини бошқалар каби тута олиш имкониятига эгалар. Коррекция дастури – аутизм ташҳиси қўйилган ёки аутик спектри бузилган болаларга тўғри йўналиш беришдир. Бир сўз билан айтганда, уларни ўз истеъдодларига қараб маълум соҳага йўналтириш. Коррекция усули аутизмга чалинган, бошқаларан ҳам ақлан ҳам жисмонан фарқ қилувчи болаларни бошқалар каби фикрлашда, одамлар билан суҳбатлашишда, бирор ҳаракатни амалга оширишда, ҳиссий жиҳатдан ўзини бошқаришда енгиллик яратиш йўли билан уларни оддий одамлар қаторига қисман қайтариш усули саналади ва бу усул аутист болалар устида кенг қўлланилади. Бироқ ушбу дастурдан болаларга эрта фурсатда ташҳис қўйилган ҳолатдагина фойдаланиш мумкин. Агар аутизм касаллиги кеч аниқланган бўлса, унинг самараси жуда кам миқдорни ташкил этади. Келинг сизни улар билан таништирамиз.
Тони Брекстон
Таниқли хонанда Тони Брекстоннинг ўғли Дизелга кичиклик вақтидаёқ аутизм касаллиги ташҳиси қўйилган. Ҳозир у 11 ёшда. Замонавий терапиялар ёрдамида у ўз вақтида даволанди. Гарчи аутизм тузалмас дард бўлсада, айни вақтда Дизель ўз дўстларидан деярли фарқ қилмайди. У онаси каби қўшиқчи бўлиш истагида қўшиқ ҳам куйламоқда.
“Ўғлим 9 ойлик бўлганидаёқ, унда нимадир етишмаслигини, унинг бошқлардан фарқ қилишини сезганман. 1,5 ёш бўлганида эса у акаси каби ривожланмаётганини тан олишга мажбур бўлдим. Эрта ташҳис – бу омад калитидир. Жуда кичиклигидан у билан ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар ишлашди. Шу сабаб у ҳозирда бошқалар каби оддий мактабга боради”, – дейди Тони.
Сильвестр Сталлоне
“Рокки” ва “Рэмбо” фильмларининг маҳоратли ижрочиси Сильвестрнинг кичик ўғли Серджиога шифокорлар 3 ёшли вақтида аутизм ташҳисини қўйишган. Актёр учун бу янгилик катта зарба бўлган. Бу ҳақда илк бор унинг рафиқаси Саша “People” журналига берган интервьюсида айтганди. Кейинчалик, Сильвестрнинг ўзи ҳам бу ҳақда бир қатор интервьюларида гапириб, ўғли расм чизишни яхши кўришини, хотираси ўта кучли эканини айтганди. Айни дамда Серджио 36 ёшда.
“Аутизмдан азият чекаётган болани сен яшаётган оламга қайтаришнинг имкони йўқ. Шу сабабли мен у билан унинг оламига йўл оламан. Биз биргаликда абстракт суратларни чизамиз, пазллар йиғамиз. Бола сенга ишонган чоғда ўртада тушунтириб бўлмас, ажиб бир муомала усули пайдо бўлади. Бу камёб ва бебаҳо тиллашиш йўлидир”, – дейди ўғли ҳақидаги интервьюларнинг бирида Сталлоне.
Актёр АҚШда аутизм муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Женни Маккарти
Энг ёқимтой ва қувноқ актрисалардан бири саналмиш Женни ўғли Эваннинг аутизм касаллиги билан оғришини ҳеч қачон оммадан яширмаган. У умидини йўқотмаган ҳолда ўғлининг тузалиши ва бошқалар каби ҳаёт кечириши учун ўта қийин йўлни босиб ўтишига тўғри келган. Ўғлига аутизм ташҳиси қўйилгач, актриса Jenny McCarthy’s Autism ташкилотига асос солди. “People” журналига берган интервьюларининг бирида у ўғли махсус терапиялар ёрдамида бошқа болалар билан тил топишишга урунаётганини айтганди.
