“Хитойлик пули кўп одамлар шундай таклифлар билан чиқишадики, буни рад этиб бўлмайди”, дейди Оскар.
“...“Шанхай” билан музокаралар олиб борган вақтимда, Европанинг етакчи жамоалари билан ҳам музокара олиб бордим.
Улардан бири Мадриднинг “Атлетико” жамоаси эди. Мадридликлар менга жиддий таклиф билан чиқишди ва деярли бу жамоа таркибига кўчиб ўтишга яқин эдим. Жамоа муҳити ва шартнома шартлари ҳам мени қониқтирарди.
Фаолиятимга, шунингдек, “Ювентус”, “Интер”, “Милан” каби жамоалар қизиқиш билдиришганди. Умуман олганда, олдимда вариантлар жуда кўп эди. Бироқ “Шанхай”ни танладим, аммо Европага қайтиш имкониятим ҳали ҳамон йўқ эмас.
Хитойга ўтганимда, фаолиятимдан кўра, оила аъзоларим ҳақида кўпроқ ўйладим. Европанинг кучли жамоаларидан яхши таклифлар бўлаётганди. Деярли барча футболчи кўпроқ пул ишлаб, оиласига ёрдам беришни истайди. Мен ҳам бечора оиламга кўпроқ пул ишлаб фойда келтирмоқчи эдим.
Хитойлик пули кўп одамлар шундай таклифлар билан чиқишадики, буни рад этишнинг иложи йўқ. 2–3 йилдан кейин Европага қайтишга умид қиламан”, дейди Оскар.
Маълумот учун, Оскар Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов билан бирга Хитойнинг “Шанхай СИПГ” жамоасида тўп суради.
Бразилиялик футболчи бундан бир йил аввал Лондоннинг “Челси” клубидан Хитойнинг ўртамиёна “Шанхай СИПГ” жамоаси футболчисига айланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ яна бир бразилиялик футболчи Виллиан эски бутсаларини доим муҳтож одамларга беришга ҳаракат қилиши ҳақида хабар бергандик.