...
МЕНЮ
ONLINE TV

Аутизм: Ўз болангиздан уялманг!


23:30, 02.04.2016 Жамият
 11 707

Уларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилинг...

2 апрель – Халқаро аутизм муаммоси тўғрисида ахборотларни тарқатиш куни. Шу боис аутизм ташҳиси ва бу дард билан оғриган болаларга қаратилаётган эътибор ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. 
 

Аутизм (грекча “аutоs” – “ўзим” деган сўз) – бу руҳиятнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, бемор ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. У ёлғизликни ёқтиради. Яна бир хил хатти-ҳаракат ва сўзларни қайта-қайта такрорлаш ҳам айнан ушбу касалликка чалинган инсонларга ҳос холат. Тиббиёт тарихида XVIII асрнинг ўзидаёқ аутик спектри бузилган (гарчи бу атама ҳали қўлланилмаган бўлсада) инсонларнинг ҳолати тавсифи келтирилган матнлар пайдо бўла бошлаган. Ўтган асрларда фаолият юритган олимлар орасидан француз тадқиқотчиси Ж.М.Итар инсонлардаги аутизм билан боғлиқ муаммога бирмунча ўзгача ёндашиб, бу ҳолатни “Ақлий мутизм”, – деб таърифлайди. Шу билан у аутизмдаги энг муҳим белгилардан бири – ақлий бузилиш мавжуд бўлмаган ҳолатда инсонда нутқий ривожланмаганлик ёки нутқий ривожланишдан орқада қолиш кабиларни ажратиб кўрсатади. Касалликка доир “аутизм” терминини фанга 1912 йилда Э.Блейлер киритган.

Аутизмнинг синдром сифатида тушунтирилувчи илк таърифи болалар психиатри Лео Каннер томонидан берилган бўлиб, бу унинг 1943 йилда чоп этилган “Аффектив мулоқот билан боғлиқ аутистик бузилишлар” номли мақоласида келтирилган.



1970 йиллар давомида аутизм этиологиясини ўрганиш, унга ташхис қўйиш ҳамда аутистик болалар билан ишлаш соҳасида сезиларли даражада ўсиш кузатила бошланди. Бугунги кунда бутун дунёда мазкур соҳада тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ҳоизрда дунё жамоатчилигини, олимлар ва тиббиёт ходимларини хавотирга солаётган муаммолардан бири бўлган аутик спектри бузилган инсонлар сони сезиларли даражада ошиб бормоқда.

МОСOS оқсили танқислиги

Аутизм касаллиги ҳомила она қорнидалик давридаёқ унинг бош мияси ривожланишида МОСOS оқсили танқислиги сабабли пайдо бўлади. Бу хасталикнинг ирсият билан боғлиқлиги ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Америкалик ва франциялик олимлар гуруҳи бош мия ривожланишининг илк босқичларида ҳид сезишда иштирок этадиган ўзак ҳужайраларни ўрганиш зарур, деган хулосага келишди. Чунки, бурундан осонлик билан олинадиган биопсия суртмаси бу ҳужайраларни ўрганишда бебаҳо усул ҳисобланади.



Аутизм билан оғриган беморлардаги ген ва оқсилларни соғлом кишиларникидан фарқлаш учун ҳам бу усул зарур ҳисобланади. Тадқиқотчилар 11 нафар беморнинг 9 нафарида МОСOS оқсилини кодловчи ген фаолияти бузилганини кузатишди. Бу оқсил етишмовчилиги бош мия фаолиятида муҳим ўрин эгаллайдиган синапсларнинг кам ҳосил бўлиши ва кўп миқдорда аномал (нуқсонли) асаб импульслари ривожланишига туртки бўлар экан.

Ўғил болалар ўртасида кўпроқ учрайди

Э.Блейлернинг фикрича, хаста одам ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари реал воқелик билан боғлиқ эмас. Беморларнинг ҳаракатларида ҳиссий кечинмалар асосий ўрин тутади. Бу касаллик синдроми ўғил болаларда қиз болаларга нисбатан кўп учрайди.

Касалликнинг илк белгилари уч ёшгача кузатилади. Баъзан клиник белгилар барвақт аниқланиши ҳам мумкин.

Тузалмас дард



Афсуски, аутизм тузалмас дард. Таассуфки, Ўзбекистонда ҳам мазкур муаммо бирмунча долзарбдир. Бугунги кунда аутизмга ташҳис қўйиш ва уни даволаш тизимининг ўзи мавжуд эмас. Бунинг мураккаблиги яна шундаки, аутизм ҳодисаси турли соҳаларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини талаб этади. Аутизм касаллиги билан оғриган болаларнинг абилитацияси ҳамда интеграцияси – бу бир қанча чора-тадбирлар мажмуасидан иборат бўлиб, бунда кўпроқ ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилиши, яъни турли соҳа мутахассисларининг жалб қилиниши талаб этилади. Бу – педиатр, тор соҳадаги тиббиёт ходимлари, педагог, психолог ҳамда дефектологларнинг ўзаро ҳамкорлигида ёндашиш деганидир. Бироқ бундай ёндашув ҳали амалиётда етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги сабабли ушбу муаммони ҳал этиш фақат ота-оналарнинг зиммасида қолиб кетмоқда.

