Шу куни соат 17:00 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида Д.И.Ҳамрабаева Тошкент туманида жойлашган “Қоплонбек” ЙПҲ масканида...
Инсоннинг шаънини, унинг озодлигини “пуллаш”, таъбир жоиз бўлса, “ахлоқсизлик масканининг” қулига айлантириш — кечириб бўлмас гуноҳ!
Ҳозирги кунда бутун дунё ҳамжамияти, хусусан Ўзбекистонда ҳам одам савдоси, қулликка қарши курашиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ўтказилган чора- тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ҳамон осон бойиш ниятида қабиҳликдан тап тортмайдиган кимсалар топилмоқда.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг хабар қилишича, 2017 йил 29 октябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан 1986 йилда туғилган фуқаро Ҳамрабаева Дилдора Исроиловнанинг қинғир ишлари маълум бўлди. У фоҳишалик билан пул топиш мақсадида бўлган бир неча аёлларни Туркия давлатига юбормоқчи бўлган. Олинган маълумотларга таяниб, жиноятчиларни қўлга олиш борасида тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилди.
“Шу куни соат 17:00 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида Д.И.Ҳамрабаева Тошкент вилояти, Тошкент туманида жойлашган “Қоплонбек” ЙПҲ масканида, фуқаролар У.О.Мўминова, Н.К.Мансурова, Л.И.Турсунова ва Р.А.Иброҳимоваларни фоҳиша сифатида ишлатиш мақсадида Қозоғистон Республикаси орқали Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинган”, дейилади ИИББнинг расмий сайтида.
Жиноят учун, албатта жазо муқаррар. Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “б, е” бандлари (одам савдоси, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Жиноятнинг хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда Д.И.Ҳамрабаевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Д. И. Ҳамрабаеванинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчиларнинг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.