...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида чет эл нашрлари нималарни ёзмоқда?


15:11, 25.04.2018 Жамият
 11 742

Чет нашрлари ушбу ташриф борасида ўзларининг мақолаларини эълон қилишган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташриф буюриб, икки кун давомида республикадаги бир нечта тадбирларда иштирок этганини хабар берган эдик.
 
Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон нашрлари, балки чет эл нашрларининг диққат марказида бўлиб, турли мушоҳада ва прогнозларга сабаб бўлди. Чет эл ОАВнинг ушбу жараёнга муносабатларини “Халқ сўзи” нашри тўплаб маълум қилди.
 
Биринчи галда  Буюк Британиянинг нуфузли “Reuters” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Туркманистоннинг улкан табиий ресурсларга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, ўқувчилари эътиборини ушбу давлатларнинг Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури қурилиши лойиҳасида қатнашиш ҳақидаги қарорига қаратади.
 
“Ўзбекистонлик мутахассислар Туркманистонга бориб, ушбу газ қувурини қуришда Ўзбекистоннинг иштироки масалаларини муҳокама қилишлари кутилмоқда”, дейилади “Reuters” эълон қилган мақолада.
 
Ҳиндистоннинг марказий газетаси “The Hindustan Times” ўз материалида газ қувурини қуриш бўйича лойиҳа қиймати 8-10 миллиард долларга баҳоланаётганини билдирган. Мазкур коридор бўйича йилига 33 миллиард кубометргача “зангори олов” Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонга экспорт қилиниши мумкин.
 
Шунингдек, нашр ҳозирги вақтда Ўзбекистон турли мамлакатларга табиий газ экспорт қилаётгани ҳамда газ қувурларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эгалигини ҳам таъкидлаган.

АҚШнинг “Diplomat” журнали Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатида яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди.
 
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон — Туркманистон алоқалари ривожига салмоқли туртки берилди. 2017 йилнинг биринчи чорагида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Томонлар эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш ва ўзаро сармоялар ҳажмини ошириш йўлларини муҳокама қилмоқдалар”, дея ёзилади нашрда.
 
“Президентлар стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли жабҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар. Минтақавий ҳамда халқаро муаммолар бўйича ҳам фикр алмашилди”, дейилади Россиянинг “Мир 24” телеканали орқали кўрсатилган махсус репортажда.
 
Ўз навбатида, “Eurasia Daily” таҳлилий портали экспертларининг фикрича, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бутун дунёга ўзбек-туркман ҳамжиҳатлиги ҳамда дўстлигини намойиш қилиш учун қулай имконият яратди.
 
Хитойнинг “Синьхуа” янгиликлар агентлиги Тошкентда “Ашхобод сайилгоҳи” очилиши тўғрисида репортаж тарқатди.
 
“Унинг очилиш маросимида икки давлат раҳбарлари қатнашдилар. Президентлар боғда яратилган шароитлар билан танишдилар ва яхши қўшничилик алоқаларининг рамзи сифатида кўчат ўтқаздилар”, деб хабар беради хитойлик журналистлар.
 
Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги музокаралар якуни бўйича томонлар 17 та ҳужжат имзолаганини маълум қилди. Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар маҳкамалари 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзолаганини ҳам қайд этди.
Икром Раҳмон

Теглар:Чет эл нашрлари Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар