Ўзбекистон Суперлигасида жами 12 та, Про-лигада эса 16 та жамоа иштирок этади.
Белгиланганидек, Ўзбекистон Суперлигасида жами 12 та, Про-лигада эса 16 та жамоа иштирок этади.
ЎФФ ўтказган такрорий ўрганишлар жараёнида Қувасойнинг “Цементчи” ҳамда Муборакнинг “Машъал” клублари томонидан Суперлигада иштирок этувчи футбол клублари олдига қўйилган талаблар тўлиқ бажарилмагани, мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилмагани аниқланди.
Яъни, “Цементчи” футбол клубининг ўқув машғулот базаси, ётоқхонаси таъмирталаб, шунингдек футбол клуби ўзининг футбол мактаби йўқ. Клубнинг аёллар жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган стадион янги мавсумга тайёр эмас.
Шунингдек, “Машъал” футбол клубининг стадиони ҳам янги мавсумга умуман тайёр эмаслиги маълум бўлди. Футбол клубининг ўқув-машғулотлар базаси, мини футбол жамоаси инфратузилмасида ҳам шу ҳолат. Клубнинг аёллар жамоаси учун ҳудудда умуман шароит яратилмаган, футбол мактаби ачинарли аҳволда.
Уларнинг ўрнига, гарчи чемпионатни қуйи поғонада якунлаган бўлса ҳам, лицензиялаш бўйича талабларга жавоб берадиган Фарғонанинг “Нефтчи” ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клублари Суперлига-2018 иштирокчилари қаторига қўшилди.
Мазкур футбол клубларининг Суперлигада иштирок этиш учун белгиланган талабларни етарлича бажарганлиги инобатга олинди.
“Цементчи” ва “Машъал” жамоаларининг янги мавсум қайси лигада ўйнашлари ва Про-лигада қайси жамоалар қатнашиши ҳақида маълумот берилмади.
Ўзбекистон футбол федерацияси Ишчи гуруҳи аъзоларининг якуний хулосаси асосида Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия Қўмитаси Бюросининг 24 январдаги 4-сонли Қарори қабул қилинди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, эндиликда ЎФФнинг собиқ президенти Умид Аҳмаджонов мазкур қарорни сўнгги иш кунида имзолаган.
Аҳмаджонов бугун ЎФФдаги ваколатини Бош вазир биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон темир йўллари АЖ бошқарув раиси Очилбой Раматовга топшириб, ўзи Миллий олимпия қўмитаси раислигида иш бошлади.
Демак, 2018 йилги мавсумда Суперлигада иштирок этувчи футбол клублари қўйидаги таркибда тасдиқланди:
1. “Локомотив”
2. “Насаф”
3. “Бунёдкор”
4. “Пахтакор”
5. “Навбаҳор”
6. “Бухоро”
7. “Қўқон-1912”
8. “Олмалиқ”
9. “Металлург”
10. “Қизилқум”
11. “Сўғдиёна”
12. “Нефтчи”