...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Институтга олиб кирмоқчи бўлган “бункер” қанча абитуриентни қармоғига илинтирган?


13:46, 10.08.2018 Жамият
 5 656

Махсус гуруҳни Самарқанд чет тиллари институти талабаси Аброр Акрамжонов тузган.

Аввалроқ, Бош прокуратура қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Самарқанд вилоятида абитуриентларни ОТМга киритиб қўйишни ваъда қилган “бункер” фаолиятини фош қилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Берилган маълумотларга кўра, гуруҳ аъзоларидан бири Маъруф Нурмуродов навбатдаги абитуриентни Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
 
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида фирибгарларнинг ини Самарқанд шаҳар 4-кичик туман 83-уй 65-хонадонда эканлиги аниқланган. Жиноят жойидан олинган ашёвий далиллар гуруҳ фаолияти анчайин кенг қулоч ёзганини билиш мумкин.
 
Таъкидланишича, махсус гуруҳни Самарқанд чет тиллари институти талабаси Аброр Акрамжонов тузган. Гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг аниқ вазифалари белгилаб берилган – Учқун Авезов тест саволларини ечиб берадиган йигит-қизларни топиш билан шуғулланса, бошқа аъзолар – Маъруф Нурмуродов ва Миржамол Эргашевлар пули кўп абитуриентларни излаш билан машғул бўлган.
 
Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ ўз фаолиятида турли усуллардан фойдаланиб келган – имтиҳонга абитуриентга ўхшаш, билими бор, деб ҳисобланган шахс топилган ва у кириб тест саволларини ечиб берган. Агарда бунинг иложи бўлмаса, унда хуфиёна алоқа воситасидан фойдаланилган.
 
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Маъруф Нурмуродов ижарага олиб яшаётган хонадондан 97 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, 13 та абитуриентнинг қайд этиш варақаси, ҳужжатларни топширганлик ҳақида тилхатлар, 23 дона фуқаролик паспорти ва абитуриентлар рухсатномаларининг асл нусхалари топилган. Аброр Акрамжонов яшаётган уй кўздан кечирилганда эса, 14 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, Давлат тест маркази рухсатномалари ва бошқа ҳужжатлар ашёвий далил сифатида олинган.
 
2 йиллик фаолияти давомида гуруҳ қанчадан-қанча қинғирликлар қилгани ва унинг тўрига кимлар илингани-ю, чув тушгани ҳақидаги маълумотлар энди тергов ҳаракатлари давомида аниқланади.
 
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Акрамжонов, Нурмуродов, Эргашев, Авезов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (“бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш орқали анча миқдорда фирибгарлик қилиш”), 28-, 211-моддаси 1-қисми (“жиноятда иштирок этиш”), (“пора бериш”) билан жиноий иш қўзғатилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:ОТМ имтиҳон бункер коррупция Самарқанд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар