...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳайфсан олган вазир хатоларни тўғирлашни бошлади


19:40, 20.04.2018 Жамият
 5 797

Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов фавқулодда селектор ўтказиб, унда ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алешер Шодмонов ва Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга огоҳлантириш берганини хабар қилган эдик.
 
Ушбу селектордан сўнг топшириқлар ижросини бекаму кўст бажариш, тиббиёт ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этиш ҳолатларини бутунлай бартараф этиш, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар қилди.
 
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда ушбу тизимдаги барча раҳбарлар иштирок этди.
 
Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди.
 
Жумладан, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббиёт ходимларини қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича шифохоналар кесимида доимий ишловчи комиссиялар ташкил қилиш белгиланди. 
 
Видеоселектордан сўнг соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилишининг ачинарли оқибатлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
 
“Президентимиз ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб этиш, кўзбўямачилик билан шуғулланишни давлат раҳбарининг сиёсатига хиёнат дея баҳолади.Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу алоҳида таъкидланди.
 
Илгари шифокору ҳамширани турли жамоат ишларига олиб чиқишга йўл қўйилгандир, лекин бугун замон ўзгарди, ёндашув ўзгарди.
 
Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш энди тарихда қолади.
 
Соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғиндаги раҳбарлари шуни англаши лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати мажбурий меҳнат деган иллатни таг-туги билан йўқотишга, халқ манфаатини бирламчи ўринга қўйишга қаратилган.
 
Тизимда фаолият юритаётган ҳеч бир ходим энди мажбурий меҳнатга жалб этилмайди. Кўзбўямачилик, бир-биримизни алдаш билан бугун ўтиши мумкиндир, лекин бу билан келажакни қура олмаймиз”.
Икром Раҳмон

Теглар:Соғлиқни сақлаш мажбурий меҳнат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар