Ўрганишлар жараёнида аҳолидан бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги ҳақида асосли таклифлар келиб тушган.
Орадан кўп ўтмай, Сенат қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди. 15 кун давом этган муҳокамадан сўнг, Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида ушбу қарор сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.
Сенатнинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига кўра тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Республика ишчи гуруҳи ушбу қарор юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиб, кеча, 24 апрель куни Олий Мажлис Сенатида ўтказилган навбатдаги йиғилишда таҳлил натижаларини маълум қилдилар.
Йиғилишда Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ёшлар иттифоқи, Маънавият ва маърифат маркази, Савдо-саноат палатаси каби давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштрок этгани айтилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида аҳолидан бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги ҳақида асосли таклифлар келиб тушган. Туманларда истиқомат қилувчилар ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларига, тўй-ҳашам ва ош бериш маросимларида иштирок этувчилар сонига, тўй маросимларини ўтказиш вақтида келин-куёвни олиб юрадиган енгил автомашиналар миқдорига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билдирган. Жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги, шунингдек пуллик автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига, миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказилишига йўл қўймаслик бўйича талаблар ижро этилишини назорат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда тўйхоналарнинг инфратузилмасини яхшилаш, масалан, автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини барпо этиш, кафе ва ресторанларга яқин ҳудудда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, овоз даражаси учун қоида ва нормалар белгилаш, санитария-гигиена қоидаларига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талабларига, хавфсизликка риоя этиш бўйича аҳолидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.