Айиққа етарли миқдорда уйқу дори берилгмагани ва ўзбошимчалик билан уни қафасга солмасликка қарор қилингани шундай мудҳиш ходисага сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, ушбу кўнгилсизлик 11 февраль куни содир бўлган, бироқ бу ҳақдаги маълумот эндигина ошкор қилинган.
Оғирлиги 90 килограмм келадиган ёш қора айиқ номаълум сабабларга кўра, 2016 йилнинг ноябрь ойида жароҳатланганди. Даволаш ишларидан сўнг, уни Прачинбури провинциясига олиб бориб, озодликка қўйиб юборишга рухсат этилганди.
Миллий боғ раҳбарияти айиқни ёввойи табиат бағрига етказиш учун вертолётни танлади. Айиққа уйқу дори берилгач, миллий боғ ходимлари “уни қафасга солмасак ҳам бўлади” деган фикрга келишган.
Бироқ парвоз вақтида кутилмаганда уйғонган айиқ, саросималаниб ўзини ҳар ёққа урган ва охир-оқибат вертолётдан тушиб кетиб, нобуд бўлган.
Ҳайвонот олами ҳимоячиларнинг фикрларига кўра, агар айиқ вертолётда эмас, машинада олиб кетилганида, у тирик қолган бўларди. Бундан ташқари, ҳимоячилар айиққа етарли миқдорда уйқу дори берилмагани ва ўзбошимчалик билан уни қафасга солмасликка қарор қилингани шундай мудҳиш ходисага сабаб бўлганини айтишмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар Осиё ёввойи айиқларини озодликка чиқариш фикрининг ўзи ҳам хато бўлгани, бу турдаги айиқлар ўз жамоасига ўрганиб, кўникма асосида ҳаёт кечиришини ҳам таъкидлашган. Шунингдек, айиқнинг бошқа ёввойи ҳайвонлар билан рўбарў келиши унинг ҳаётини хавф остида қолишига ва нобуд бўлишига ҳам олиб келиши мумкинлигини билдиришган.