Анча йиллар аввал Ўзбекистонда Фатҳуллоҳ Гуленга қарашли мактабларнинг 12 таси ёпилган.
Айтиш керакки, шу вақтгача айрим хориж мамлакатларида ҳамон ФЕТО мактаблари фаолият юритади. Туркиянинг Маориф вазирлиги дунёнинг 20 та мамлакатида ҳали ёпилмаган ФЕТО мактабларига қарши турк мактабларини очишни мўлжаллаяпти.
Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Босния ва Эфиопияда бундай мактаблар ёпилиши кечикмоқда.
Покистон бундай мактабларни ёпиш учун ҳаракат ҳам қилмади. Эфиопияда эса ФЕТО мактабларини Германия корхоналари сотиб олди.
Европа мамлакатлари ҳам ФЕТО мактабларини ёпиш учун чоралар кўрмади. Европада 200 га яқин шундай мактаблар ҳамон фаолият юритмоқда. Босниядаги мактабларни АҚШ корхоналари сотиб олди.
ФЕТО мактабларини биринчилардан бўлиб ёпган мамлакат – Ўзбекистон бўлди. Ўзбекистонда шундай мактабларнинг 12 таси ёпилди.
Яқинда “Qalampir.uz” сайти раҳбари Қамариддин Шайхов 15 июль – Туркияда давлат тўнтаришни амалга оширишга бўлган уринишларга бир йил тўлиши муносабати билан журналистлар учун ўтказилган медиа-турда иштирок этган эди. Ўшанда у Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Моҳир Унал билан учрашув вақтида, ана шундай ФЕТО мактабларининг асл моҳияти ва уларнинг мақсадини илк марта Ўзбекистон англаб етганини ва 1999 йилдаёқ турк мактаблари ёпилгани ҳақида гапирди. Ўшанда Унал журналистнинг айтганларини эътиборга олмади. Моҳир Унал Қамариддин Шайховнинг ФЕТО мактабларини ёпган ва улар билан ҳамон ҳамкорлик қилиб келаётган давлатлар билан Туркиянинг келгусидаги алоқалари қандай бўлади, деган саволини ҳам четлаб ўтди. Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Туркия манбалари ФЕТО мактабларини ёпган илк мамлакат Ўзбекистон эканлигини эътироф этиб чиқишди.