...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қадимги халқларнинг “осмонўпар қабрлари” ҳақида эшитганмисиз?


19:36, 17.10.2017 Бу қизиқ
 4 267

100–200 метр баландликдаги қояларга икки юз килогача борадиган тобутларни қандай қилиб кўтариб чиқишганига ақл бовар қилмайди?

Ёдингизда бўлса, шу кеча-кундузда сиз ва биз каби яшаб келаётган, марҳумларни 4 ой давомида уйида “боқадиган” Индонезиянинг Сулавеси оролида яшайдиган торожалар ҳақида маълумот берган эдик.
 
Торожалар каби дафн маросимини “ўзгача” урф-одатга кўра ўтказувчи “бо” деб аталган халқлар ҳақида эшитганмисиз? Навбатдаги мавзу шу ҳақда...


 
Баланд тоғлар қояларида осилиб турган ёғоч тобутларни илк бор кўрган ҳар қандай одам сесканиши мумкин. Йўқ, бу фантазия эмас! Ўрта асрларда Хитойда яшаган “бо” номли халқ марҳумларни ана шундай дафн этиши урф бўлган...
 
Бу халқ замонавий Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида яшаган ва ҳозирда уларнинг вакиллари деярли учрамайди, қадимги элат маҳаллий хитой халқи билан “қоришиб” кетган...
 
Баланд тоғ қояларида, ёғоч поналарда осилиб турган тобутлар — ушбу “жумбоқли халқни” эслатувчи ягона “ёдгорлик”.
 
Қадимда “бо” деб номланган хитой элати кўп сонли ва кўп миллатли мамлакатда жуда камчиликни ташкил этган. Шунга қарамай уларнинг ўзига хос маданияти, урф-одат ва анъаналари бўлган. Агар қадимги мин сулоласи билан қирғинбарот урушлар бўлмаганда — бу маданият янада “ривожланган” бўлармиди...
 
Бо қабиласида, бундан тўрт-беш юз йил аввал, Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида ўз яқинларини тепаликлар қиясига, ёғоч тобутга солиб дафн этиш одати пайдо бўлган. Дафн маросимининг яна бир шарти — тобутлар одамлар яшайдиган жойдан кўриниб туриши керак. Улар бундай “мозор”ларни аждодларга омад келтиради, деб ҳисоблашаган.
 
Умуман олганда, бо халқининг ҳаётида бундай ғалати анъанага пайдо бўлишига нима саба бўлган экан?
 
100–200 метр баландликдаги қояларга икки юз килогача борадиган тобутларни қандай қилиб кўтариб чиқишган?
 
Бо қабиласи вакиллари учишни билишган, самода юз берадиган ҳар хил табиат ҳодисалари уларнинг измига бўйсунган, шунинг учун улар ўз яқинларининг жасадларини шундай баландликда дафн этишган, деган ривоятлар ҳам мавжуд. Албатта бу бир афсона...
 
Археолог ва тарихчи олимлар ёнидан дарё оқиб ўтган тепаликлардаги бундай қабрларнинг нисбатан кўплиги топишган. Бо халқи баҳорги сув кўпайишини кутиб, тобутларни сув кўтарилишидан фойдаланиб, қояларга олиб чиққан, деган тахминга ҳам боришди.
 
Бундан ташқари, тик қоя ёриқларига поналар қоқиб, ўзига хос нарвон ясашган ва улардан юқорига кўтарилишган, деган тахмин ҳам бор. Қоялар ёриқларидан топилган поналар ана шундан далолат беради.


 
Яқинда эса Хитой жанубида жойлашган кутубхонадаги қадимги қўлёзмалардан бирида эса шундай тобутларни дорлар ёрдамида олиб чиқишганлиги ҳақидаги қайднома топилди.
 
Тобутларни қояга қандай олиб чиқишган, деган саволга олимлар бир неча тахминларда аранг жавоб беришаётган бўлса, “нима учун” саволи ҳануз жумбоқлигича қолмоқда!
 
Умуман олганда, ўлим ҳодисаси, аниқроғи ўлимдан сўнгги “ҳаёт” фаразлари юзлаб халқларнинг минглаб тахмин-тасаввурида тасвирланади.
 
Яна бир мутахасссиснинг фикрича, агар шундай қилинса, марҳумнинг руҳи осмонга чиқиб, у дунёга етиб олиши осон бўларкан. Яна бир гуруҳ олимлар таъкидлашича, бу хилдаги дафн этишда ҳеч бир диний қарашлар мавжуд эмас, бо халқи душманлар марҳумлар қабрини топтамасликлари учун жасадини тобутга солиб, қояларга осиб қўйишган эмиш.
 
Бу анча ҳақиқатга яқин фараз, чунки ҳозиргача ана шундай қабрларнинг кўпчилиги ҳанузгача “кашф” этилганича йўқ. Негаки, улар жуда баландда...
Улуғ БЕК

Теглар:Дафн маросими Ўрта асрларда Хитой Бо халқи Осмонўпар тобутлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!