“Шифокорлар унинг тузалишига, бошқача қилиб айтганда, оз бўлсада бошқалар каби бўла олишига умид йўқ, деб айтишганди. Аммо мен фақат ўзимнинг ички туйғуларимга ишонишга қарор қилдим. Мен Эванни махсус диетада ушлай бошладим. Сутли маҳсулотларни бермадим, уни витаминлар билан озиқлантирдим. Ҳозиргача биз ана шу диетага амал қиламиз. Бунинг ўзига яраша сабаби бор”, – дейди Женни.
Жон Траволта
Бу актёрни танимайдиган инсон бормикин? Аммо унинг самимий кулгуси ортида катта бир дард борлигини ҳамма ҳам билмаса керак...
2009 йил Жоннинг ўғли Жет 16 ёшида вафот этди. У аутизмга чалинган эди. Жет ота-онаси билан Багам оролларига саёҳатга борган маҳал ювиниш хонасида йиқилиб тушгач, ёруғ дунёни тарк этади. Баъзи маълумотларга кўра, Жет юрак хуружидан ўлган. Балки у юрак хуружи туфайли йиқилиб тушгандир, деган тахминлар ҳам йўқ эмас.
Жетнинг ўлимидан кейин унинг онаси актриса Келли Престон марҳум ўғлининг аутизм касаллигидан азият чекканини оммага айтганди.
“Жет аутист эди. У кичиклигиданоқ ҳушини йўқота бошлади. Мен ва турмуш ўртоғим аутизм ташқи муҳитнинг ифлосланганлиги ва кимёвий моддаларнинг биз истеъмол қиладиган озиқ-овқатларга таъсири туфайли пайдо бўлганига ишонамиз. Жет ер юзидаги энг яхши фарзанд эди...”, – дейди Келли.
Наталья Водянова
Дунёга машҳур Россиялик модель Наталья Водянованинг синглиси Оксанага ёши катта бўлгач, аутизм касаллиги ташҳиси қўйилган. Турли нашрларга берган интервьюларида модель оиласи қандай қийинчиликларни бошидан кечирганини бир неча бор айтиб берган.
“Оилада дунёга келган бола аутист, ДЦП ёки Дауна синдроми билан туғилди дегани – бу унинг ота-онаси наркотик моддаларни истеъмол қилади ёки пиёниста дегани эмас. Бундай ҳолат ҳар қандай оиланинг ҳам бошига тушиши мумкин. Буни ҳамма билиши керак. Агар шундай вазият вужудга келса, ғайриоддий боланинг ҳаёти қизиқарли ўтиши учун нималар қилиш лозимлигини билиш ҳам жуда зарур. Мен Оксанани жуда яхши кўраман. У мен учун энг яқин инсонларимдан бири. Ҳа, биз жуда қийналдик. Аммо мен баъзи дугоналаримнинг “Оксанага сендаги омаддан озгина етмаган”, – деган фирклари нотўғри, деб ўйлайман. Баъзилар учун бирор нарсани сотиб олиш, эришиш муаммодек туюлади. Аммо мен буни муаммо деб билмайман. Оксана мени ҳаётни қадрлашга ўргатди. У билан муносабатларимиз шаффоф сувдек тиниқ. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бундай муносабат ҳаётий синовлар натижасида юзага келади”, – дейди Наталья.
Наталья Королева
Натальянинг жиянига аутизм ташҳиси қўйилгани ҳақида унинг ўзи оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларининг бирида хабар берганди.
“Шифокорлар Матвейни аутист деганларида ҳаммамиз эсанкираб қолдик. Биз бунинг нима эканини ҳам билмасдик. Ҳозиргача ҳеч ким аутизмнинг аслида нима экани ҳақида якуний хулосага эга эмас. Бу борада миллиондан ортиқ тахминлар бор. Баъзилар буни туғма касаллик деб билишади, бошқалар эса буни боланинг кичиклик вақтида эмланадиган вакциналарнинг таъсири деб айтишади. АҚШлик шифокорларнинг бизга тушунтиришларича, аутист болалар – индиго болалар сингари ақлли болалардир. Сиз билан биз эса ақлсиз инсонлар эканмиз. Шифокорнинг “Бу келажак болалари” деган таърифига синглим Ирина “Аммо улар ҳозир, реал ҳаётда яшашмоқда”, – деб жавоб қайтарди. Шифокор келажакни ҳозирги ҳаётга тадбиқ этиш борасида бирор сўз айтолмай қолди”, – дея жон куйдириб гапиради Наталья.
