Қўшма штатлар ва Туркия қарама-қарши равишда ноиммиграцион виза бериш хизматини тўхтатди.
“...Сўнгги воқеалар туфайли Туркия ҳукумати Туркия дипломатик ваколатхоналари ва ходимларнинг хавфсизлиги борасида АҚШ ҳукуматининг мажбуриятларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўляпти.
Бизнинг элчихона ва консуллигимизга ташриф буюрувчилар сонини камайтириш мақсадида АҚШдаги барча турк элчихоналарда ноиммиграцион визалар бериш хизматини тўхтатдик”, дейилади хабарда.
Бир кун аввал, яъни 8 октябрь куни АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси ҳам Туркиядаги Америка дипломатик ваколатхоналар учун ноиммиграцион визалар беришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди.
“Сўнгги воқеалар туфайли АҚШ ҳукумати Америка дипломатик ваколатхоналари ва ходимларнинг хавфсизлиги борасида Туркия ҳукуматининг мажбуриятларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўляпти.
Бизнинг элчихона ва консуллигимизга ташриф буюрувчилар сонини камайтириш мақсадида Туркиядаги барча элчихоналарда ноиммиграцион визалар бериш хизмати тўхтатилди”, деб ёзилган эди хабарда.
Аслида буларнинг барчаси нима билан бошланган эди?
Ўрганишга ҳаракат қиламиз...
Ўтган чоршанба куни Туркия суди Истанбулдаги АҚШ элчихонаси бош консуллиги ходими Метин Топузни Фатҳуллоҳ Гулен ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилиб, ҳибсга олган эди. Унга қўйилган айбловлар қаторида жосуслик ҳаракати ва турк ҳукуматини ағдаришга интилиш каби ҳолатлар ҳам қайд этилган.
Қўлга олинган шахснинг полиция вакиллари ва собиқ прокурор Зекерия Оз билан муносабатлари борлиги ҳам тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркия армиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари давлат бошқарувини ўз қўлларига олиш учун тўнтариш уюштиришди. Асосий исён Анқара ва Истанбул шаҳарларида кўтарилди.
Туркияда тўнтаришдан сўнг 50 мингдан ортиқ киши қўлга олинди, 140 мингдан ортиқ давлат ишчилари ўз лавозимидан озод этилди. Ҳукумат бу ҳаракатни Фатҳуллоҳ Гулен уюштирган деб хулоса қилди.