Сурия лагеридаги 44 киши орасидан 9 нафар бола ва 2 нафар аёл Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари эканлиги маълум бўлди.
Хабарда айтилишича, 30 дан ортиқ россияликлар ўз фарзандлари билан, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамда қозоғистонлик бўлган 11 нафар аёллар ва болалар яқин орада Суриядан Грузияга “кўчирилади”.
“Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидан Сурия лагерларида бўлган 44 нафар аёл ва болани топишга муваффақ бўлганимизни мамнуният билан хабар қилмоқчиман. Улардан 9 нафар бола ва 2 нафар аёл Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари эканлиги маълум бўлди. Қолганлари эса Россия Федерациясининг Бошқирдистон, Орел, Доғистон ва бошқа ҳудудлар фуқаролари. Жумладан, улар орасида чеченистонлик 10 аёл ва болалар ҳам бор”, деб ёзган Рамзан Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, у Ўзбекистон ва Қозоғистондан бўлган аёллар ва болалар ҳақида хабар топганида уларни у ердан олиб чиқиш учун бор куч-ғайратни ишга солишни буюрган.
“Агар буни ҳозир қилмасак, улар ўша ердаги жаҳаннамда тирик қолсаларда, узоқ йиллар давомида озодликдан маҳрум бўлиб яшашларига тўғри келади. Энг яқин орада, келаси ҳафта бошларида 44 кишилик бу гуруҳ Грознийга келтирилади”, деди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Тошкентга келгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировни қабул қилгани, Чеченистон раҳбари устози Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қабри ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилгани ҳақида хабарлар берган эдик.