“Синглим ўғли Матвейни шифокорлар, логопедларга олиб борди. Ҳар йили у махсус даволаш усуллари ёрдамида даволанади. Матвейни барокамерага жойлаштириб, миясини кислородга тўйинтиришади. Ҳар сафар унда янги ижобий ўзгаришни кўрамиз. Ўзгариш бор, демак, умид бор”, – дея қўшимча қилади хонанда.
Константин Меладзе
Айни вақтда Константин Меладзе ва Яна ажрашишган. Ажралиш жараёнидан кейинги илк интервьюда аёл ўғлии Валерий аутизмдан азият чекишини, коррекция методи туфайли унинг ҳолати анча яхшиланганини тан олганди.
“Алиса 16 ёшда, Лия 12 га кирди, Валерик эса 11 ёшда. Мен ҳар доим катта оилам бўлишини орзу қилганман. Костя болаларини жуда яхши кўради. Уни ёмон ота деб айтолмайман. Қизлари учун ҳеч нарсани аямайди, ўғли учун эса жонини ҳам беради. Шифокорлар Валерийга аутизм ташҳисини қўйишди. Бу касалликка чалинган болаларни коррекция методи билан даволаш дунё бўйлаб жуда қиммат туради, шу жумладан Украинада ҳам. Йўқ, бу ҳукм эмас, бу отишмадан кейин бир ўзингга яшашга имкон берилгани каби гап. Бу ҳозиргача давоси бўлмаган жуда оғир хасталик. Уни коррекциялаш мумкин. Мен аутизмнинг оғир тури ҳақида айтаяпман. Уларни бирор нарсага ўргатиш мумкин. Бундай вазиятга тушган ота-оналар ана шу дард олдидаги уят ҳисси нима эканини яхши билишади. Жамият бундай болаларни қабул қилишни истамайди. Аммо ҳаракатлар натижаси ўлароқ бирор яхши натижага эришилса, шу ондаёқ болангиз учун фаҳр туйғусини сезасиз. Ота-оналар бундан уялишлари керак эмас. Бирор нарсани ўз ўрнида қилганимда балки бундай бўлмасмиди, деб ўйлашнинг ҳам кераги йўқ. Болангиз учун бирор ишни амалга оширган чоғда унинг сиз учун нақадар қадрли эканини биласиз. Ота-оналарнинг боланинг 3 га киришини кутиб, сўнг доктор ҳузурига олиб боришлари нотўғри. 1 ёшгача коррекция методи билан даволанган болалар ўз тенгдошларидан деярли фарқ қилмай ўқишади, яшашади”, – дейди Яна.
Анна Нетребко
Россиянинг опера куйчиси Анна Нетребко учун ўғлига аутист деб ташҳис қўйилиши кутилмаган зарба бўлганини у ОАВда бот-бот такрорлайди. Шунга қарамай, у ўғлининг бу тузалмас дардини енгиллаштириш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди.
“Компьютер борасида унга етадигани йўқ. Масалан мен компьютерда ишлашни билмайман. У 3 ёшида 1000 гача санашни биларди, бир сонни икинчисидан ажрата оларди. У ҳайвонот боғига боришни, пингвинларнинг сув остида сузишларини тамоша қилишни яхши кўради”, – дейди Анна.
Холли Робинсон-Пит
АҚШлик актриса Холли Робинсон-Питнинг ўғлига ҳам аутизм ташҳиси қўйилган. Шундан сўнг, у Америкада аутизм муаммолари бўйича ҳуқуқ ҳимоячиси лавозимида ишлай бошлаган.
