Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси ўтган йилни сарҳисоб қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йил иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда амалга оширилган ишлар натижалари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
2016 йилда комплекс бўйича жами 6,28 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, аҳолига 4,49 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди. 2015 йилга нисбатан ўсиш суръати мос равишда 124,2 фоиз ва 129,7 фоизни ташкил этди.
Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича 247,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди ёки режага нисбатан 115,5 фоизга, экспорт прогнози кўрсаткичлари ҳам ортиғи билан бажарилишига эришилди.
Мажлисда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кескин кенгайтириш, уларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини янада ошириш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш асосида мактабларда таълим жараёнини такомиллаштириш ва ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш ва ўстиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Комплекс йиғилишида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим муассасаларини замонавий дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларнинг корхона ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун салоҳиятли иш берувчиларни жалб этган ҳолда ихтисослашган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бир қаторда ўқитишнинг замонавий усулларини, янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини жорий этиш, етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш асосида таълим жараёнининг сифатини тубдан ошириш, мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштириш тизимидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келажакдаги режалар, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар батафсил кўриб чиқилди.
Мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев маърузаларида белгилаб берилган вазифаларни тизимли равишда бажариш, комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда 2017 йилнинг биринчи чорагида белгиланган режалар ижросини тўла таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.