Самарқанд шаҳар ҳокимлиги барпо этиладиган адабиёт боғи ва ҳайкалларнинг жойлашув лойиҳасини тақдим қилди.
Ҳозирда Самарқанд шаҳри марказидаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг Амир Темур ва Абдураҳмон Жомий кўчалари атрофида ўрнатилган темир панжара олиб ташланган, айрим аттракционлар боғнинг бошқа ҳудудига кўчирилмоқда ва катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу қурилиш ишлари ва ободонлаштириш жараёнига Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Элмуродов қуйидагича изоҳ берган:
“Бу ерда ўзбек ва форс-тожик адабиётининг буюк намоёндалари Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали ўрнатилиб, атрофи обод этилади.
Ҳайкаллар ўрнатиладиган масканга ушбу жой танлангани сабаби шуки, қурилажак адиблар боғи Абдураҳмон Жомий кўчаси ёнида режалаштирилган ҳамда ушбу боғ-ҳиёбон Алишер Навоий номи билан аталадиган истироҳат боғи ҳудудида барпо этилади.
Қолаверса, яна бир буюк мутафаккир Абу Абдулло Рудакий ҳайкали ўрнатилган майдон ҳам ушбу қурилажак боғга туташтирилади”.
Ниҳоятда қисқа фурсатда амалга оширилиши белгиланган қурилиш лойиҳасига кўра, ҳайкал ўрнатиладиган майдон боғнинг 30-35 сотих ерини эгаллайди.
Ҳайкал атрофида фавворалар, орқа томонида бир неча устунли арка бунёд этилади.
Майдон четида гулхона ва майсазорлар ташкил қилинади. Бир неча хил ноёб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш режалаштирилган.