...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: ота 4 яшар қизини аёвсиз калтаклагани интернетни ларзага келтирди


21:49, 12.11.2017 Жамият
 20 712

Қизалоқ эса кўз ёшларини артиб, “Йўқ сизга керакмасман, ҳозир кетаман, урманг” дея ёлвориши нақадар дилни азоблайди.

Бу дунёда фарзанддек ширин неъмат бўлмаса керак. Фарзанди борлар ота-оналик туйғуси қанчалик ёқимли ва сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ҳисларни ҳадя этишини яхши билишади.
 
Жажжи қўлчалари билан сизнинг қўлингизни тутиб, кўзларингизга беғубор нигоҳини ташлаган гўдак фариштанинг ўзи эмасми? Ҳар бир аёл ва эркак илк фарзандини қўлга олган кунидан бошлаб, шукроналар айтишдан тинмаса керак. Аммо орамизда юраги “тош”лар ҳам борлиги ачинарли...
 
Қуйида тақдим этмоқчи бўлган видеомизни юраги бўшлар томоша қилишини тавсия қилмаган бўлар эдик. Бу видеони кўз ёшсиз кўришнинг имкони йўқ...
 
Ота ўзининг 4 ёшлар чамасидаги қизини калтаклаб, ҳақоратласа... Етмагандек буни ўз телефонига камерага олса... Бундан ортиқ пасткашлик бормикин?
 
Ота қиёфасидаги ваҳший бу инсонга меҳр-муҳаббат туйғулари йироқлиги аниқ. Ҳа, ҳа айнан ваҳший инсон! Видеони томоша қилган ҳар қандай инсон ана шундай хулосани бериши тайин.
 
Ўзининг жажжи қизалоғини хўрлаган инсон ўз қилмишидан “фахрланиб” видеога олганми ёки қизнинг онасига юборганмикан? Ҳа, юборган!
 
Бегуноҳ ва беғубор қизчанинг “урманг” дея ёлвориши, унинг кўз ёшлари наҳотки отанинг қалбини титратмаган? Видеодаги отага саволларимиз бисёр аслида.
 
Ушбу видео кеча, 11 ноябрь куни “Ўзбекистон” телерадиоканали  орқали эфирга узатилган “Учбурчак” ток-шоусида намойиш этилди.
 
Видеодаги гап-сўзлардан шуниси маълум бўлдики, қизалоқнинг онаси 2 йилдан буён Ўзбекистонда эмас. Онаси Туркияга кетганлигини отаси видеода кўп бора таъкидлаган.
 
“2 йилдан бери сенларни ким боқяпти? Менга керакмисан сен? Керакмассан. Онангга керакмисан? Онанг қаерда? 2 йилдан бери келдими, сенга шоколад олиб бердими?”, дея дўқ урган ота қизини калтаклаганча ана шу саволларни тинмай беради. Агар шўрлик қизча бу саволларга жавоб бера олганидами... Ахир отанинг ўзи бу саволларга жавоб бера олмайди-ку!
 
Қизалоқ эса кўз ёшларини артиб, “Йўқ сизга керакмасман, ҳозир кетаман, урманг” дея ёлвориши нақадар дилни азоблайди. Бешавқат ота ўгайдир деган фикр ҳам пайдо бўлади кишида. Шундай ҳам дейлик, бироқ жажжи қизалоққа қандай қўл кўтариш мумкин? Инсоният қонуниятлари ҳам бунга зиддир.
 
Бу видео “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилувчи “Учбурчак” кўрсатуви орқали намойиш этилганида, студияда кўз ёш тўкмаган, отани ланъатламаган томошабин қолмади.
 
