Аризага асосан текширув-суриштирув ишлари олиб борилади. Унга кўра Султонова Нилуфар охирги марта Пўлатжон Турғунбоев исмли йигит билан учрашгани аниқланади.
Нилуфар оилада ёлғиз фарзанд, онаси Назира Туратованинг овунчоғи, суянчиғи эди.
Жорий йилнинг 6 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ИИБга Нодира Аҳмадқулова номидан ариза келиб тушади. У жияни Нилуфар Султонова 2 январь куни куни тахминан соат 12:00 атрофида уйдан ўзининг Spark русумли машинасида чиқиб кетиб, бедарак йўқолгани ёзилган.
Аризага асосан текширув-суриштирув ишлари олиб борилади. Унга кўра Султонова Нилуфар охирги марта Пўлатжон Турғунбоев исмли йигит билан учрашгани аниқланади.
Йигит терговга жалб қилганидан сўнг маълум бўлишича, улар 2 январь куни тахминан соат 16:00 атрофида учрашишади. Нилуфарга дўсти Бобур Умаровни Ғазалкентдаги уйига олиб бориб келишини айтади. Улар биргаликда Пўлатнинг Epica русумли машинасида Тошкент вилояти томон йўл олади.
Пўлат машинани Тошкент – Ғазалкент йўлидаги овлоқроқ бир жойда тўхтади. Орқа ўриндиқда ўтирган Бобур Нилуфарнинг бўйнига сиртмоқ солмоқчи бўлганида буни сезиб қолган қиз машинадан тушиб қочишга уринади. Уни яна зўрлаб машинага ўтқизишади. Бобур Нилуфарнинг ўнг қўл билак соҳасига пичоқ санчиб, қизни жароҳатлайди.
Нилуфарнинг бўйнига Бобур яна сиртмоқ солади. Ҳолсизланиб қолган қиз унга қаршилик қилолмайди. Ошиғи Пўлат эса унинг қўлини ушлаб туради.
Бу икки жиноий шерик мурдани машинанинг орқа багажига солиб, Нилуфарнинг Spark машинаси қолдирилган жойга қайтиб келишади. Мурдани Epica’дан олиб Spark’нинг орқа багажига солишади. Сўнгра машинани Пўлатнинг уйи томон ҳайдаб кетишади.
Воқеа содир бўлган куни соат 23:30ларда қизнинг мурдасини Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи “Дамариқ” каналига оқизиб юборишади. Жиноят вақтида ишлатилган ашёвий далилларни ҳамда пичоқ ва арқонни ҳам каналга ташлашади.
2018 йил 12 январь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани Кўксарой ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дамариқ” каналидан Нилуфарнинг мурдаси топилади.
Нафс қулига айланган жиноятчиларга нисбатан Тошкент вилояти Жиноят судида ҳукм ўқилади.
Унга кўра Пўлатжон Турғунбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “и”, “б” бандлари билан 19 йил муддатга, 164-модда 3-қисми “г” банди билан 14 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда “Қисман тайинловга жазо қўшиш” йўли билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бобур Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “и”, “б” бандлари билан 17 йил муддатга, 164-модда 3-қисми “г” банди билан 12 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда “Қисман тайинловга жазо қўшиш” йўли билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.