Ғарбда аутизмга нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд

Ғарбнинг ривожланган мамлакатларида аутизм касаллиги билан оғриган инсонларнинг таълими, тарбияси ҳамда мослашуви муаммосига нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд. Кўпинча чет эл мутахасссисларининг ёндашуви ҳар бир инсоннинг шубҳасиз, ўзича такрорланмас ва ноёб инсон эканлигини тан олиш заруриятига асосланади. Шунинг учун эътиборни камчиликларни “тузатиш”га эмас, балки инсонлар учун алоҳида, уларнинг ўзлигини сақлаб қолган ҳолда эркин яшай олиши учун шароит яратишга қаратиш лозимлиги таклиф қилинади.

Уларнинг истеъдодини кўра билиш лозим



Бу мақсадда психологик коррекцион технологиялар мажмуасини ишлаб чиқиб, мутахассисларни самарадорлиги илмий нуқтаи назардан тасдиқланган методикалардан фойдаланишга ўргатиш зарурдир. Ушбу жараёнда чет эл тажрибасини инобатга олиш жуда муҳимдир. Бизнинг мамлакатда мазкур муаммога нисбатан ёндашувни ўзгартириш учун “аутизм“ ташҳиси мавжуд бўлган инсонларнинг даволаниши ҳамда реабилитацияси соҳасида муваффақиятларга эришган мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилиш зарурдир. Бунда шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасаларида фаолият юритувчи педиатрларни жалб этиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Мутахассисларни касалликнинг дастлабки босқичларида хатар соҳасини ўз вақтида аниқлай олиш ҳамда болани тор соҳа мутахассисларининг алоҳида эътиборига йўналтира билиш билан боғлиқ билим ва кўникмага эга бўлишлари учун уларни умумий ташҳис билан бир қаторда, илк дифференциал ташҳис тизими асосларига ўргатиш зарур.

Ўз фарзандингиздан уялманг!

Жамоатчиликнинг аутизм ҳақидаги хабардорлигини ошириш билан боғлиқ ташвиқот ишини йўлга қўйиш ҳам жуда муҳимдир. Ҳаётимизда шундай холатларга ҳам дуч келамизки, баъзи ота-оналар “ноодатий” тарзда улғаяётган фарзандларидан уяладилар, сабаби эса мамлакатдаги жамоатчиликнинг ўзи уларни тўғри қабул қилмайди. Бу эса умуман нотўғри! Энг асосий муаммо шундаки, ўз фарзандларини бошқа тенгдош болаларга ўхшамаслигини пайқаган ота-оналар безовта бўлиб, уларни “беркитиш”га уринадилар, натижада эса ўзлари ҳам жамиятдан ажралиб қоладилар. Биринчи навбатда эътиборни шу муаммога қаратишдан бошлаш зарур: ота-оналар ўз фарзандларидаги муаммодан уялмасликлари, бу муаммо ҳақида гапиришдан қўрқмасликлари учун нима лозим бўлса, шунга жавоб берувчи шароитларни яратишлари жоиз. Бунинг учун эса биринчи навбатда, алоҳида эҳтиёжли инсонлар ҳақидаги жамиятда мавжуд бўлган қарашлар, стереотип муносабатларни ўзгартириш керак.

Ахборот етарли эмас

Жамиятнинг носоғлом инсонларни қабул қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини тўғри тушунишга ҳали етарли даражада тайёр эмаслиги мазкур мавзу бўйича ахборотга эга бўлиш билан боғлиқ саёзлик натижаси ҳисобланади. Жамоатчиликнинг ногиронлик муаммоси билан бир қаторда аутизм масалалари бўйича ҳам мунтазам равишда ва салоҳият билан хабардор этиб борилиши, аҳолининг имконияти чекланган инсонларни янада яхшироқ тушунишларига ёрдам беради.

Аутизм БМТ нигоҳида

Муҳим муаммолардан бири сифатида аутизм муаммосининг долзарблиги Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш Ташкилоти томонидан “Руҳий соғлиқ йили” деб номланган 2001 йилнинг ўзидаёқ эътироф этилган. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2008 йилда 2 апрель – Аутизм муаммоси ҳақида маълумотни тарқатиш Халқаро куни деб қабул қилинган бўлиб, шу вақтдан бошлаб бу кун ҳар йили нишонланиб келинмоқда.

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам аутизм касаллигига бефарқ эмас

Ушбу касалликнинг долзарблиги Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2001 йилданоқ алоҳида ажратиб кўрсатилиб, шу йилнинг ўзида “Психик саломатлик йили” деб эълон қилинган.
Умида Якубова

Теглар:Аутизм БМТ ЮНИСЕФ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

гость
16:43 12.04.2016

Детям и их родителям не обеспечивают доступ к сертификатам соответствия, не информируют о генном происхождении вакцины и её серийных номерах



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар