Бундан бир неча йил аввал турмуш қурган оилаларда ҳам келинлар турмуш ўртоғининг уйига “прописка”га олинмаган бўлса, уларни доимий рўйхатга қўйиш билан шуғулланиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва Ички ишлар ходимларига гарданига юкланади.
“Қайноналар ва келинлар ўртасидаги гап-сўзлар, эрта турмуш, катталарнинг ёшлар ҳаётига аралашуви, маҳалланинг оилалар турмушида ўрни йўқлиги ва уларнинг ҳаёти билан қизиқмаслиги, келинларнинг “прописка”га олиниши юзасидан аниқ нормаларнинг йўллиги ажримларга асосий сабаб бўляпти”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ўз нутқида.
Йиғилишда ажримлар масаласига жиддий ёндашилди. Прокуратура, суд, Ички ишлар, туман ҳокимликлари, маҳалла фуқаролар йиғини, ФҲДЁлар фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Кўзга ташланган қатор камчиликлар инобатга олинган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор қабул қилинишини айтиб, унда барча муаммоларнинг ечими ўз ифодасини топишини маълум қилди.
Йиғилиш сўнггида “Тошкент шаҳрида оила муносабатлари муаммоларини ўрганиш бўйича Ички гуруҳ” ташкил этилди. Ишчи гуруҳ оз фурсат ичида Тошкент шаҳар ҳокимига сўнгги 10 йил ичида ажрашганлар рўйхатини киритади. Ҳоким уй-жойсиз, вояга етмаган фарзандлари билан кўчада қолган аёлларни болалари катта бўлгунга қадар келинлик уйига киритиб қўйишга, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди.
Усмоновнинг фикрича, бу яхши натижа беради. Охир-оқибат айрим оилалар ажрашган келини ва набираларини уй-жой билан таъминлашга мажбур бўлади.
“Айнан ажрашган аёллардан жуда кўплаб мурожаатномалар оламиз. Ажрашганига бир неча йил бўлган, қўлида вояга етмаган болалари бор. Аёл болалари билан кўчада қолган. Улар ўз мурожаатларида уй-жой билан таъминлашимизни сўрашади. Оилалар ажрашиб кетаверади, оталар фарзандларининг тақдирига бефарқ. Оғирлик эса яна давлатнинг гарданига тушяпти. Биз уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берамиз”, дейди ҳоким.
Шу кунгача таҳририятимизга бўлаётган мурожаатларнинг асосий қисми тўйдан сўнг, келинларни куёвнинг уйига доимий рўйхатга қўйилмаслиги ҳақида бўляпти. Бу ҳолат айниқса, Тошкент шаҳрида жуда кўп учрайди. Келинлар бир неча йилгача “прописка”га олинмайди, оила ажрашгудек бўлса, келинлар кўчада қолади. Йиғилишда айни масала кун сайин долзарб бўлиб бораётгани айтилди.
Тошкент шаҳар ҳокими вазиятга холис баҳо берар экан, бундан буён келинларни тўйдан кейин бир ой муддат ичида “прописка”га қўйишни мажбурий этиб белгилашни таклиф қилди ва бу устида иш олиб боришни Ишчи гуруҳ зиммасига юклади. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса бунинг ижросини таъминлаш билан жиддий шуғулланади.
Бундан бир неча йил аввал турмуш қурган оилаларда ҳам келинлар турмуш ўртоғининг уйига “прописка”га олинмаган бўлса, уларни доимий рўйхатга қўйиш билан шуғулланиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва Ички ишлар ходимларига гарданига юкланади. Қаршилик қилган уй эгалари қонунан жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Бу эса 144 тага кам дегани. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган. Қолган 31 маҳалла эса бундай нохуш вазиятда ҳоли.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов энди ажрашган оилалар аъзоларининг исм-фамилияси ва улар ҳақидаги бошқа маълумотлар телевидение ва газета орқали эълон қилинишини маълум қилган эди.