Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Европа мамлакатларидан Туркияни ҳурмат қилишни сўради.
Кеча, 2 апрель куни Анқарада ўтган митинг чоғида Эрдўған “54 йилдан буён Евроиттифоқ нима учун Туркияни ўз таркибига қўшишни истамаётганини биласизми? Сабаби оддий: чунки бу иттифоқ христианларники”, дея чиқиш қилди. Президентнинг бундай баёнот беришига сабаб бор эди. 24 март куни Ватиканда Рим Папаси билан бўлган учрашувда ЕИ аъзоларининг барчаси унинг сўзларини “итоаткорлик билан” эшитишган.
16 апрель куни Туркия Конституциясига ўзгартириш киритилади. Шу кундан эътиборан, Туркия парламент бошқарувидан президентлик бошқаруви шаклига ўтади.
Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим ҳам Европа Иттифоқининг Туркияга бўлган муносабатини танқид остига олди. “Туркия ЕИга нисбатан демократ давлат. Диний масалалар биз учун катта муаммо бўлмаган”, дейди Йилдирим.
Бинали Йилдирим Европа мамлакатларидан Туркияни ҳурмат қилишни сўради. Туркия ва ЕИнинг муносабатларига Фатҳуллоҳ Гулен гуруҳи ва Курдистон ишчи партияси билан боғлиқ вазият ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Европа Иттифоқи томон ҳам бу вазиятга ўз муносабатини билдиряпти. Иттифоққа қўшилишнинг энг муҳим шарти бу – инсон ҳуқуқларига амал қилишдир, яъни инсон манфаатларини ҳимоя қилиш. Қуйида келтирилган ҳолатлар ҳозирда Туркиянинг ЕИга қўшилишига тўсқинлик қилмоқда:
1. 1974 йилдаги ҳарбий низо туфайли Туркияга қарашли Кипр Республикаси юзага келган. Бу ҳаракатни БМТ Хавфсизлик Кенгаши маъқулламади. Ўзаро ҳудудларнинг чегараси яшил тўсиқ билан ажратилган. Мазкур муаммо ҳамон ўз ечимини топмаган. Туркия ўз ҳудудини қайтариб олмоқчи эмас. Оролнинг жанубий қисмигина ЕИга киради.
2. Туркия давлат ишларида курд тилидан фойдаланиш тақиқланган. Европа Иттифоқи бир неча марта бу тақиқни олиб ташлашни сўради, аммо Туркия рад этди. Мамлакатнинг курдлар яшайдиган ҳудудида ҳамон кескин вазият сақланиб қолган.
3. 2016 йил июль ойида Туркияда давлат тўнтариши рўй берганидан хабарингиз бор. Тўнтариш оқибатида минглаб кишилар ҳибсда сақланмоқда.
Айтиш керакки, Туркиянинг ЕИга киришига Европарламент қаршилик қиляпти. Парламент 2016 йил июль ойида юз берган давлат тўнтариши устидан суриштирувни якунлашни сўрамоқда. Ўз навбатида, Ражаб Тойип Эрдўған ҳам бу сўровга рад жавобини берди, аммо иммигрантлар учун Европа билан чегарани очиб қўйишга тайёр эканини билдирди.