13 январь куни Москва суд экспертизаси бюроси ҳалокатга учраган Ту-154 самолёти атрофида топилган жасадлар ичида “Адолатли ёрдам” жамғармасининг ижрочи директори Доктор Лизанинг жасади бор эканини тасдиқлаганди
Эртага мен Донецкка учиб кетаяпман. У ердан эса мен каби ўнлаб хайрия ишлари билан шуғулланадиган кўнгиллилар билан Сурияга парвоз қиламан.
Биз у ердан тирик қайтиб келишимизга ҳеч қачон амин бўлмаганмиз. Чунки уруш бу – ер юзидаги дўзаҳдир. Мен нима ҳақида гапираётганимни биламан. Бироқ биз раҳмдиллик, меҳр ва ҳамдардлик ҳар қандай қуролдан ҳам кучли эканини биламиз”.
Сиз ўқиб турган сатрлар 2016 йилнинг 8 декабрь куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин томонидан “Ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги юксак хизматлари учун” давлат мукофоти билан тақдирланган Доктор Лиза томонидан айтилганди.
Бир неча кун аввал, Москва суд экспертизаси бюроси ҳалокатга учраган Ту-154 самолёти атрофида топилган жасадлар ичида “Адолатли ёрдам” жамғармасининг ижрочи директори, Доктор Лизанинг жасади бор эканини тасдиқлагани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 16 январь куни Москвада Доктор Лизанинг дафн маросими бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.
Ту-154 ҳаво кемасида Латакиядаги Тишрин госпиталига гуманитар юк элтаётган “Адолатли ёрдам” жамғармасининг ижрочи директори, Доктор Лиза тахаллуси билан машҳур бўлган Елизавета Глинка билан видолашиш учун Москвадаги Новодевичье монастири Успенский черковига бугун тонгдан марҳуманинг яқинлари, дўстлари, унинг ҳалқ олдидаги беминнат хизматига бефарқ бўлмаган инсонлар йиғилишди.
Видолашув маросимидан сўнг, Елизавета Глинка-Доктор Лиза Новодевичье қабристонига дафн этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 25 декабрида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154 самолёти Сочидан Сурияга парвозга чиққандан сўнг, 20 дақиқа ўтиб радар экранларидан йўқолди. Кейинроқ, лайнер Қора денгиз тубига ғарқ бўлгани, самолёт бортида бўлган 92 кишидан ҳеч ким омон қолмагани маълум бўлди.
Самолёт бортида бўлган 92 нафар йўловчидан фақат 15 нафарининг жасади топилган, улар Москва суд экспертизаси бюросига олиб келинган.