...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов чемпионларни ғалаба билан табриклади


19:21, 27.01.2018 Спорт
 3 303

Эндиликда Миллий Олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига бугунги ғалаба муносабати билан табрик йўллади.

Ўзбекистон футбол федерациясининг сўнгги президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ёшлар ва Олимпия терма жамоасини тарихий ғалаба билан табриклади.
 
Табрикда шундай дейилган:
 
“Бир неча кун илгари барчамизнинг умидимиз бўлиб Хитойга жўнаб кетган ва энди халқ қаҳрамонлари сифатида ортда қайтаётган футболчиларимиз — биз сизлар билан фахрланамиз!
 
Бир дақиқа бўлсин тиним билмаган мураббийларимиз, катта футболга дадил кириб келган футболчи укаларим ва албатта, делегациямиз сафида Хитойга жўнаб кетган ҳар бир вакилимизга миллионлаб мухлисларимиз номидан ташаккур изҳор қиламан.
 
Сизлар нафақат қитъанинг айни вақтдаги энг кучли жамоаси эканлигингизни кўрсатдингиз, балки бутун Осиёга ким аслида ким эканини ҳам намоён эта олдингиз.
 
Бу билан эса бутун Ўзбекистон халқига байрам кайфияти улашдингиз. Ушбу тарихий ғалабангиз билан Президентимизнинг қувончли табассумларига сабабчи бўлишдек бахтга муяссар бўлдингиз.
 
Сафарга кетишингиз олдидан сиз босиб ўтадиган машаққатли йўл футболга ошно тутинган одамларимиз юзларидаги табассум ва дилларидаги чексиз қувончга сабаб бўлиши, мана шу оний фурсатдаги бахтиёрлик учун эса йиллар давомида меҳнат қилиш арзирли бўлиши ҳақида гаплашгандик. Энди баралла айта оламизки, сиз бу миссияни шараф билан уддалай олдингиз.
 
Сизни сафарга жўнатган ҳар бир ватандошимиз, уйда интиқ кутаётган ота-онангиз, ака-ука-ю опа-сингилларингиз энди барчаларингиз билан ғурурланиб юришади. Сизнинг бу муваффақиятингиз ўзбек футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилади.
 
Айниқса, “қор жанги”дек кўринган финал учрашуви тилларда достон бўладики, биз бу ўйинни йиллар давомида эслаб юрамиз ва ҳар бир ёдга олган лаҳзаларимизда ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.
 
2018 йил Ўзбекистон мамлакати спортида, хусусан футболда катта ўзгаришлар йили бўлади. Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевдек суянчимиз бор экан, биз бундай ғалабаларга биргаликда ҳали кўп эришамиз.
 
Сиздан ўтинчимиз шуки, ўсишда, изланишда ва меҳнат қилишда давом этинг. Зеро, мамлакат миллий терма жамоасини Жаҳон Чемпионатига ҳам айнан ўзингиз олиб чиқасиз ва миллионлаб ўзбекистонликларга азалий орзулари рўёбини тақдим этасиз. Бугунги ғалаба шу йўлдаги дебоча бўлиб тарихга муҳрланади.
 
Тарихий ғалаба, тарихий чемпионлик муборак бўлсин! Омад, зафар ҳамда етакчилик сизни асло тарк этмасин! Баракалла!”
 
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвни ҳам табриклаганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!