Шаҳрисабз шаҳрининг юбилейи муносабати билан суратга олинаётган ҳужжатли фильмда Амир Темур ролини спорт устаси Ҳабибулла Низомов ижро этяпти.
Ҳабибулла Низомов, актёр, спорт устаси:
— Бу суратни ижтимоий тармоқларга жойлаштирганимдан буён саволлар тинмаяпти. Кун келиб менга бундай масъулиятли вазифани топширишади деб ўйламаган эдим. Албатта, Амир Темур ролини ҳар бир актёр ижро этишни орзу қилади. Нозим Аббосов томонидан менга берилган таклиф кутилмаган бўлди. Ушбу ҳужжатли фильмда иккита ролни ижро этганман.
Шу вақтга қадар буюк бобокалонимиз, улуғ саркарда, сиёсатчи ва нотиқ Амир Темурнинг портретларини жуда кўп кўрганмиз. Унинг қиёфасидаги ҳар бир чизги хотирамизга шундоққина муҳрланган. Темур образини ижро этаётган Ҳабибулла Низомовнинг қиёфасида ҳам ана шу чизгиларни кўрдик.
Нозим Аббосов, кинодраматург, режиссёр:
— Ҳабибулла келажаги порлоқ актёр. Уни “Дилор, Дилор, дил ва ор” фильмига таклиф қилганимизда жуда кўп кинотанқидчилар бизга қарши чиқишганди. “Бу йигит актёр эмас, у спортчи, бундай масъуллиятли вазифани унга ишониб бўлмайди”, – дейишган. Жуда узоқ давом этган баҳсларимиз ўз натижасини бериб, Ҳабибулла ишончимизни оқлади. Ўша вақтлардаёқ мен унинг қиёфасида Темур образига хос чизгиларни кўрган эдим. Мана, орадан вақт ўтиб ҳеч қандай пробаларсиз уни бу ролга таклиф қилдик. Ўйлашимча, Амир Темур роли ниҳоят ўз эгасини топди.
Фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистон Давлат амалий санъат музейида олиб борилди. Сценарий муаллифи Маҳмуд Тўйчиев.