...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Шавкат Мирзиёев селекторда аҳолининг муаммолари акс этган видеони намойиш этди


12:23, 10.08.2017 Жамият
 5 662

Президент: Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб, одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб, оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб, шу кўйга тушмадикми?

Видеоконференция кўринишида ўтган селектор йиғилиши аввалида ҳудудлардаги мавжуд муаммолар акс этган видеоролик намойиш этилди. Унда маҳаллий аҳоли ҳам таълим, тиббиёт, ижтимоий инфратузилма соҳаларидаги муаммолари хусусида тўхталиб ўтганлар. Камчиликлар очиқ-ошкора ёритилган видеолавҳадан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокчиларга қарата “Бу кинони кўрганларингиздан кейин, сизлар қандай хулоса қила оласизлар?”, деб савол берди. Бироз жимликдан сўнг, Шавкат Мирзиёев ўз сўзини қуйидагича давом эттирди:
 
  • Видеолавҳадаги камичилик ва муаммо учун ким жавобгар? Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб, одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб, оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб, шу кўйга тушмадикми? Ҳалиям биз барчамиз бардош бергани, чидагани учун ўз халиқимиз олдида бош эгиб, сажда қилишимиз керак. Мана шу фильмни кўрган виждони бор раҳбар ўзига савол беради: Мен бу даргоҳда ўтиришга ҳаққим борми? Виждони бор раҳбар бўлса, бу саволга жавоб топиши керак.
 
Йиғилишда ўтган давр мобайнида Ўзбекистонни ривожлантиришга йўналтирилган 20 та қонун, 180 та фармон, 450 та қарори қабул қилингани қайд этилди. Бу ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашда барча раҳбарлар бирдек масъул эканлиги ва уларнинг масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
 
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жойларда аҳоли ҳамда Бош вазир, вазир ўринбосарлари, вазирлар, тармоқлар раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари мавжуд муаммолар тўлиқ бартараф этилмаганини кўрсатмоқда. Бунга эса марказий органлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда қуйи бўғин ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатилмаганли сабаб бўлмоқда. Аксарият масъул шахслар фақатгина кўзга кўринадиган камчиликни бартараф этмоқда. Жойлардаги ҳақиқий ҳолат танқидий баҳоланмаётганлиги ҳам муаммолар кўпайишига сабаб бўлувчи омиллардан бири.
 
Кўплаб ташкилотлар ва идораларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир энг муҳим дастурларни амалга ошириш ўрнига аксарият ҳолларда йиғилишлар ўтказиш ва пухта ўйланмаган қарорлар чиқариш, амалий иш қолиб, қоғозбозлик билан шуғулланиш ҳолатлари учраб турибди. Шу сабабдан Шавкат Мирзиёев вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, ҳокимликлар мажлислар сонини кескин қисқартириш зарурлигини таъкидлади. Бош вазир Абдулла Арипов ва Бош пркурор Ихтиёр Абдуллаевга мажлисбозлик, қоғозбозлик, ҳисоботбозликни кескин камайтириш вазифаси юкланди.
 
Жойлардаги аҳволни баҳолаш учун махсус ишчи гуруҳ 8 та вилоятда вазият ўрганиб чиқилди. Хусусан, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ва Навоий вилоятларининг айрим туманларида ичимлик суви таъминоти қониқарли эмас, кўп қаватли уйларнинг томи таъмирталаб, оқова сув тизими ишдан чиққан. Барча вилоят марказларида иссиқлик таъминоти тизими деярли ишламайди. Кўплаб туманларда электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини капитал таъмирлаш кечикмоқда.
 
Ҳудудларда чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ишлари ташкил этилмаган. Бу муаммоларга Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, ҳокимлар, идоралар раҳбарлари эътибор қаратишлари лозим.
 
Йиғилишда маънавий муҳит масаласи ҳам кўтарилди. Фарғонада вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ўсганлиги қайд этилди. Ўтган 7 ой мобайнида вилоятда вояга етмаганлар томонидан 129 та жиноят содир этилган. Вилоятдаги 10 та шаҳар ва туманида вояга етмаган болаларни уйда яширинча диний ўқитиш ҳолатлари аниқланган. 
 
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманларни комплекс ривожлантириш масалалари бўйича секторлар ташкил қилиниб, уларга ҳоким, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошчилик қилмоқда. Ушбу секторлар иши “маҳалла – туман – вилоят – республика” кетма-кетлиги асосида ташкил этилиб, уларнинг вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилди. 
 
Шавкат Мирзиёев сектор раҳбарлари ҳисоботларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларида тинглаб бориш тизимини жорий этиш кераклиги таъкидлаб, секторлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш, уларнинг фаолиятини, ишининг натижаларини халққа танитиш зарурлиги ҳақида сўзлади. Бу масала юзасидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига жойлардаги секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларни ёритиш учун марказий ва маҳаллий теле- ва радиоканалларда алоҳида кўрсатув ва эшиттиришлар, газета ва журналларда алоҳида рукнлар ташкил этиш вазифаси топширилди. 
 
Президент Шавкат Мирзиёев йил якунланишига 5 ойдан кам вақт қолганини, бугунги кунда ҳар бир бўғиндаги раҳбарларнинг энг муҳим вазифаси 9 ой ва умуман, 2017 йил учун белгиланган барча прогноз ва мақсадли кўрсаткичлар, дастур ва топшириқлар, айниқса, ҳудудларга сафарлар давомида берилган топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашдан иборат эканини алоҳида қайд этди. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Селектор Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар