...
МЕНЮ
ONLINE TV

Уруш йилларида ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилган Муҳаммаджон Саидовнинг ҳикояси


20:18, 09.05.2016 Жамият
 6 692

Улар матонати, жасорати ва мардлиги туфайли бугунгидек тинч замонда яшамоқдамиз...

“Жафокаш халқимиз асрлар давомида не-не оғир синовлар, машаққатли кунларни кўрмади. Ўз озодлиги, эркинлиги, тинч ҳаёти  йўлида курашиб, беҳисоб қурбонликлар берган ота-боболаримиз жасорати тарихий хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди”.
Ислом Каримов
 
Тарихдан маълумки, иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан урушга яроқли 50-60 фоиз, аниқроғи 1.433.230 киши урушга сафарбар этилди.
 
Иккинчи жаҳон уруши даврида 120 минг ўзбекистонлик жангчи Совет Иттифоқи орден ва медаллари билан мукофатланди. Жумладан, 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазавор бўлиб, 53 киши Шуҳрат орденининг учала даражасини олишга муваффақ бўлди.
 
Бугун эътиборингизга урушга кетган 1.433.230 киши орасида урушдан сўнг Ватанига қайтган уруш фахрийсининг умр йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.
 
Айни ҳикоя “Mytashkent.uz” интернет нашрига ўтган йили, Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи 1 ўрта мактаб ўқувчиси Муҳаммадова Дилфузадан келган. Унда Дилфуза бобоси Саидов Муҳаммаднинг уруш йилларидаги хотиралари ҳақида ёзиб, бобоси билан фахрланишини айтади.
 
— 2015 йили Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 70 йил тўлди. Бу урушда менинг бобом Саидов Муҳаммад ҳам қатнашган. Ҳозир (2015) у 93 ёшда. Бобом ўтган ёшлик йилларидаги уруш вақти ҳикояларини доимо ёдида сақлашини биламан. Чунки у бизга ўша йиллардаги йўқотишлар, касалликлар, очлик, жароҳатлар, дўстлардан айрилиш, оила аъзоларини кўришга бўлган интилиш ва соғинч ҳақида кўп гапиради. Гапирадию, кўзлари ёшга тўлади.
 


Бобом уруш йиллари ҳар қандай миллат, оила учун оғир синов йиллари бўлганини айтади. Унинг оддий аскар сифатидаги ҳикояси жуда таъсирли. У уруш йилларида ўзини бошқалардан фарқли бўлган, деб ҳисобламайди. У менга нимани айтиб берган бўлса, сизларга шуни унинг тилидан ҳикоя қилмоқчиман.
 
— Мен учун уруш 1942 йил Бухоро вилояти, Коракўл тумани военкоматидан фронтга чақирилган куним бошланган. Артиллерияга тушдиму, Сталинград йўналиши бўйича урушга жўнадим. Уруш вақтида аскарлар ўзаро бир-биримиз билан танишишга ҳам улгурмасдик. Ҳар куни кўплаб аскарларимизни йўқотардик. Ўшанда уруш майдонини, отилаётган ўқлар ва кўз олдимда нобуд бўлаётган аскарларни кўрганимда қўрққанманми, йўқми ёдимда йўқ. Фикримча, кўрққанман. Ахир жуда ёш бўлганман, ҳали оила ҳам қурмагандим. Қўрқаётганингни билдириш эса дўстлар орасида уят эди. Бироқ қалбимизнинг туб-тубида ҳаммамиз қўрқардик ва ҳар биримиз бизни ўлим чеклаб ўтишига умид қилардик.
 
