Қўқон шаҳрида яшовчи 21 ва 23 ёшли йигитлар жиноятга алоқадорлиги аниқланиб ушаланди.
Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига “Сунбула” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Captiva русумли автомашина олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига асосланиб, ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Жабрланувчининг таъкидлашича, у машинасида уйига келганида, икки нафар юзини ниқоб билан беркитган номаълум шахслар унинг олдига келишиб, бири қўлидаги пистолетга ўхшаш буюм билан қўрқитиб, машинага чиқиб ўтиришини айтади. Шу пайт жабрланувчининг турмуш ўртоғи уйидан чиқиб, шовқин кўтариб, оила аъзоларини ёрдамга чақиради. Номаълум шахслар эса автомашинани олиб қочадилар.
Машина салонида жабрланувчига тегишли “Iphone-6” русумли телефон аппарати ва 60 минг сўмга яқин пуллари ҳам бўлган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу босқинчилик жиноятини Қўқон шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган Т.А. ва 1996 йилда туғилган М.А.лар томонидан содир этганлиги аниқланиб, гумондорлар тегишли тартибда ҳибсга олинди.
Улардан жиноят содир этишда фойдаланилган ашёвий далиллар олингани ҳамда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.