...
МЕНЮ
ONLINE TV

Трамп “қурол масаласи”да... Ростдан ҳам ҳали эртами?!


15:35, 06.11.2017 Олам
 3 656

АҚШ Президенти Японияда Техасдаги воқеалардан сўнг кўриладиган “чоралар” ҳақида сўзлади...

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг фикрича, Техасда юз берган отишма мамлакатдаги қурол билан боғлиқ ҳолатни зудлик билан кўриб чиқишга асос бўла олмайди. Бу ҳақда Трамп бугун Токиода бўлиб ўтган Америка–Япония саммити якунига бағишланган матбуот анжуманида эълон қилди.
 
“...Қурол билан боғлиқ бўлган бу ҳолатни, албатта, кўриб чиқамиз, лекин айни вақтда бу ҳақда сўзлашимизга эрта”, деди Трамп Япония бош вазири Синдзо Абэ билан биргаликда иштирок этган матбуот анжуманида.
 
“Ҳайриятки, бошқа яна бир кишида қурол бўлган ва у қарама-қарши тарафга ўқ узган, акс ҳолда вазият янада ёмонроқ тугаган бўлар эди”, дея қўшимча қилди Трамп.
 
Эслатиб ўтамиз, Сазерденд-Спрингсда содир бўлган отишма сабаб қурбонлар сони 27 кишига етган. Улар орасида ёш болалар ҳам мавжуд. Шунингдек, 20 дан ортиқ киши яралангани маълум қилинди.
 
Трампнинг айтишича, ҳужум қилган шахс аввалдан руҳан носоғлом бўлган. “Аммо бу руҳий соғлиқдаги юқори даражадаги муаммо”,деди АҚШ президенти ўз нутқида.
 
Ёдингизда бўлса, бундан аввалги терактдан сўнг Дональд Трамп Green Card масаласини зудлик билан кўриб чиқиш таклифини билдирган эди. Унинг АҚШда бундан аввалроқ содир этилган қўпорувчилик ҳаракатига “кескин”, кечагисига эса “хотиржамроқ” муносабатда бўлиши айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
 
Бу йилнинг ўзида юқорида тилга олинган отишмалар каби қуролли ҳужумлардан юзлаб инсонлар ҳалок бўлди. Аммо Трамп учун мамлакатда “қурол билан боғлиқ ҳолатни” кўриб чиқишга ҳамон эрта туюлаётгани жуда қизиқ... 
Нозимахон Абдураҳимова 

Теглар:Дональд Трамп Теракт Техас 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!