Ўзбекистондаги миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган сиёсат алоҳида эътироф этилди.
Давлат раҳбари юқори мартабали меҳмонни қутлар экан, Рус православ черкови раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатлар ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим воқеа эканини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий ва юқори даражадаги фаол мулоқот барча йўналишлардаги амалий ҳамкорликка жадал суръат бағишлагани, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Патриарх Кириллнинг ташрифи икки давлатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари муҳокама қилинди.
Патриарх Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Ўзбекистонда Рус православ черкови фаолиятига кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, христиан динига эътиқод қилувчиларнинг тўлақонли маънавий ҳаёти йўлида яратилган шароитлардан ғоят хурсанд бўлганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида Россия православ черкови раҳбари Ўзбекистон давлат тузилмалари ва Мусулмонлар диний идораси раҳбарияти билан учрашувлар, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташрифлар ўрин олгани ҳақида бундан олдинроқ хабар берган эдик.
Азиз муштарийларимиз юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистонга ташрифига оид хабар ва видеолавҳаларни миллий телеканаллар орқали томоша қилишган бўлишлари мумкин.
Биз мазкур ташриф Россия Федерацияси телеканаллари орқали қандай ёритилганига эътиборингизни қаратмоқчимиз...