...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов: “Ўзбекистонда Шаҳрам Ғиёсовга тенг келадиган рақиб йўқ”


18:03, 01.05.2018 Спорт
 3 496

Рио 2016 Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов бугун Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.

Бугун, 1 май куни Рио 2016 Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.
 
Машҳур боксчи ушбу ташриф давомида МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов қабулида бўлди. Умид Аҳмаджонов учрашувда Шаҳрамни 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида кўрмоқчи эканлиги ҳақида гапирди.
 
“Шаҳрам, сени бекорга океан ортига, узоқ Америкага қўйиб юборганимиз йўқ. Чунки, сен ҳаваскор боксчи қўлга киритиши мумкин бўлган деярли барча совринни юта олдинг. Бугунги кунда ўз вазн тоифангда юртимиздаги энг кучли боксчисан. Мамлакатимизда сенга тенг келадиган рақиб йўқ.
 
Энди АҚШда кучли боксчиларга қарши жангларда маҳорат ошириб, 2020 йилги Токио Олимпиадасида терма жамоа сафида бўлишинг шарт. Сени айнан шу ниятда у ерга қўйиб юборганмиз.
 
Шуни билгинки, Миллий олимпия қўмитаси сени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Жаҳоннинг энг йирик ареналарида зафар қучиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришинг учун барча шароитни яратиб берамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.
 
Шаҳрам Ғиёсов ҳам ушбу эътибордан хурсанд эканлиги ҳақида гапирди.
 
“Менга билдирилаётган ишончни оқлаш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Сизнинг, қолаверса Миллий олимпия қўмитасининг ушбу эътиборидан хурсанд бўлдим. Ўз натижаларим билан Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришда, юртимиз довруғини дунёга танитишда қўлимдан келган барча ишни қиламан”, деди Шаҳрам Ғиёсов.
 
Учрашув якунлангач Шаҳрам Ғиёсов МОҚ биносида эксклюзив интервью берди. Интервьюни тез орада “Qalampir.uz” интернет нашрида ўқинг.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Шаҳрам Ғиёсов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!