Ижтимоий тармоқларда боғча тарбиячиси болаларнинг юзига ураётгани акс этган видеолавҳа муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ушбу видеотасвир қачон, қаерда, қайси мактабгача таълим муассасасида суратга туширилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизмати “Qalampir.uz” га вазирлик ушбу ҳолатни ўз назоратига олганини, тезкор ишчи гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилди.
Шунингдек, текширув якунлари билан аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича вазирлик жамоатчиликни хабардор қилиб боришини билдириб ўтган.
Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 17 мартидан бошлаб тасдиқланган МТМларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш меъёрлари белгиланган.
Мазкур ҳужжатга кўра, мактабгача таълим муассасаси ҳудуди, ўйин майдончалари интернет орқали кузатиш имкониятига эга бўлган видео кузатув техникаси билан жиҳозланиши ҳақида маълумот берган эдик.
Мазкур тадбирнинг жорий қилиниши бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва мактабгача таълим муассасаларида тегишли тартиб ўрнатилишига олиб келиши мумкин. Зеро, боғчадаги болаларга бундай шавқтсиз муомала қилиниши Ўзбекистондаги ҳеч бир ҳуқуқ қоидаларига тўғри келмайди.