ДТМ бўлимларига бир ой муддатда барча шарт-шароитларга эга 3 тадан алоҳида хона ажратилади.
Қарорда сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини топширувчи абитуриентлар сонининг ошиб бориши йилига ўртача 10 фоизни ташкил этаётгани, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 мингдан ошиқ абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширгани, 2018 йилда бу рақам 810 мингдан ортиқ бўлиши кутилаётгани қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги қарори билан 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб кириш тест синовларини катта сиғимдаги биноларда видеокузатувлар орқали кенг жамоатчиликка онлайн режимда кузатиб бориш имкониятини яратган ҳолда ўтказиш, тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига расмий сайтда эълон қилиш белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Давлат тест маркази таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона ваколатли давлат бошқаруви органи деб ҳисобланади.
Қуйидагилар Давлат тест марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;
- тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;
- чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.
Давлат тест марказининг марказий аппарати тузилмасида Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Давлат тест маркази фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда ДТМ бўлимлари учун ҳудуд марказларида жойлашган, коммуникация тизимларига эга бўлган бинолардан 3 тадан алоҳида хона ажратади ҳамда уларни зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозлайди.
Қарорда Давлат тест марказининг ҳудудларда ташкил этиладиган бўлимлари нима фаолият билан шуғулланишига аниқлик киритилмаган.