
Аслида сайёҳга метрода суратга тушиш умуман қизиқмас, қачонки тунашига тузукроқ меҳмонхона топилмаса. Шундай эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 22 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масалага атрофлича эътибор қаратилди.
Меҳмонхоналарнинг асосий қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида экани, туристлар оқими ошган даврда уларда ҳам жой етишмаслиги алоҳида таъкидланди. Меҳмонхоналарни кўпайтириш, шу билан бирга, бу йўналишда хусусий жойлаштириш объектлари ва меҳмон уйлари ташкил этиш, тадбиркорларга ер ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлар ва автомагистрал йўллар бўйида санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, маданий мерос объектларига кириш тизимини такомиллаштириш, турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи барча хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда янги хизмат ва савдолар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни махсус киоскларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган “Duty Free”, “Tax Free” тизимидаги савдо шохобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудлари, “Қадимий Бухоро” ва “Samarkand city” туристик зоналари ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.