Ўзбек халқини “болажон халқ” дея таърифлайдилар. Бунинг аксини намоён қилган бу видео бутун халқ ҳақида “янги”  хулоса уйғотмаслиги керак. Бу ҳолат содир бўлганида қариндош-уруғ қаерда эди? Қўни-қўшни нега хабар олмади? Тўғри, ҳозирги кунда ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Аммо маҳалла раислари қаерга қараяпти? Улар эмасми ўз маҳалласидаги ҳар бир хонадондаги муҳитни ўрганадиган инсонлар?! Афсуски, бу воқеадан улар бехабар кўринишади. Йўқса 4 ёшли қизчасини аёвсиз калтаклаган бу киши аллақачон қонун олдида жавоб берган бўларди!
 
“Учбурчак” кўрсатувида иштирок этган Ички ишлар вазирлиги ходими бу ҳолатни жиноят эканлигини хулоса қилди. Ота фарзандига нафақат жисмоний зарба берган, балки қизалоқнинг руҳиятига ҳам таъсир ўтказган. Шу сабаб у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши, жамоат ёки аҳлоқ тузатиш  ишларига жалб этилиши мумкин. Буни вақт кўрсатади, суд эса қонуний ҳукм қилади.
 
Айни вақтда қизалоқ қай аҳволда экани номаълум, аммо умид қиламизки, унинг келажакдаги ҳаёти меҳр-муҳаббатга бой бўлади. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Болалар Фарзанд Ота-она 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Нажмиддин
11:39 15.11.2017

11 ноябрь куни “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали эфирга узатилган “Учбурчак” ток-шоусида намойиш этилган видеода 4 яшар норасида гудакни калтаклаган ота - бу ота номига муносиб эмас! Бу ота эркак булса нега турмуш уртогини Туркияга юборади. Болада нима гунох? Бу "ота" ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 йилга озодликдан маҳрум килиш керак! Биринчидан: Эркак була туриб турмуш уртогини Туркияга юборгани учун. Иккинчидан: Ёш гудакга итдек озоб бергани учун. Учинчидан: Инсон зотига тугри келмаган тубанлик килгани, яъни гудакни калтаклаб ва яна масхара килиб уни видеога тушириб олгани учун. “Учбурчак” ток-шоуси каби курсатувларда намойиш этилган бунканги вокеалар факат курсатув булиб колмасдан, бунинг охиригача етиш ва конун ижросини тулик таъминлаш юртимизда адолатни тулик карор топишига яна бир сабаб булади. Шундай килсакгина хар хил разиллар, соткинлар, пасткашлар тубанлар ва узи уйда утириб турмуш уртогини Россияга, Дубайга, Туркияга, Корея ва бошка хориж давлатларига юбораётган даюслар сонини камайтирган буламиз!


to'lqin
10:41 14.11.2017

Qizni otasini ikkala qo'lini va bir oyog'ini kesib keyin qo'yib yuborish kerak


E'tibor
09:12 14.11.2017

Iltimos shu otasi kaltaklagan 4 yoshli qizchani menga farzandlikka beringlar unga dunyoda yaxshi insonlar juda ham ko'p ekanligini kursataman. Uni ona mehriga zor qilmay katta qilaman mani uch qizim bor 4 ta buladi va butun mexr muhabbatimi unga bag'ishlayman sizlardan iltimos menga farzandlikka berin bu jajji ma'suma go'dakni


saidaxmad
14:06 13.11.2017

xayf sendaka odamga farzand. vaxshiy xayvonlar xam o'z farzandiga mexribon bo'lishadi. kuchin shu bolaga yettimi?


Fayzi
09:31 13.11.2017

Assalomu alaykum! Sayt ijodkorlari, sizlarga katta rahmat. Ochig'i men bu videolavhani ozgina ko'rib, u yog'ini umuman ko'ra olmadim. Bu jajji qizaloqning xolatini ko'rib chidab tura olmadim, garchi ovossiz ko'rgan bo'lsam ham. Afsus! Ota-onaning muammosiga bu qizaloqning nima aloqasi bor, qizloq ota-onasing munosabatiga mas'ul emas-ku?! Xali javob berish kerak, Yaratgan oldida! Bu farzandlar ota-ona uchun omonat-ku!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар