Бу йилги “Оскар-2016” тақдирлаш маросимида номзоди кўрсатилганлар орасида бирорта ҳам қора танли актёр ва актрисанинг йўқлиги туфайди Голливудда жанжал кўтарилди.
Айни вақтда қора танли актёрлар, “Оскар” мукофотини топшириш маросимида бошловчилик қилиши кутилаётган актёр Крис Рокни ҳам бошловчилик қилишдан воз кечишга чақиришмоқда. Ҳозиргача тақдирлаш маросимида қатнашишдан “Оскар-2015” соҳиби режиссёр Спайк Ли ҳамда актёр Уилл Смитнинг рафиқаси актриса Жада Пинкетт-Смит бош тортмоқда. Спайк Ли бу ҳақида ўзининг Instagram´даги шахсий саҳифаси орқали хабар берган ва қуйидаги мулоҳазаларини ёзиб қолдирган.
“Кетма-кет икки йил “Оскар” мукофотига қандай қилиб фақат оқ танли актёрлар даъвогар бўлиши мумкин? АҚШ киноакадемиклари доимо “нима учун мукофотга даъвогарлар орасида қора танлилар йўқ?” деган саволни беришар эди. Мана энди, мен уларнинг ўзларига шу савол билан мурожаат қилмоқчиман. Биз мукофотларнинг кимга топширилиши ҳал қилинадиган хоналардан ташқарида эканмиз, номзодлар фақат оқ танлилар бўлаверади!”
Аслини олиб қараганда, АҚШлик кино усталари, режиссёрлар, актёр ва актрисаларнинг норозилигида жон бор. 1929 йилда асос солиниб, йил сайин эътибор марказида бўлиб келаётган “Оскар” мукофотини илк бор қора танли актриса сифатида “Шамолларда қолган ҳисларим” фильмида Мамушка роли учун актриса Хэтти Макдэниел 1939 йилдаги “Оскар” тақдирлаш маросимида “Иккинчи даражали энг яхши роль” номинацияси ғолиби бўлган эди. Ўшанда актриса гарчи мукофотни қўлга киритган бўлса-да, залнинг бошқа жойида, оқ танлилардан алоҳида креслода ўтиришга мажбур бўлишган. Фақат 1950 йилга келибгина, илк бор бош роль ижроси учун қора танли актриса Дороти Дэндриж “Кармен Жонс” фильмидаги роли учун мукофотга номзодини қўя олган. Ундан кейин Сидни Пуатьенинг номзоди қўйилган, бироқ унинг номи ҳайъат кенгаши томонидан тасдиқланмаган ва у мукофотни 1964 йилга келиб қўлга киритган. Улардан сўнг, 37 йил ўтиб, 2001 йили қора танли актриса сифатида Хэлли Берри “Маҳлуқлар бали” мелодрамасидаги роли учун “Оскар”га лойиқ кўрилган.
Албатта, “Оскар”га номзоди қўйилган актёрлар, актрисалар жуда кўп. Улар сирасига Лоуренс Фишборн, Уилл Смит, Жейми Фокс, Форест Уитакер, Морган Фриман каби маҳоратли актёрларни киритиш мумкин. Аммо санаб ўтилган актёрларнинг ҳали бирортаси бу мукофотга муносиб кўрилмаган. “Оскар” таъсис этилганидан бери топширилган жами 887 та мукофотнинг атиги 15 тасигина қора танли актёрларга тегишли. Худди ўтган йилги каби бу йил ҳам, “Оскар”га номзодлар орасида қора танли ижодкорларнинг йўқлиги норозиликларга сабаб бўлишга арзигулик воқеа, шундай эмасми?
“Оскар”ни сўнгги бор 2013 йили “12 йил қулликда” фильмидаги иккинчи даражали энг яхши роли учун қора танли актриса, модель Люпита Нионго қўлга киритган.
“Оскар” тақдирлаш маросими туфайли кўтарилган жанжалдан сўнг, Америка киноакадемияси Президенти Шерил Бун Айзекс (Айзекс академияга 2013 йили Президент этиб сайланган. У академияга Президент сифатида сайланган учинчи аёл. Бунинг устига у афроамерикан миллатига мансуб) номзодлар борасида катта ўзгаришлар киритилишини айтиб ўтган. 2012 йилги статистик маълумотларга кўра, ҳозирда академияда тахминан 6 мингта кино ва санъат вакиллари бор. Уларнинг 77 фоизи эркаклар ва ана шу 77 фоизнинг 94 фоизи оқ танлиларни ташкил этади. Уларнинг ўртача ёши 63 да.
2016 йилги 88-“Оскар” мукофотларини топшириш маросимида комик актёр Крис Рок бошловчилик қилиши лозим. “Naughty Gossip” нашри берган маълумотларга кўра, Крис икки ўт орасида қолган. Уни юқорида айтиб ўтганимиздек, кино соҳасининг қора танли вакиллари тақдирлаш маросимида бошловчилик қилишдан воз кечишга кўндиришмоқда. Бошқача қилиб айтганда, кўнишга мажбур қилишмоқда. Бу орқали улар қора танлиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлигини билдириш ва ирқчиликка чек қўйишга эришмоқчилар. Унинг бошловчилик қилиши киноакадемиклар ва мухлислар томонидан маъқулланган. 2005 йилдаги тақдирлаш маросимини Крис олиб боргани учун кейинги йилларда маросимга келган тамошабинларнинг сони сезиларли даражада ортган эди. 2005 йилдан кейин, айнан ўтган йили ҳам маросимга актёр Нил Патрик Харрис бошловчилик қилди. Шундан сўнг томошабинлар сони кескин камайди ва “Оскар”нинг ташкилий гуруҳи 2014 йил 37 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрди.
Крис Рокнинг ўзи бу ҳақда ҳали бирор фикр билдирмади. Табиийки, у ҳам номзодлар ичида фақат оқ танли актёрлар борлигидан ҳайратланган, бироқ фикримизча, у “Оскар” тақдирлаш маросимида бошловчилик қилишдан воз кечмайди. У норозиларга нисбатан қарши фикр билдирмоқда ва тақдирлаш маросимида иштирок этиши, хусусан, бошловчилик қилиши қора танлиларга бўлган муносабатнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бундан ташқари, у комик сифатида айнан оқ танлилар учун антиқа ҳазилларни тайёрлаб қўйган бўлса ажабмас.
“Оскар 2016” тақдирлаш маросимида “Энг яхши актёр” номинациясида бир нечта актёрларниг номзоди қўйилган.
Улар “Трамбо” фильмидаги роли учун Брайан Крэнстон, “Марслик” фильмидаги роли учун Мэтт Деймон, “Тирик қолган” фильмидаги роли учун Леонардо Ди Каприо, “Стив Жобс” образи учун Майкл Фассбендер, “Даниялик қиз” фильмидаги роли учун Эдди Редмэйн. Леонардо Ди Каприонинг мукофотни қўлга киритиш эҳтимоли бошқаларникидан кўпроқ. Чунки у тўрт марта ушбу номинацияга номзодликка қўйилган, аммо ҳар гал “қуруқ” қолган. Энг қизиғи, номзодларнинг барчаси оқ танлилар!
Энг яхши актриса номинациясига эса “Хона” фильмидаги роли учун Бри Ларсон, “45 йил” фильмидаги роли учун Шарлотта Рэмплинг, “Бруклин” фильмидаги роли учун Сирша Ронан, “Кэрол” фильмидаги роли учун Кейт Бланшетт ҳамда “Жой” фильмидаги роли учун Женнифер Лоуренснинг номзоди кўрсатилган. Улар орасида эса мукофот Бри Ларсонга насиб этиши эҳтимолда ҳоли эмас. У шу бугунгача “Олтин глобус” ва “Танқидчилар танлови” мукофотларини қўлга киритган.
АҚШ киноакадемиясининг номзодлар масаласини кўриб чиқиши ва адолатли қарор қабул қилишини афроамерикаликларнинг аксарияти катта интизорлик, бошқа маънода талаб билан кутмоқда. Биз севиб кўрган ва кўраётган кўплаб Голливуд фильмларида қора танли актёрларнинг ижро этган роллари таҳсинга сазовор, албатта. Қора танли актёрлардан Морган Фриман, Эдди Мёрфи, Мартин Лоуренс, Уилл Смит, Уэсли Снайпс, Крис Такер, Дензел Вашингтонларни, актрисалардан эса Хэлли Берри, Люпита Нионго, Керри Вашингтон, хонанда ва актриса Уитни Хьюстон, Бейонс, Женнифер Лопес, Тайра Бэнкс каби яна ўнлаб маҳорат эгаларини санаб ўтиш лозим. Уларнинг ҳар бири Голливудда ўйнаган кассабоп фильмлари учун “Оскар” мукофотига лойиқ! Ахир уларнинг баъзилари аллақачон қарилик гаштини сурмоқда, балки “Оскар”дан умид ҳам қилмаётгандир. Киноакадемия вакиллари кимни қайси фильмдаги роли учун номзод қилиб кўрсатишларидан қатъи назар, нафақат АҚШ балки бутун дунёда қора танли актёр ва актрисаларнинг ижодини кузатадиган, улар иштирокидаги ўлмас фильмларни тамоша қилаётган ҳар бир киномухлис мукофот аслида кимга берилиши кераклигини билади ва уларга холисона баҳо бера олади. Бир неча кун ичида “Оскар-2016” тақдимот маросими номзодлари рўйхатида ўзгаришлар содир бўлиши кутилмоқда. Биз, севимли актёр ва актрисаларимиз қаторида АҚШ киноакадемиясининг адолатли қарорини кутамиз ва воқеалар ривожини кузатамиз.