...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов мураббийларни кескин танқид қилди


10:44, 29.03.2018 Спорт
 3 910

МОҚ президенти аввалроқ, ҳакамлар маоши ва футбол мухлислари ҳақида гапирганди.

Кеча, 28 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг спортга оид фармон ва қарори ижросини самарали ҳамда сифатли ишлаши учун амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш борасида йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Унда МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов ва бошқалар иштирок этишди. Мазкур йиғилишда фармон юзасидан бошлаб юборилган ишлар, унинг самарали ижросини таъминлаш йўлида кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
 
Бугунги кунда спортнинг кўпгина турларида Ўзбекистон терма жамоалари учун хориждан кучли мутахассисларни жалб қилиш борасида иш бошлаб юборилган. Аҳмаджонов топшириғига кўра спортнинг эшкак эшиш, енгил атлетика, велоспорт, бадиий гимнастика, дзюдо, каратэ, оғир атлетика, қиличбозлик, сузиш, ўқ отиш, таэквондо ҳамда теннис турларида кучли мутахассислар номзоди кўриб чиқилмоқда.



Хабарингиз бор, бу йил спортчилар Жакартадаги Осиё ўйинларида, шунингдек, Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этадилар.
 
Мазкур катта спорт мусобақаларига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида МОҚ ва вазирлик ходимлари иштирокида иккита махсус комиссия ташкил қилинди. Комиссия мазкур спорт мусобақаларида иштирок этадиган спортчиларни мусобақага тайёрлайди.
 
Аниқроқ, айтадиган бўлсак, уларни ўйинлардаги иштирокини ташкилий томонлама таъминлаб беради, ўқув-машғулот йиғинлари ва спортчиларнинг кун тартибини назорат қилади.
 
МОҚ раҳбари Олимпия захиралари коллежлари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини инвентарлар билан таъминлаш жараёни тўғри, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда тақсимланиши лозимлигини қайд этди.


 
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ёш спортчиларнинг ота-оналаридан пул йиғиб олиш ҳолатлари ҳақида ҳам гапирди.
 
“Давлат болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида фаолият олиб бораётган мураббийларнинг маоши учун миллиардлаб пул ажратади. Улар эса маошдан ташқари ёш спортчиларнинг ота-оналаридан ҳам пул оладилар.
 
Ушбу ҳолат ўз навбатида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу борада аниқ тизим ишлаб чиқишимиз керак. Бу бизнинг энг оғриқли нуқталаримиздан биридир.
 
БЎСМлардаги иш тизимини йўлга қўйиб олишимиз шарт. Масалан, бир футбол интернати бор. У ерда футбол майдонининг ҳолатини назорат қилиш учун жавобгар ходим йўқ.
 
Аммо, у ерда маош оладиган 50 нафарга яқин мураббий бор. Биз сонга эмас, сифатга эътибор қаратишимиз лозим. Спорт мактаблари ўртасида ўзаро мусобақаларни кўпайтиришимиз лозим.
 
Улар ўртасида рақобатни кучайтирайлик. Ана шунда ривожланиш бўлади. Пойдеворни мустаҳкам қўйиб олмасак, 2024 йилги Олимпия ўйинларида ҳам ишонч билан иштирок эта олмаслигимиз мумкин.
 
Биз татбиқ этишни истаётган тизимга асосан умумтаълим мактаблари ИБЎСМ ва БЎСМларга, улар эса ўз навбатида Олимпия захира коллежларига иқтидорли спортчиларни тайёрлаб беришлари керак”, - деди Умид Аҳмаджонов.
 
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов аввалроқ ҳакамлар маоши ва футбол мухлислари ҳақида гапирганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!