...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркиядан келган юк эгалари катта миқдордаги бождан қочган


09:13, 27.05.2017 Жамият
 5 986

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича терговга қадар божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бухоро вилояти “Олот” чегара божхона комплекси ходимлари хорижий фуқаро К.Тахсин бошқарувида Туркиядан республикага кириб келган юк автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда мобил инспекцион-текширув аппарати кўмагида божхона назоратидан ўтказишганида навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош қилишди.
 
Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳридаги “Adamant Mega Trade” фирмаси номига келтирилаётган ушбу контейнерда аслида қиймати салкам 6,5 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 16 тоннадан ортиқ оғирликдаги тўқимачилик маҳсулотлари ва болалар кийим-кечаклари бўлиши лозим эди, дейилади Бухоро вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабарида.


 
Аммо, божхона кўриги давомида контейнердаги товарлар билан йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўртасида кескин тафовут мавжудлиги аниқланди. Содда қилиб айтганда, мазкур товарлар ҳужжатлардагидан кўра ҳаддан ташқари ортиқча миқдорда экани маълум бўлди.
 
Ҳисоб-китобларга кўра, йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган товарларнинг умумий миқдори 868 млн 465 минг сўмни ташкил қилди. Шу тариқа қонунбузарлар давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 105 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан қочишга уринишган.
 
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона постида ҳам шу турдаги яна бир божхона қоидабузарлиги фош қилинди.
 
Мазкур постда республикага кириб келган юк поезди белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, вагонлардан бирига ортилган минерал сувлар божхоначиларнинг диққатини тортди.
 
Грузиядан пойтахтдаги “Best Energy Business” масъулияти чеклаган жамияти номига юборилган мазкур юкларга тегишли ҳужжатларга кўра, ушбу вагондаги 63 тоннадан ортиқ минерал сувлар ярим литрлик идишларга қадоқланган бўлиши лозим эди. Аммо, контейнердаги қиймати салкам 741 млн сўмлик ичимликлар эса бутунлай бошқа сиғимдаги идишларга қадоқланган экан.
 
Божхоначиларнинг кўзини шу тариқа шамғалат қилишга уринган қонунбузарлар бу усуллари билан давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 63 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларидан бўйин товлашган.
 
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича терговга қадар божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бобур Жалолов

Теглар:Божхона Туркия Бухоро контейнер 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар