...
МЕНЮ
ONLINE TV

Торожа ва бо элати учун тобутлар — маданий ёдгорлик ҳисобланадими?


13:09, 19.10.2017 Бу қизиқ
 2 361

Энг охирги “осма қабрлар” бундан 400 йил аввал, нисбатан эскироқлари эса минг йил олдинроқ, энг қадимги тобутлар эса бундан 2,5 минг йил аввал ясалган...

Азиз мухлис, аввалроқ ушбу мавзу ҳақида туркум мақолалар эълон қилган эдик. Масалан, шу кеча-кундузда сиз ва биз каби яшаб келаётган, марҳумларни 4 ой давомида уйида “боқадиган” Индонезиянинг Сулавеси оролида яшайдиган торожалар, ўрта асрларда Хитойда яшаган “бо” номли халқ марҳумларни баланд қояларга дафн этиши урф бўлганлиги ҳақида маълумот берган эдик.
 
Энди эса Осиё минтақасининг жануби-шарқида урф бўлган ўзига хос дафн маросимларининг ҳозирги кундаги ҳолати билан қизиқиб кўрамиз...
 
Тобутлар — “маданий ёдгорлик” сифатида
 
Тик қояларга олиб чиқилган бундай тобутлар қўпол, йирик ёғоч туридан тайёрланиб, уларнинг айримлари бизнинг кунларимизгача етиб келган. Уни чиришдан сақлаш учун ишлатилган бўёқнинг сифатли эканлигига олимлар ҳам ҳайратда қолишган.
 
Энг охирги “осма қабрлар” бундан 400 йил аввал Янцзи дарёси ёқасига қўйилган экан. Нисбатан эскироқларининг ёши эса минг йил атрофида. Бо халқи вакилларининг энг қадимги тобути эса бундан 2,5 минг йил аввал ясалган.
 
Бугунга келиб бундай қоядаги тобутлар ўзига хос маданий ёдгорликка айланган. Шунинг учун Хитой ҳукумати уларни бут сақлаб қолиш борасида доим чора-тадбирлар кўриб келади.
 
Жумладан, 1974, 1985 ва 2002 йилларда мазкур “маданий ёдгорликлар” устида реставрация ишлари олиб борилди. Бу ишлар, шунингдек, айни тобутларнинг сонини, яъни йўқотиш, янгиларини эса топиш бўйича ҳисоб-китоб ишларига ҳам ёрдам беради.
 
Маълум бўлишича, охирги бир неча ўн йил давомида 20 та шундай тобут сувга қулаб тушган бўлса, қоялар оралиғида ўсиб ётган буталар орасидан илгари учрамаган 16 та “янги” тобутлар топилган. Шундай қилиб, бугунги кунда Хитойда бо элатига мансуб қоядаги “қабрлар экспонати” 290 тани ташкил этади. Ҳар йили кўпсонли ҳам, маҳаллий, ҳам хорижлик туристлар уларни томоша қилиш учун боришади...
 
Самодаги нарвонлар...
 
Агар сиз бундай ғалати манзара фақат Хитойда бор деб ўйласангиз хато қиласиз. Шу каби қабристонлар бошқа Осиё мамлакатларида ҳам бор.
 
Масалан, Индонезия, Филиппинда ана шундай ғалати қабристонлар бор...
 
Филиппинликлар марҳумни тобутга жойлашдан олдин махсус аралашма билан “дудлашган”. Натижада кафан мўмиёга ўхшаш нарса билан қопланган. Марҳум тобутга жойлангач, уни бир киши сиғадиган ғорга жойлашган ёки қояга осиб қўйишган.
 
Адолат нуқтаи назаридан айтиш жоизки, олимлар ўнлаб “марҳумлар” жойлаштирилган — катта, умумий тобутга ҳам дуч келишган. “Бир кишилик” жойлар олий табақадаги одамларга мўлжалланган. Филиппинликлар бундай қабрларни охирги марта 20 йил аввал қўйишгани маълум.
 
Фақат охирги вақтлардагина филиппинликлар марҳумларни бошқа ҳудудлардаги каби ерга кўма бошладилар. Лекин маҳаллий аҳоли ҳануз марҳумларнинг жасадини қоя, тепаликларга, яъни самога яқин жойга дафн этишни “соғинишади”...
 
Қоялар барча марҳумларга етмайди...
 
Аввалроқ ҳам Индонезиянинг Сулавеси оролида яшайдиган торожалар ҳақида маълумотлар бергандик. Сулавеси ороли — Индонезиядаги ороллар ичида ҳудуди катталиги жиҳатидан учинчиси. Аввал таъкидланганидек, ҳар бир орол аҳолисида дафн маросимлари ўзгачалиги билан ажралиб туради.
 
Кўп асрлар аввал маҳалий аҳоли марҳумларни охирги йўлга кузатишдан аввал улар учун ёғочдан қайиқ ёки бирор ҳайвон шаклида ўйма тобут ясашган ва унинг ичига марҳум ҳаётлик пайтида фойдаланган керакли буюмларни (марҳумнинг шахсий буюмларини) ҳам жойлашган. Сўнг ушбу тобут қоя этагига қўйиб кетилган.
 
Вақт ўтиши билан анъана бошқача тус ола бошлади. Марҳумлар жасади ғорларга ёки махсус қазилган қоядаги “уялар”га қўйиладиган бўлди. Баъзилари эса худди бо элатига ўхшаб тобутларни қояларга “илиб” кетишган.
 
Бу кўпчилик халқлар учун жуда ғалати туюлади, аммо айрим филиппинликларнинг дафн маросимларида қадимги урф-одат унсурлари учраб туради.
 
Торожалик ўлган қариндошларини ҳалигача ўз юртига олиб келиб дафн этишга ҳаракат қилади. Ягона фарқ шундаки, илгари ҳар бир қишлоқ ўз хилхонасига эга бўлган бўлса, ҳозирда бўш қоялар йўқлиги туфайли маҳаллий аҳоли умумий қабристондан фойдаланади.
 
Ҳа, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам ўз талабларига эга. Алоҳида-алоҳида қоя ва ғорлар барча марҳумлар учун етмайди.
 
Дунёнинг ишлари ғалат...
 
Ҳар бир халқ ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари борки, уни билиш, тарихи билан танишиш — фақат умуминсоний муносабатларнинг уйғунлашувига ёрдам беради.
Улуғ БЕК

Теглар:Дафн маросими Осмонўпар тобутлар Торожалар Бо халқи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!