Ихтиёр Абдуллаев Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида сўзга чиқди.
Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни юзасидан ўз фикрларини билдирди:
“Президентимиз фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонни ривожлантиришга оид Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз барча соҳаларида янги ислоҳотлар амалга оширилишига замин яратди.
Бу жараёнда, албатта, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юртимизни нафақат ташқи, балки ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардандир”.
Шунингдек, ДХХ раиси бугунги кунда Давлат хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган бузғунчи сиёсий кучлар фаолияти ва қарашлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга қўшни давлатлар Афғонистоннинг шимолий ҳудудида ИШИД, “Толибон” ҳаракати, “Туркистон ислом ҳаракати” ва бошқа бир қатор гуруҳларнинг фаоллашуви, жанговар ҳаракатларда қатнашган Марказий Осиё давлатларидан чиққан жангарилар турли давлатлар орқали Ўзбекистонга қайтиб келаётгани масаласи янги таҳдидларга сабаб бўлаётганини билдирди.
“Бирлик”, “Эрк” сингари бузғунчи сиёсий кучлар бугунги кунда Ўзбекистонда ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринмоқда. Уларнинг режаси бугун қонунийлаштириш, эртага эса вазиятни издан чиқариш”, деб таъкидлади Сенатда сўзлаган нутқида Абдуллаев.
Абдуллаевнинг таъкидлашича, кейинги вақтларда диний соҳада берилган эркинликларни айримлар нотўғри талқин қилаётгани оқибатида, диний ақидапарастликнинг кучайиб бораётганлиги, айрим ҳудудларда салафийлик оқимига кириб қолаётганлар, соқол қўйишни ўзига одат қилиб, турли оқимларга киришга ҳаракат қилаётган ҳамда қизлар учун алоҳида ўқув хоналари ташкил қилиш талаби билан чиқаётган шахслар учраб турибди.
Шунингдек, қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилиши, Ўзбекистонга келаётган зарарли инвестициялар сонининг кун сайин ортиб бораётгани, шунингдек диний экстремистик руҳдаги адабиётлар, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғларни олиб киришга уринишлар эҳтимоли кучайиб бораётгани маълум даражада маълум таҳдидларни юзага келтирмоқда.
ДХХ раиси мамлакат хавфсизлигини таъминлашда хавфсизлик хизмати ходимларининг ўрни ҳақида қуйидагиларни гапирди:
“Қонун асосида хизмат ходимлари мамлакатимиз конституциявий тузуми ҳудудий яхлитлиги, бошқарув тизимидаги давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупциявий ҳолатларга, юқори лавозимдаги шахслар, уюшган жиноий гуруҳларнинг коррупциявий ҳаракатлари, ноқонуний давлат харидлари, тизимли коррупцион жиноятларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш борасида изчил фаолият юритади”.