Ёшлар ўртасида китоб мутолаасига алоҳида эътибор берилмоқда.
Моҳинисо Шомуродова Нарпай туманининг Ноғорахона маҳалласида истиқомат қилади. Унинг отаси Шавкат Дўлановни бутун маҳалла аҳли, ҳамкасблари велосипеди билан танийди.
Шавкат Дўлановнинг машҳур велосипеди қизининг мувафаққияти билан Spark автомобилига айланди. У бу борадаги ҳаяжонини қуйидагича гапириб берди:
“Велосипедим турибди. Ҳозир қизимиз совға қилган машинани миниб юрипмиз. Бу жараённинг ҳиссиёти бошқача бўлар экан. Аввало, машинани миниб келаётганимда қўшниларим, қишлоқдошларим – ҳаммалари кўчага чиқиб турганини кўриб тўлқинланиб кетдим.
Қариндошларимиз, ошна-оғайниларимиз келиб табриклаб кетяпти. Буларни ҳис қилиб яна бир тўлқинландим. Бугун эса ишхонага машинани миниб бордим. Ҳамкасбларим табриклаганида яна бир карра тўлқинландим.”
Моҳинисо Шомуродова қўлга киритган ютуқ замирида зиёлилар оиласида яратилган муҳит катта рол ўйнади. Негаки, ота-онаси вояга етказаётган фарзандларига тез-тез китоб олиб беришни, уйидаги машғулотларга алоҳида эътибор қаратишни канда қилмаган.
Унинг бу даражага етишгани ҳақида онаси ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:
“Ёшлигидан китоб совға қиламан. Чунки бу нарсани менга отам ўргатган. Отам мен қандай ютуққа эришсам, менга китоб совға қилар эди. Шу яхши анъанани мен ҳам давом эттириб келяпман. Чунки отам тарбиялаган фарзандлар жамият учун керакли шахслар бўлиб етишди.
Қизим ғолиб бўлганида жуда севиниб кетдим. Кўзларимга ёш келди. Президентимизнинг ёшларга бераётган эътиборидан мамнун бўлдим.”
Моҳинисо 6-синфдан бери “Фаҳрий ёрлиқ”ларини йиғиб келади. Ҳозирда уларнинг сони 50 дан ошган.
Унинг ўзи китоб мутолааси ҳақида қуйидагиларни гапирди:
“Мен нечта китоб ўқиганиимни санаб кўрмаганман. Лекин мана шу “Ёш китобхон” Республика кўрик танловининг биринчи ва иккинчи шартлари учун жами 70 дан ортиқ китоб ўқидим. Учинчи ва тўртинчи шартлари учун эса ўқиган китобларимнинг сонини билмайман
Бир ўтирганимда ўзим учун ўқишим керак бўлган вақт ва миқдорни белгилаб олганман. Унга кўра, уч соатда 100 бет ўқишим керак, деб ҳаракат қиламан.
Ота-онам менга оилада шундай муҳит яратиб берганидан хурсандман ва уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан”.
Моҳинисонинг синфдошлари унинг бу мувафаққиятга эришганини ҳақиқий меҳнат, деб билишини ва у учун жуда хурсанд бўлганини таъкидлашди.
Унга берилган Президент совғаси – Spark автомобили биринчи бўлиб у тахсил олаётган мактабга келтирилди ва бу муассасада Нарпай туман ҳокими бошчилигида йиғилганлар Моҳинисонинг мувафаққияти учун катта байрам дастури ташкиллаштиришди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Навоий вилояти Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси “Навоийлик ёш ғазалхонлар” танловида вилоят ҳокимлигининг Spark автомашинасини ютиб олганини хабар қилган эдик.
Икром Раҳмон