Гэри Коул
Актёр Гэри Коул АҚШ киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Умидсиз уй бекалари”, “Гўзаллар” каби сериаллар орқали машҳурлик қозонган. Гэри қизи Мэрининг ғайриоддий хатти-ҳаракатларини у 2 ёшлигиданоқ сеза бошлаган. Коррекция дастурига асосланган даво чоралари туфайли 16 ёшда Мэри бошқа болалар каби ҳаёт кечира бошлади ва ўрта мактабни тугатди.
Хелена Бонем Картер
Актёр Тим Бертоннинг рафиқаси бўлмиш бу актриса суратга тушган фильмларнинг бирида аутизм касаллигига чалинган тўрт болали аёл ролини гавдалантирган. Айнан мана шу фильмдаги ролидан сўнг, у турмуш ўртоғида аутизмнинг баъзи жиҳатларини кўра бошлаганини ОАВга берган интервьюлари чоғида айтган. Бу маълумотлардан сўнг, АҚШ оммавий ахборот воситалари Тимнинг саломатлиги у амалга оширадиган ишлар ҳақида турли фиркларни билдиришган. Ҳатто, баъзилар унинг ҳаракатларида аутик қирраларни топишга ҳам уруниб кўришган. Бироқ тиббий жиҳатдан Тимнинг аутизмга чалинганлиги ҳақида расмий тасдиқ мавжуд эмас.
Боб Дилан
“Rolling Stone” журналининг эътирофига кўра мусиқачи Боб Дилан – рок мусиқаси тарихидаги иккинчи инсон бўла олган. Оммавий ахборот воситалари ана шундай улуғ ном берилган ушбу ижодкорга ҳам Аспаргер синдроми “ташҳиси”ни қўйишганди, аммо бу борада ҳам бирор расмий далил йўқ.
Дэвид Бирн
“Talking Heads” гуруҳига асос солган мусиқачи Дэвид Бирнда ҳам аутик қирралар мавжудлиги борасида маълумотлар бор. 2003 йили унинг мактаб давридаги дугонаси ёшлик вақтида Дэвидга Аспаргер синдром ташҳиси қўйилгани ҳақида айтган. Шу заҳотиёқ мусиқий танқидчилар унинг ижод қилган йилларини бирма-бир таҳлил қилиб чиқишган. Айтиш лозимки, Дэвид Бирнда Аспаргер синдромининг борлиги уларда шубҳа уйғотган. Чунки Бирн “Грэмми”, “Оскар” ҳамда”Олтин глобус” каби мукофотларни қўлга киритган.
Дэн Марино
“Дельфинлар” футбол жамоасининг собиқ ҳимоячиси АҚШлик Дэн Маринонинг ўғли Майклга ҳам болакай 2 ёшга тўлганида аутизм касаллиги ташҳиси қўйилган. Унинг ота-онаси фарзандлари ўсиш ва ривожланишда бошқалардан ортда қолаётганини сезишган ва шифокорларга мурожаат қилишган. Ҳозир Майкл 24 ёшда ва унинг яшаш тарзи бошқаларникидан деярли фарқ қилмайди.
Дэн Марино ва унинг рафиқаси Майамида аутик спектри бузилган болаларга кўмак берувчи “Дэн Марино маркази”ни очишган.
Эдвард Аснер
АҚШлик театр, кино актёри Эдвард Аснернинг ўғли ва набирасига ҳам аутизм ташҳиси қўйилган. Эдварднинг ўғли Чарльзга бу ташҳисни қўйгунларига қадар анча вақт керак бўлган. Набираси Мэтьюга эса болалигидаёқ шу ташҳис қўйилганди. Айни вақтда Мэтью Аснер АҚШнинг “Autism Speaks” ташкилотидаги катта бўлимларнинг бирига раҳбарлик қилади.
Тэмпл Грандин
Бундан салкам 70 йил илгари ҳали аутизм ҳақидаги билимлар ва маълумотлар жуда кам бўлган вақтда Тэмпл Грандин исмли 3 ёшли қизалоқ ғайриоддий ҳаракатлари, сўзлашувдаги нуқсонлар сабаб руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Орадан вақт ўтиб, фақатгина ота-онасининг ёрдами туфайли қизалоқ мактабда, сўнг махсус интернетда ўқиб кета олди. Коллежга киргач, у стрессга тушиб қолади. Шу вақтда унга унинг ўзи ихтиро қилган “қучоқловчи машина” ёрдам беради. Британиялик невролог Оливер Сакснинг “Марсдаги антрополог” китобида унинг Тэмпл Грандин билан танишуви ҳақида ҳам ёзилган. Унда Тэмпл инсон ҳис-туйғуларини тушунишга қийналиши, аммо ҳайвонларни жуда яхши эшита олиши ва тушуниши ҳақида сўз боради. Бу Тэмпл Грандиннинг келажакда катта шоҳли буқалар орасида йирик мутахассисга айланишига туртки бўлди. 2010 йили “Time” нашри Тэмпл Грандинни “Қаҳрамонлар” категориясига қўшди. Ўшанда унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Тэмпл Грандин” биографик фильми катта экранларга чиққан.
Жон Шнайдер
Ҳали 2 ёшга ҳам тўлмаган ўғлининг ҳарактери, хатти – ҳаракатларидаги ғайриоддийликни сезган Жон уни шифокорларга олиб борди. Жон ва унинг рафиқаси аутизм ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Шифофкорлар уларнинг 2 яшар фарзанди Бэнга аутизм ташҳисини қўқишди.
“Бэн ҳеч бир сабабсиз бирор нарсадан хафа бўлиб йиғлаши ва бу ҳолат 2 соатгача давом этиши мумкин эди. Баъзида унинг ана шу одати туфайли кўчага чиқолмай қолардик. Агар у билан бирор ерга боргудек бўлсак, одамлар олдида ўта ноқулай аҳволга тушишга тайёр туришимиз лозим эди. Аутизм – бутун оилага қўйилган ташҳисдир”,– дейди Жон.
“The Seattle Times” нашрига берган интервьюсида Жон ва унинг рафиқаси фарзандлари Бэннинг “Мен сизларни яхши кўраман”, – дея олиши мумкинлиги ёки бунинг асло имкони йўқлиги борасида иккиланишларини айтганди.
Билл Гейтс
Microsoft компаниясига асос солган миллиардер Билл Гейтсга шифокорлар томонидан аутизм касаллиги ташҳиси қўйилмаган. Бироқ Британиялик невролог Оливер Сакснинг Тэмпл Грандин ҳақидаги фикрлар битилган “Марсдаги антрополог” китоби чиққач, “Time” журнали “Бил Гейтсни ташҳис қилиб” номли мақоласини чоп этганди. Мақола муаллифи Билл Гейтснинг “New Yorker” нашрида чоп этилган хатларидаги иқтибосларини Сакснинг китобида келтирилган аутизм белгиларига қиёслаб, таққослаб чиққан. Топилган далиллар йирик компаниянинг асосчиси, миллиардер Билл Гейтсда Аспаргер синдроми касаллиги борлигини тахмин қилишга тўла имкон берарди.
Тарихда...
Тарихий шахслар орасида ҳам аутизм касаллигига чалинганлар ҳақидаги далиллар уларнинг таржимаи ҳоллари битилган маълумотларда бўлиши мумкин. Дублиндаги Trinity College профессори Майкл Фицжеральд бир қатор тарихий шахсларда ўша даврларда аниқланмаган аутик спектрнинг бузилиши ҳолатлари мавжудлигини айтади. Улар орасида Суқрот, Дарвин, Ньютон, Льюис Кэррол, Уильям Батлер Йейтс ҳамда Николо Теслани кўриш мумкин.
Альберт Эйнштейн
Эйнштейн “Нобель” мукофоти лауреати бўлганидан хабарингиз бор. У 5 ёшгача одамлар билан гаплаша олмаган. 7 ёшгача эса баъзи сўзларни қайта-қайта такрорлайверган. Бу эса аутизмнинг белгисидир.
Улар...
Вуди Аллен, Сатоси Тадзири, режиссёр Альфред Хичкокда бир-биридан фарқли аутизм белгилари мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг ўта камгаплиги, одамлар билан чиқиши олмаслиги, айнан бир нарса билан ўта машғуллик ҳолатлари атрофдагиларнинг ғазабини қўзғатган экан.