Мен қўлимдан олган биринчи жароҳатимни яхши эслайман. 1942 йилнинг 25 февралида қўлимга ўқ тегди ва оғир яраландим. Кўп қон йўқотдим ва саросимага  тушиб қолдим. Уруш бир дақиқага ҳам тўхтамай давом этаётган майдондан мени ҳамшира қиз олиб чиқди. Орадан вақт ўтиб, ҳамшира қизнинг жасоратидан ҳайратландим. Ахир у мени ўқлар тинимсиз учаётган уруш майдонидан бир ўзи судраб чиққан-ку. Снаряд ва ўқларнинг овози эштилиб турарди, у эса бир-икки марта мени тортиқилади, кейин эса “тирикми ёки йўқми” деб кўзларимга қараб қўярди. Юзларимга тушаётган қор оғриқдан чарчаган танамни баттар музлатар ва тишларим ўзимга буйсунмай, тақилларди. Ҳамширани қўрқитиб юбормаслик учун оғриққа базўр чидардим. Унинг оч рангдаги сочлари қалин шапка устидан чиқиб турганини эслайман. Афсуски, мен унинг юзини ҳам кўра олмадим. Унинг исмни билмайман, эслай ҳам олмайман.
 


Шундан сўнг икки ойгача Москадаги госпиталлардан бирида даволандим. Қўлимни даволаш қийин бўлди, шу сабабли мени биз “соғломлаштириш батальони” деб атайдиган 273 захира госпиталига юборишди. Биз у ерда жанг қилмадик, ёрдамлашиб турдик, холос. Тузалганимдан кейин яна жангга кирдим!
 
1943 йилнинг ёзида Орловск шаҳрида жанг бошладик. Шундай кунларнинг бирида бутун бошли взводимиз бомба остида қолди. Ўшанда мендан бошқа ҳеч ким тирик қолмади. Ҳайрон бўлма набирагинам, ҳатто, мени ҳам ўлганлар рўйхатига қўшиб қўйишган экан. Мен эса Псковдаги госпиталларнинг бирида ярим йилга яқин даволандим. Қоракўлда эса мени ўлган деб ўйлаб, маъракамни ўтказишган эди.
 
Ўлим ҳақидаги қоғознинг нусхаси...
 
Взводнинг бомба тагида қолиши билан онамга мени ўлган, деб қора хат юборишди. Унда гвардиянинг қизил армия аскари Саидов Муҳаммад 1943 йилнинг 31 июлида жангда душман билан курашиб қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ва Орловск тумани Алехино станцияси яқинида дафн этилгани ёзилган.
 
Албатта, мен бу ҳақда билмасдим. Уйдагиларга эса ёзишни истамасдим. Онам мени иккинчи бор госпиталда ётганим ва оғир яраланганимни эшитса, юраги ёрилиб кетади деб ўйлардим. Ҳозир бундан жуда афсусланаман! Ахир Ўзбекистонга хат ёздириб юборсам ҳам бўларди-ку?! Менинг ўлимим ҳақидаги хабар онамнинг соғлиғини тортиб олди, умрининг йиллари менинг дардимда хазон бўлди. Ҳа айтганча, мен ҳозиргача ҳалок бўлган аскарлар рўйхатида тураман. Кўрдингми, урушда нималар бўлмайди?!
 
Ярим йил ўтиб, тузалиб, ўз қўлим билан хат ёздим ва мен тирик, саломат эканим, фашистлар билан жангда эканим ва тез орада ғалаба билан қайтишимни айтдим! Мен уруш туфайли Киев, Варшава, Краков, Прага, Лейпциг каби давлатларда бўлдим. Кейин эса Берлин учун уруш қилдик ва ғалаба қозондик. Мен мана шу давлатларнинг ҳар бири учун сафдошларим билан уруш қилганман. Сен урушнинг оғир кунлари ва мислсиз қон тўкилиши нима эканини кўз олдингга келтира оласанми? Ўзбекистон иссиқ ўлка, биз совуққа у қадар ўрганмаганмиз. Уруш бўлиб ўтган давлатларда эса совуқ жуда қаттиқ бўларди. Кузнинг ёмғирли кунлари дилни ўртаб юборарди. Буларнинг ҳаммасидан чарчаб биз ҳаммамиз, уйимиз, тинчлик ҳукм сурган шаҳримизни соғинардик. Ойлаб окопларда яшаб, бир-биримиз билан бир бурда нонни, мохоркани бўлишардик. Бир куни аскарлардан бирининг ўзбек тилида гапиришини эшитиб, она шаҳримга боргандек бўлдим. Одатда эса биз рус тилида сўзлашардик. Шу сабабли ҳам мен ҳам рус тилини яхши биламан.
 
Урушда нима бўлмасин уйга қайтишни, онам, акам ва укаларимни ўз кўзим билан кўришим кераклигини ўйлардим. Мен бирор қаҳрамонлик кўратиш ҳақида эмас, аксинча, ватанимни душманлардан ҳимоя қилиш ҳақида ўйлардим.
 
Омадим бор экан,омон қолдим! Мен билан бир сафда жанг қилган аксарият аскарлар эса нобуд бўлишди, кўплари бедарак йўқолган, бошқалар эса асирга тушган ва уларнинг тақдири нима бўлганини ҳеч ким билмайди.
 
Узоқ кутилган ғалаба ҳақидаги хабарни бизга 1945 йилнинг май ойида етказишди. Бироқ Германиядан уйга 1948 йилнинг 18 декабридагина қайта олдим. Нега? Ўша вақтда биз нега деб савол бера олмасдик. Аскар сифатида буйруққа бўйсунишимиз керак эди! Вақт ўтиб, 1948 йилнинг октябрида уйни жуда соғиниб кетгач, командирга мени захирага ўтказишини сўраб мурожаат қилдим.
 
Уй эшигини очганимда онам бўйнимга осилди. Очиғини айтсам, аввалига уни таний олмадим. Мен фронтга кетаётган маҳал у ёшгина аёл эди. Бироқ ўшанда кўксимга бошини қўйганча кекса аёл йиғларди... Шу сабабли уйга қайтишим ҳам қувончли, ҳам қайғули эди. Уруш йилларида очлик ва касалликдан айрим қариндошларим вафот этганини эшитдим. Улар орасида амакимнинг ўғиллари ва қизлари ҳам бор эди. Аммо онам ҳаммасига сабр қилган. У ҳам қаҳрамонлик кўрсатиб, болаларини оғир уруш йилларида ҳимоя қилган ва асраган. У мени урушда 6 йилдан ортиқ, урушдан кейин эса 4 йилга яқин кутганди.
 
Шу билан уруш йиллари мен учун мангуга тугади ва узоқ тинч ҳаёт бошланди. Яратганга шукрки, урушдан сўнг менинг ҳаётим изига тушди. 1949 йилнинг февралида мен уйландим.
 
Раҳматли турмуш ўртоғим билан узун ва мазмули ҳаёт кечирдим. Фарзандларимиз билимли бўлишди, набираларни дунёга келтириб беришди. Ҳозир ҳеч нарсага муҳтожлигим йўқ, қайтага давлатимиз ва яқинларимнинг меҳр-муҳаббати ортиғи билан кўнглимни нурафшон этаяпти – дейди уруш фахрийси Муҳаммад Саидов.
 
Бобомнинг ҳикоясини эшитиб, у билан фахрланиб кетаяпман! Мен Иккинчи жаҳон урушида душманга қарши мардларча курашган ва ғалаба билан уйига қайтган аскарнинг набирасиман. Уруш йилларидаги жасорати учун, кўксини безаб турган медаллар учун ундан миннатдорман, мен унинг набираси эканимдан ғурурланаман.
 
Бобом билан бувимнинг 10 та фарзанди бўлган. Уларнинг бири менинг отам. Байрам куни уйга бобомни кўргани келганимизда, меҳмонхонага сиғмай ҳам қоламиз. Набира, чевара, эвараларнинг ўзи, салкам юз кишимиз.
 
Бобомиз ҳаммамизни танийди, ажрата олади. Ҳар биримизнинг туғилган кунларимизни билади! Туғилган кунимда бобом ўзининг қўл телефонидан мени табриклаб қўнғироқ қилади. Ҳозирда бобом дам олмасдан, ҳеч кимнинг ёрдамисиз тўртинчи қаватга чиқа олади. Бир неча йил аввал у Маккани зиёрат қилиб, Ҳаж сафарини адо этди ва ҳожи ота бўлди. Менга бундан ортиқ бахт йўқ дейди бобом.

Теглар:Муҳаммаджон Саидов Иккинчи жаҳон уруши Хотира ва қадрлаш куни 9 май 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар